Хонадонларда пилла етиштирувчиларга субсидия ажратилади

565

“Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5178, 08.07.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 2025 йил 1 январгача:

— ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг 1 кг учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчиларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;

—  тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.

Қарорга кўра, қуйидаги ҳудудлар жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилади:

— Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари;

— Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани;

— Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Бойсун туманлари.

Шунингдек, қоракўлчиликни янада ривожлантириш мақсадида 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.

1.Мазкур маблағларнинг 50 миллиард сўми 1-босқич сифатида жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилган туманлардаги тадбиркорлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун кредит ажратишга йўналтирилади.

2-босқичда – 2022 йил 1 апрелга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банклари орқали кредит ажратишга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси деб, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси деб қайта номланди.