Ватанпарварлик мукофот миқдорига боғлиқми?

1012

Халқаро нуфузли мусобақаларда Ватан номини улуғлаш юртини чин юракдан севадиган спортчи учун ҳар қандай моддий манфаатдорликдан устун, албатта. Лекин шундай бўлса-да, ўша ватанпарварлик қанчага баҳоланиши кўпчиликни қизиқтириши табиий. Зеро, спортчиларнинг нуфузли мусобақада минг машаққат билан эришган ютуғини муносиб тақдирлаш азал-азалдан таомилга, анъанага айланган.

Ҳа, жаҳондаги жуда кўплаб давлатларда олимпия ўйинлари ва бош­­қа халқаро мусобақаларда зафар қучган спортчилар тақдирланиб, уларга муайян имтиёзлар берилади. Чунки улар ватанни улуғлашда, шарафлашда минг­лаб-миллионлаб ёшларга ўрнак бўлишади, ахир!
Давлатимиз раҳбарининг «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори нафақат спортчилар, мураббийлар ва мутахассисларнинг рағбати, балки ўзбек спортининг янада равнақи учун ҳам муҳим омил бўлишига шубҳа йўқ, дейиш мумкин.

(Мукофотлар АҚШ доллари ҳисобида)


Ушбу ҳужжатда Олимпия ва паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши қайд этилган. Яъни Токио олимпия ­ўйинларида олтин медаль учун – 200 000 АҚШ доллари, кумуш медаль учун – 100 000 АҚШ доллари, бронза медали учун ­50 000 АҚШ доллари берилади. Айтиш жоизки, мазкур бандда назарда тутилган харажатлар Давлат бюджети ­маблағлари ҳисобидан қопланади.
Энди узоқ ва яқин хорижий мамлакатларда Токио-2020 олимпия ўйинларида олтин, кумуш ва бронза медаллари учун бериладиган давлат мукофотлари тақсимотига эътиборингизни қаратмоқчимиз (Жадвал).
Таъкидлаш жоизки, қайсидир давлатларда Олимпия ўйинларидаги ютуқ учун анчайин кўп, қайсиларида эса кам миқдорда мукофот пули ажратилади. Яна қаерлардадир бундай «бошоғриқлар»га умуман эътибор берилмайди.
Шу ўринда бир мулоҳаза: дунёдаги айрим давлатларда халқаро мусобақаларда эришилган ютуқ учун спортчига мукофот бериш тугул, унга ҳатто раҳмат ҳам дейилмайди. Бу ҳолат, яъни ютуқ спортчининг ватанпарварлик бурчи, миллати ва юрти учун оддий эҳтироми, ватанга фидойилик сифатида қабул қилинади. Масалан, Буюк Британия, Швеция, Хорватия каби мамлакатларнинг спортчилари жаҳон чемпионати ва олимпия ­ўйинларидаги ғалабаси учун давлат ғазнасидан тақдирланмайди. Спортчиларнинг ютуғи куч-қудрат тимсоли, кучлилик намойиши, ватанпарварлик тантанаси сифатида эътироф этилади.
Дунёдаги кўпгина давлатларда спортга муносабат бошқача. Инчунин, бизда ҳам. Айтиш мумкинки, давлатимиз спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги, айниқса, олимпия ўйинларидаги иштироки ва ғалабасини умумхалқ муваффақияти сифатида эътироф этмоқда.
Бундай ёндашув эса халқимизнинг соғлом турмуш тарзи «зинапояси»дан қадам-бақадам кўтарилиши, жамиятда саломатлик пойдеворини мустаҳкамлаб, яқин келажакда саломатлик шоҳсупасига чиқишига хизмат қилади.

Тўлқин РЎЗИЕВ,
журналист