Адабиёт бешигига айланган Ўриклисой

699

Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари 24 йилдан бери деярли узлуксиз ўтказиб келинмоқда. Ўрик­лисойда ташкил этилган навбатдаги тўрт кунлик семинар ўз ниҳоясига етди.

Сўлим табиатнинг сеҳрли қучоғида анжуман иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда назм, наср, адабий танқид, бадиий таржима, болалар адабиёти, бадиий публицистика, драматургия каби йўналишларда таниқли адабиётшунослар, ижодкорлар ва журналистлардан сабоқ олишди.
Назм ихлосмандлари Хосият Рустамова, Сирожиддин Рауф, Салим Ашур каби таниқли шоирлардан шеърият сирларини ўзлаштириб, ўз ижодларига баҳо олишди. Шойим Бўтаев, Исажон Султонов, Нурулло Чориев, Жавлон Жовлиев каби ёзувчилар эса ёшларни насрнинг нафис қирраларидан хабардор этишди. Адабий танқид йўналишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қозоқбой Йўлдошев ва Нурбой Жабборов ёшларга «синчилик» сирларини ўргатишди.
Йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, турли жанрларда ижод намуналари ўқилди. Соҳаларда эришилаётган натижалар, кузатилаётган камчиликлар, сабаблар, оқибатлар ижод нуқтаи назаридан таҳлил қилинди.
Бадиий публицистика йўналишида жанрлар ранг-баранг­лигини таъминлаш, болалар адабиётига оид асарларни кўпайтириш, ижодий ишларда ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, драматурглар сафини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Бу йилги анжуманда рус адабиёти йўналишида ҳам ёшлар ўз билимларини бойитди. Николай Илин ўтказган машғулотларда улар бадиий маҳорат ва ижод сирларига оид зарур маслаҳатлар олди. Ижодий ишлар таҳлил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу нуфузли анжуман давлатимиз томонидан ёш ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодаси сифатида катта тайёргарлик ва ташкилотчилик билан ўтказилди. Шу боис, тадбирнинг якуний қисмида устоз ижодкорлар ва иштирокчилар Зомин семинари адабиётимиз тараққиётида муҳим ўрин тутишини эътироф этишди.
Семинар сўнгида барча иштирокчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг пул мукофотлари топширилди.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
«ISHONCH»