ССВ: Қайта чақириқлар «Тез ёрдам» бригадаларининг манзилга кечикиб боришига сабаб бўлади

969

Сўнгги вақтларда аҳоли орасида “COVID-19» инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортаётгани сабабли Тошкент шаҳар «103» тез тиббий хизматига келиб тушаётган кунлик чақириқлар сони ҳам ошиб бормоқда.

Хўш, шаҳар «Тез ёрдам» хизмати ушбу мурожаатларга ўз вақтида жавоб бера оляптими? Тизимда иш самарадорлигини ошириш, беморларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВга мурожаат қилди.

— Сир эмас, шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазият мураккаб бўлиб турибди, — дейди Д. Бўрибаев — Афсуски, мамлакатимиз, хусусан, Тошкент шаҳри аҳолиси орасида “COVID-19» инфекциясига гумон қилинган, пневмония ва коронавирус касаллиги тасдиқланган ҳамда бошқа юқумли хасталиклар билан касалланган фуқаролар томонидан «103» хизматига бўлаётган чақириқлар сони ҳам ортмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, айни пайтда шаҳар «Тез ёрдам» хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 5000-5100 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Жумладан, сўнгги беш кун ичида (8 июлдан-12 июлгача) 26 минг 421 та чақириқ келиб тушган бўлса, шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирусга гумон қилинган ёки ташхиси қўйилган ва бошқа юқумли касалликлар билан икки минг уч юз қирқ нафарга яқин беморга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.

— Бугунги пандемия даврида аҳолининг «Тез ёрдам»га бўлган юқори эҳтиёжини қондириш мақсадида тизимда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Аҳолининг «103» хизматига мурожаатлари сони ошиб бораётганлиги сабабли шу кунларда шаҳар «Тез ёрдам» хизмати автопаркига 65 та янги автотранспорт воситаси олиб келинди ҳамда тиббиёт ходимларидан иборат қўшимча бригадалар ташкил этилди.

Шунингдек, чақириқларга ўз вақтида жавоб бериш, уларни тез тиббий ёрдам бригадаларига тезкор равишда узатиш ҳамда тармоқда бирон бир бандлик ҳолатлари кузатилмаслиги учун Тошкент шаҳар «103» хизмати CALL-маркази операторлари сони қўшимча 40 нафарга оширилиб, жами 80 нафарга етказилди. Бу эса ўз навбатида тизимда иш сифатини янада яхшилаш имконини бераётир.

— Баъзида аҳоли томонидан бир нафар бемор учун «Тез ёрдам» хизматига қайта-қайта мурожаат қилиш кузатилади. Айтинг-чи, бу ҳолат тизим фаолиятига қанчалик таъсир этади?

— Дарҳақиқат, кейинги вақтларда бир манзилга бир нечта жойдан қайта-қайта чақириқлар келиб тушмоқда. Яъни, битта беморга оила аъзолари, дўстлари, шунингдек, қўшнилари томонидан ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда. Айтиш лозимки, бу каби ҳолатлар пандемия даврида шундоқ ҳам тиғиз тартибда фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам хизмати ишини янада қийинлаштириб, «103» бригадаларига юкламалар ортишига сабаб бўлаётир.

Қолаверса, қайта чақириқлар туфайли битта манзилга бир вақтнинг ўзида иккита, учта, ҳатто, тўрттагача «Тез ёрдам» автомашинасининг бориб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айтиш лозимки, бугунги кунда «103» хизмати тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув тизимига эга бўлиб, аҳолидан келиб тушаётган ҳар бир чақириқ тизим базасига киритилади. Яъни, «Тез ёрдам» чақириш учун бир марта мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Қайта чақириқларга эса ҳожат йўқ.

Шу боис, фуқароларимиздан бироз сабрли бўлишларини, шошқалоқлик билан қилинган нотўғри ҳаракат бошқа бир бемор ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигини ёдда тутишларини истар эдим.