Кастинг – Мақсад  истеъдодли ёшларни кашф этиш.. 

817

Бу йил  Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Айни кунларда байрамга жиддий тайёргарлик ишлари бошланиб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ҳам мазкур тарихий санани кенг нишонлаш ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан ўз истеъдоди, овози ва ижодий интилувчанлиги орқали келажакда санъаткор бўлишга қатъий аҳд қилган, бу борада мақсади аниқ бўлган ёшларни кашф этиш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мазкур режа асосида “Туркистон” санъат саройида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда яшаб ижод қилаётган ёш истеъдодларни саралаб олиш учун катта кастинг ташкил этилганди. Ушбу кастингда номзодларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Азим Муллахонов, Абдулла Шомағрупов, Женисбек Пиязов, шоир Ботир Эргашев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шуҳрат Воҳидов ҳамда бастакор ва режиссёрлардан иборат ижодий гуруҳ  аъзолари баҳолаб бордилар.

Бугун Ўзбекистон давлат консерваториясида мазкур кастингнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Унда биринчи босқичда сараланган ёшлар ҳамда бугунги кунда санъат ва маданият йўналишида таҳсил олаётган  40 нафардан зиёд истеъдод эгалари иштирок этишди. Ёш ижрочилар миллий мумтоз, эстрада, опера, фольклор ҳамда анъанавий ижро йўналишларида ашула ва қўшиқлар ижро этишиб, санъат соҳасидаги мутахассислардан иборат ижодий гуруҳ аъзоларининг кўригидан ўтдилар.

Ушбу кастингда Қорақалпоғистон Ресбуликасидан 3 нафар, Андижон вилоятидан 8 нафар, Бухоро вилоятидан 4 нафар, Жиззах вилоятидан 3 нафар, Қашқадарё вилоятидан 2 нафар, Навоий вилоятидан 2 нафар, Наманган вилоятидан 5 нафар, Самарқанд вилоятидан 2 нафар, Сирдарё вилоятидан 1 нафар, Сурхондарё вилоятидан 1 нафар, Фарғона вилоятидан 4 нафар, Хоразм вилоятидан 2 нафар, Тошкент шаҳри ва вилоятидан 4 нафар иштирокчиларнинг қўшиқлари тингланди. Тинглаш жараёнида мутахассислар томонидан ёш ижрочиларнинг ижро маҳоратига, овоз имкониятига, шеър танлашдаги баъзи камчиликларига, саҳнада ўзини тутиши, талаффузи каби масалаларга эътибор қаратилиб, камчиликларни тўғирлаш учун фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кастингни ўтказишдан мақсад, унда иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган ёш ижрочиларнинг имкониятларини тўлақонли юзага чиқариш учун соҳанинг маҳоратли вакиллари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади ва босқичма-босқич равишда уларнинг ижоди халқимизга тақдим этиб борилади.