Тошкент шаҳрида 5 ва 7-8 июль кунлари 150 йиллик максимал ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди

689

Тошкент шаҳрида 5 ва 7-8 июль кунлари охирги 150 йилликдаги айнан шу кунда қайд этилган энг иссиқ ҳаво ҳарорати рекордлари янгиланди, деб хабар берди «Ўзгидромет»

Тошкент шаҳрида 150 йилдан буён ҳаво ҳарорати қийматлари мунтазам кузатиб келинади. Иқлим ўзгариши натижасида дунёда иқлим исиши тезлашди. Бу куннинг тунги пайтларида ҳам ҳаво ҳароратининг яққол кўтарилиб кетишида намоён бўлмоқда. Тунги ҳароратларнинг кўтарилиши ҳавога кўп миқдорда ис ва бошқа ифлос газларнинг меъёрдан кўп чиқарилишида, яъни иссиқхона эффекти жараёнида вужудга келмоқда. Иссиқхона эффекти иқлим исишини юзага келтириб, сутка давомидаги максимал ва минимал ҳаво ҳарорати қийматлари орасидаги фарқни камайтирмоқда. Бу эса ўз навбатида ўртача суткалик ҳаво ҳарорати қийматини юқорилашига олиб келмоқда.

«Ўзгидромет» 1 июль куни 3-8 июль кунлари Ўзбекистонда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 5-8 даража юқорилаши ҳақида огоҳлантириш хабарини берганди.

Тошкент шаҳрида июль ойи бошларида кузатилган кунлик ҳаво ҳарорати ўтмишда рекорд иссиқ қийматлар қайд этилган айнан ўша кундаги кунлик ўртача ҳароратдан анча кўтарилгани қайд этилди. Кунлик максимум қийматлар билан биргаликда суткалик ўртача ҳаво ҳароратлари ҳам юқориламоқда.

Масалан, 1881 йил 6 июль куни Тошкент шаҳрида айнан шу кун учун мутлақ рекорд қайд этилган (+44,1°С). Лекин, ўшанда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати анча паст қийматда кузатилган (+28,1°С). 2021 йил 6 июль куни суткалик максимал ҳаво ҳарорати рекорд кўрсатгичдан анча паст (+41,5°С) қайд этилган бўлсада, ўртача суткалик ҳаво ҳарорати 1881 йилдаги ўртача суткалик ҳаво ҳарорати қийматидан қарийб 5,5 даражага юқори кузатилган.

Жорий 2021 йилнинг ўтган июнь ойида республика ҳудудларида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 1-3 даража юқори бўлган.