Габриэль Гарсия Маркес: Хемингуэй яхши романнавис эмас…

1981

Нобель мукофоти совриндори, буюк адиб Габриэль Гарсия Маркес турли суҳбат ва интервьюларида адабиёт ҳамда ёзувчилар ҳақида ўз фикрларини билдирган. Жумладан, Эрнест Хемингуэй хусусида ҳам ўзига хос хулосаларини айтган. Қуйида унинг мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

* * *

Ўйлашимча, Хемингуэй яхши романнавис эмас, аммо у ажойиб ҳикоя­лар ёзган. Унинг романлари қурилишини яхши деб бўлмайди. Аксинча, исталган ҳикояси – ушбу жанр қандай бўлишини аъло даражада кўрсатиб қўйган. Биласизми, Хемингуэйнинг нимаси менга кўпроқ ёқади – романлари эмас, ҳатто ҳикоялари ҳам эмас, кўпроқ берган маслаҳатлари, ёзувчилик борасида билдирган очиқ фикрларини ёқтираман.

* * *

Хемингуэй услуб ва адабий сиёсат ҳақида ўргатмайди, адабий техника ва методни тушунтиради. У берган тавсиялар яхши. Улардан бири, айсбергга алоқадор – ташқаридан жуда жўн кўринган ҳикоя бўлиб, аслида унинг ичида катта миқдорда ўрганилган материал жамланган. Айсберг­нинг биз кўриб турган қисми ҳайбатли бўлса-да, у бутун массанинг саккиздан бирини ташкил қилади, саккиздан еттиси эса сув остига яширинган. Биринчидан, бу чиндан ҳам шундай, иккинчидан, ёш ёзувчилар бундан кенг маъноли хулоса олиши керак. Чунки адабиётни ўрганмай туриб, яхши асарлар битиб бўлмайди (даҳолар бундан мустасно).

* * *

Хемингуэйнинг муҳим маслаҳатларидан бири кундалик ижодий меҳнатга алоқадор: «Энг қийини – ёзишни бошлаб олиш…»
Менимча, оқ қоғоз қаршисида туриш клаустрафобиядан кейинги энг даҳшатли нарса бўлса керак. Мен учун ёзилмаган қоғоз олдида туриш нақ клаустрофобиянинг ўзи. Бу ташвишдан мен Хемингуэйнинг маслаҳатини ўқиганимдан сўнг қутулганман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бугунги ишни ортга сурмаслик керак, йўқса захира кучи йўқолади, бугун қилишинг керак бўлган ишни якунлаш зарур. Эртангисини ҳам бироз давом эттириб қўйиш зарар қилмайди. Шундай қилиб, эртасига келган еридан давом эттириб кетаверасиз, шунда кутилаётган оғир босим ва ташвиш арийди, иш енгил кўчади. Хемингуэйнинг бу тавсияси шундай хулоса берадики, эҳтимол, у буюк ёзувчи эмасдир, лекин уни енгил адиб деб атайдиганлар учун аслида у тош босадиган ёзувчи эканини исботлайди.

* * *

Хемингуэйнинг соддалиги – фавқулодда яратиқдир! Мени Хемингуэйнинг ишлаш методи, унинг яратувчанлиги қизиқтирган.

* * *

Хемингуэй адабиётда ўзининг қатъийлик принципларини назарда тутади ва ўрнатади. У – адабиётда қатъият руҳонийси.

* * *

Бир сафар «Буз­рукнинг кузи» асаримни қандай давом эттиришни билмай турганимда, қўлимга Хемингуэйнинг «Африкадаги ов» китоби тушиб қолди. Уни сотиб олдим, сўзбошини ўқидим. Лекин у унчалик қизиқмасдек туюлди, бироқ ов ҳақидаги асарга ўтишим билан унинг ичига кириб кетдим. Айниқса, филлар ҳақидаги ҳикоялар ажойиб эди. Шундай қилиб, филларнинг одатларини ўрганар эканман, қаерда хато қилганимни тушундим ва қандай ёзишим кераклигини билиб олдим. Бошқача айтганда, мен кутилмаганда қаҳрамонимнинг характерига калит топгандек бўлдим…

Нодира ИБРОҲИМОВА
таржимаси