Сансалорлик қачон барҳам топади?

886

Қибрай туманидаги «Янги ўнқўрғон» МФЙ аҳолиси таҳририятимизга йўл масаласида яна мурожаат йўллабди. Ҳолбуки, улар олдин ҳам бу борада бир неча марта ёрдам сўрашганди. Биз шикоят хатларини ўрганиб, газетамизнинг 2018-2019 йилги сонларида «Ўркачли йўлнинг кўринмас уловлари», «Етим йўл» ҳамон «меҳр»дан мосуво. Мутасаддилар ваъдабозлиги қачон тугайди?», «Алдагани матбуот яхши(ми?) ёки мурожаатларга панжа ортидан қараш ҳамон давом этмоқда» сарлавҳали танқидий мақолалар эълон қилган эдик.

Аҳолининг айтишича, шундан сўнг масъул шахслар ғимирлаб қолишган. Ҳудуддаги ­Р.Азизхўжаев кўчасининг 1-1,5 километрида капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Аммо одамларнинг қувончи узоққа чўзилмаган. Негаки, бошланган иш поёнига етмай, ўлда-жўлда қолиб кетган. Шу боис, улар бизга такроран мурожаат қилишган.
– Маҳалламиздаги автомобиль йўли анчадан буён капитал таъмирга муҳтож, – дейди Каттабоғ 6-берк кўчаси, 18-уйда яшовчи Сабоҳат Аъзамова. – Унда на пиёдалар йўлакчаси бор, на ёритиш ускуналари. Марказий йўлда чуқур ва чуқурчалар шу қадар кўпки, транспорт воситасини биридан олиб қочмоқчи бўлган ҳайдовчи иккинчисига тушади. Бундан-да ачинарлиси, «кўпўркачли» йўл касофатидан маҳалладошларимиз хусусий автомобилларини тез-тез таъмирлатишга мажбур бўлишмоқда. Айнан шунга кўра вилоят автомобиль йўллари бош бошқармасига мурожаат қилдик. Жавобни ўқиб, йиғлашимизни ҳам, кулишимизни ҳам билмай қолдик. Нима эмиш, бу йўл жорий йилнинг учинчи ва тўртинчи чорагида Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган қўшимча лимит маблағлари доирасида босқичма-босқич таъмирланар экан. Ўз-ўзидан савол туғилади: тўртинчи чоракда асфальт ётқизиб бўлармикан? Очиғи, беш йилдан буён олди-қочди жавобларни олавериб, эшитавериб чарчадик. Мутасаддилар қачонгача қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришади? Ҳамма нарсанинг ҳам чеки-чегараси бор-ку, ахир!
Бизнинг назаримизда, сўнгги пайтларда бунақа ҳолатлар бошқа шаҳар-қишлоқларда ҳам авж олаётгандек. Чунки кўп жойларда йўлларни қуриш ёки таъмирлаш ишларининг чала қолиб кетаётганини кўряпмиз.
Хўш, бу нимадан далолат? ­Маблағ йўқ десак, бугун айнан шу йўналишга бюджетдан катта миқдорда пул ажратилмоқда. Ҳатто юқори минбарлардан туриб ички йўллар ва кўчалар ободлигини таъминлаш зарурлигини бот-бот уқтирилмоқда. Аммо баъзи раҳбарлар муаммоларга негадир ҳамон панжа орасидан қарашаётир. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига, уларнинг келажакка ишончи сустлашишига сабаб бўлаётир.
Дарвоқе, халқимиз «Бўлмаганга бўлишма», деган гапни бежиз айт­маган. Унинг мазмун-моҳиятини бугунги кунда янгиўнқўрғонликлар ҳам жуда яхши ҳис этишмоқда. Сабаби – орадан неча йиллар ўтса-да, мутасаддилар уларнинг биргина муаммосини ҳал этишни пайсалга солиб келишмоқда. Жабрини эса оддий одамлар тортмоқда.
Энди холисона айтинг-чи, халқ дардига бундай эътиборсизлик токайгача давом этади? Сансалорликка қачон қатъий чек қўйилади?
Биз масъуллардан ушбу саволларимизга аниқ жавоб ва муаммога қатъий ечим кутиб қоламиз.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«ISHONCH»