Кези келганда тупроқ, кези келганда тўқмоқ

897

ёхуд бола тарбиясида гиперғамхўрликнинг зарарлари

Дунё руҳшунослари замонавий «касаллик» – гиперғамхўрликнинг асоратлари ҳақида бонг урмоқда. Ҳақиқатан ҳам, шундай ота-­оналар борки, улар фарзандларига ҳеч бир ишни ишониб топширмайди, буюрмайди. Баъзан жигаргўшаларини шунчалар авайлаб, папалайдики, натижада… Ҳаётда кимгадир тобеликка мойил, меҳнатга лаёқатсиз болалар сони йилдан-йилга ортиб боряпти.
Гиперғамхўрлик, бу – даврнинг ўзига хослигими ёхуд ота-онанинг бола тарбиясига нотўғри ёндашуви?
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўлими раҳбари, руҳшунос ­Шоира ИСОҚОВА билан суҳбатимиз шу мавзуда кечди.

– Шоира опа, аввало, муаммонинг илдизлари ҳақида гаплашсак…

– Бугунги давр ота-оналари аввалгилардан анча куюнчак, ўта масъулиятли. Бунга бир мисол келтираман: мутахассисларнинг ўрганиш­ларига кўра, 1971 йил Буюк Британияда 8 яшар болаларнинг 10 тадан 8 нафари ўзи мактабга бориб келган бўлса, 2001 йилга келиб, ўнтадан фақат битта бола ­мактабга мустақил қатнаган. Энди реал ҳаётда ўзимиз кўрган-билган, болалик, ўсмирлик йиллари билан боғлиқ хотираларни эслайдик. Ҳа, ҳозир 10-14 яшар бола бундан ярим аср, ҳатто 20-30 йил олдинги давр ўспиринлари босиб ўтган йўллардан ўтишини, улар бажарган ишларни уддалашини тасаввур қилиш қийин. Аслида, темир ловуллаган оловда тобланади. Кекса авлоднинг аксарияти ана шу «оловли» синовлардан ўтган. Уларни ота-оналари (меҳрсизлиги ёки ёмон кўрганидан эмас, узоқни кўзлаб) папаламаган.

– Боланинг мустақиллигини чеклаш қандай оқибатларга сабаб бўлиши мумкин?

– Яна бир мисол айтаман сизга: қабулимга келган бир она «…болам кўчага чиқмайди, чиқсаям, ўзига ўртоқ тополмайди, дарров уйга қайтиб келаверади. 10 яшар болани доим ўйнатиб юролмайман-ку!», деб арз қилди. Суҳбат давомида билдимки, аёл 10 йил давомида боласини фақат ўзи ўйнатган, тенгқурлари ўрнига доим ўзини таклиф қилган. Демак, бола ихтиёрий эмас, ота-онасининг ортиқча назоратига кўникиб кетгани учун ­мустақилликдан қўрқади.
Ота-оналар бир нарсани тушунишлари лозим. Яъни болага фойдали тажриба керак. Бола ўзига ишониши, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга очиқ кўз билан қараши учун аввал улар билан озми-кўпми юзма-юз бўлиши, тўқнаш келиши керак. Боланинг ҳар қадамини ўлчаш, уни огоҳликка чақиравериш унинг фикрлаш ва ишлаш қобилиятига путур етказади. Бундай вазиятда бола камқувват, худбин, қўрқоқ, лоқайд бўлиб, нима исташини ўзи билмай ўсади. Иқтидорини сезмайди, ўзини синаб кўришни ҳам истамайди. Аслида чақалоқ туғилган куниданоқ ўз ҳаёт йўлига эга бўлишга интилади. Ҳақиқат шуки, болани ўта зарур пайтларда етаклаш, кузатиш керак, холос.

– Баъзи ота-оналар «Болам зерикиб қолмасин, фойдали…», деб фарзандини 3-4 хил машғулотга беради. Бу қанчалик тўғри?

– Аслида зерикиш ҳам боланинг ривожланиши учун руҳий заруратдир. Агар болангизнинг ҳар бир дақиқасини режалаштириб, ташкиллаштириб бораверсангиз, у бўш қолганда нима қилишини билмай, қийин аҳволга тушади ва ўзи билмаган ҳолда ножўя ишларга ҳам қўл уриши мумкин.

– Ҳар бир инсон фарзандининг, итоаткор ва меҳрибон бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун кўпроқ меҳр бериш лозим деб ҳисоблайди. Шу сабаб у билан вақтини кўпроқ ўтказишга ҳаракат қилади. Бу ҳолат бола тарбиясида ва унинг келажагида қандай ўрин тутиши мумкин?

– Шу ўринда бир ривоят ёдимга тушди: бир киши кўпчиликнинг олдида «Бу фақат менинг айтганларимни қилади», деб ўғлини ура бошлабди. Одамлар «Тавба, боласининг итоаткорлигидан хурсанд бўлиш ўрнига уни нега уради?», деб ҳайрон бўлишибди. Шунда бир қиз: «Ота, тўғри қиласиз. Ўзи фикрламай, бирор ишга ташаббус қилмай, сиз нима десангиз шуни бажарадиган бўлса, бундай ўғилни уринг», дебди. Бу гапдан ҳалиги кишининг кўзлари чақнаб кетибди ва ўша қизни келинликка сўрабди…

– Топиб айтилган ривоят экан. Бола тарбиясида кези келганда тупроқ, кези келганда эса тўқмоқ бўлишни ҳам билиш керак экан. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Гулгун УСМОНОВА
суҳбатлашди