Келаверади, кетаверади…

603

АММО ВАЪДАЛАР ҚАЧОН БАЖАРИЛАДИ?

Хўжақишлоқ Данғара тумани марказидан 20 километр узоқликда жойлашган. У 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Шундай бўлса-да, ижобий ечимини топмаган муаммолари талайгина. Айниқса, тоза ичимлик суви билан боғлиқ масала одамларни узлуксиз қийнаб келмоқда.

Тўғри, дастур доирасида қиш­лоққа 4 километр узунликда ичимлик суви тармоғи тортилган. Лекин ундан сутка давомида атиги бир соатгина оби-ҳаёт оқади. Шу боис, маҳаллий аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган бебаҳо неъматни қўшни қишлоқлардан ташиб келтиришга мажбур.
– Қишлоғимиз «Обод қишлоқ» дастуридан ўрин олганини эшитиб, роса қувонгандик, – дейди Рисолатхон Камолова. – Чунки эски сим­ёғочлар янгиланади, лой кўчалар асфальтланади, ичимлик суви муаммоси барҳам топади, деб ўйлагандик. Афсуски, ўйлаганимизнинг бирортаси ҳам амалга ошмади. Шунинг учун ҳам жорий йилнинг март ойида Данғара тумани ҳокими қабулига кириб, дардимизни айтдик. Раҳбар тегишли ташкилотлар вакилларига муаммони ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан топшириқлар берди. Кўп ўтмай, масъуллар қишлоғимизга келиб, ҳақиқий аҳвол билан танишдилар. Аммо амалда заррача ўзгариш бўлмади, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетди.
Баъзи кишиларнинг қўшимча қилишларича, ўшанда масъуллар «Кўчаларингизга шағал ётқизсангизлар, асфальтлаб берамиз», дейишган экан. Бу гапга ишонган маҳалла аҳли пул йиғиб, кўчаларга шағал тўкишган, лекин асфальтдан ҳали-ҳануз дарак йўқ.
– Кўчамиз бўйлаб ўтган қувурдан сутка давомида 23 соат сув келмайди, – дейди Муқаддам Мавлонова. – Оқибатда уни 1,5-2 чақирим наридаги бошқа қишлоқлардан ташиб келяпмиз. Бунинг учун ортиқча вақт, куч ва маблағ сарфлаймиз. Билмадик, оворагарчиликлар токайгача давом этади?
– Сув муаммосини ижобий ҳал этишда ёрдам сўраб, туман мутасаддиларига кўп мурожаат қилганмиз, – дейди маҳалла фаоли Шерали Аноров. – Лекин бу масалада ҳеч ким бизга ёрдам бермаяпти. Масъуллар аҳволни кўра-била туриб, пинак бузишмаяпти. Биз эса ҳар томонлама зарар кўряпмиз. Масалан, мен машинаси бор ҳайдовчиларга 50 минг сўм пул бериб, сув келтираман. У бир ҳафтага етади. Демак, мен ҳар ойда сув учун 200 минг сўм сарфлайман. Хўш, «катталар» бизни қийнаётган муаммоларга қачонгача панжа орасидан қарашади. Ёки улар халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклигини унутиб қўйишганми?..
Хўжақишлоқликларни кўчалардаги айрим симёғочларнинг таг қисми чириб кетгани, уларга тортилган симлар эса хавфсизлик қоидаларига мутлақо жавоб бермаслиги ҳам қаттиқ хавотирга солмоқда.
Биз туман ҳокимлиги мутасаддиларидан Хўжақишлоқда 2018 йили «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот сўраганимизда қўлимизга бир ҳужжатни тутқазишди. Унда дас­тур доирасида ҳудуддаги 4 та трансформатор пункти ҳамда 6,16 километрлик ҳаво электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирлангани, натижада ҳудудда яшовчи жами 230 та хонадонда электр таъминоти сифати қониқарли даражага кўтарилгани таъкидланганди. Аммо қишлоқ аҳли буни инкор этди.
– Электр токи қуввати пастлигидан тефалга сув қўйсангиз, 1 соатда зўрға қайнайди, – деди Рисолатхон Камолова. – Устига-устак, шамол эса бошласа, симёғочлар синиб кетмасмикан ёки сим узилиб тушмасмикан, деб юрак ҳовучлаб ўтирамиз.
– Сал шамол турса, симлар бир-бирига урилиб, қисқа туташув рўй беради, – дея гапни илиб кетди Обиджон Мирзааҳмедов. – Ҳолбуки, бу хусусда тегишли ташкилотларга иссиғида шикоят қилганмиз. Бултур туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари келиб, устунларни янгилашга сўз беришди Аммо орадан бир йил ўтса ҳамки ваъда ижобатини топ­мади.
Бундай норозиликларни эшитгач, беихтиёр ўйлаб қоласиз: Хўжақишлоқ уч йил бурун ростданам «Обод қишлоқ» дастурига киритилган эдими? Агар киритилган бўлса, шу пайтгача бу ҳудудда қандай ишлар амалга оширилди ва улар қандай натижалар берди?
Ўйлаймизки, туман мутасаддилари мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиб, аҳолини тинимсиз ташвишлантириб келаётган муаммоларга амалий ечим топиш чораларини кўришади. Чунки одамлар, Президентимиз алоҳида уқтирганидек, эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайдилар.
Бинобарин, биз ҳам Хўжақиш­лоқда ўзгаришлар бўлишидан умид­вормиз.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»