Чорраҳадаги муаммолар ёхуд йўл белгиларини ўзгартириш унга ечим бўла оладими?

1717

Далил: Ҳар йили дунё бўйича 1 миллион 250 мингдан кўпроқ киши автоҳалокат сабабли ҳаётдан кўз юмади. 20-40 миллион киши турли даражадаги ногиронга айланади. Ҳаётдан кўз юмган ва тан жароҳати олганлар ўртача 15-45 ёшни ташкил этиши одамни чуқур ўйлашга мажбур қилади. Оқибати ўлим билан тугайдиган автоҳалокатлар ҳар 100 минг кишига дунё бўйича 9,3-26,6 кишини ташкил этади. Кўнгилларни вайрон қилувчи бундай оқибатлар туфайли инсониятга беҳисоб маънавий ва моддий зарар етказилмоқда.

Вазият: Дунё йўлларида автомобиллар пайдо бўлгандан бери чорраҳалардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар хил йўл белгилари таклиф қилина бошланган. Булар: «Йўл бер», «Асосий йўл», «Асосий йўлнинг йўналиши» белгилари, светофор ва бошқалар.
Муаммо: Вақт ўтиши билан ҳар бир нарса эскиради, шу жумладан, йўл белгилари ва қоидалари ҳам. Чунончи, «Асосий йўл», «Асосий йўлнинг йўналиши», «Йўл бер» белгилари ва амалдаги светофор ҳам ўз вазифаларини бажариб бўлган кўринади.
Жумладан, «Йўл бер» белгиси учбурчак шаклида бўлиб, асоси қизил ранг­­га бўялган. Учбурчакнинг ўрта қисмига қора стрелкалар билан йўлнинг йўналиши тасвирланган. Бу белгида қуйидаги камчиликлар мавжуд:
– асосий йўлдаги автотранспорт воситаларига қанча вақт давомида йўл бериш кераклиги аниқ эмас;
– иккинчи даражадаги автотранспорт воситаларига қачон йўл бўшатилиши ва улар қачон ҳаракатни давом эттириши мумкинлиги ҳақида маълумот беролмайди;
– бу белги одатда йўлнинг ўнг томонида ўрнатилади. Бундай жойлашиш эса кўп қаторли йўлларда унинг баланд юк автотранспортлар, автобуслар ва баъзан дарахтлар билан тўсилиб, йўл ҳаракати қатнашчиларига кўринмай қолишига олиб келади.
– Йўлларда автотранспорт воситалари кўпайган ҳозирги вақтда бу белги ўз вазифасини бажариб бўлмадимикан? Чунки бу белгига риоя қилиш оқибатида чорраҳаларда кўплаб авариялар содир бўлмоқдa.
– бундан ташқари, бу белги нафақат иккинчи даражали йўлда, балки асосий йўлда ҳам катта тиқилинчлар келиб чиқиши учун шароит яратилишига олиб келиб, катта миқдорда иқтисодий ҳамда экологик зиён келтирмоқда.
«Асосий йўл йўналиши» белгиси эса тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, асоси оч сариқ рангга бўялган ва тўртбурчакнинг ўртасида асосий йўлнинг йўналиши қалин қора ранг билан, иккинчи даражали йўлнинг йўналиши ингичка қора ранг билан чизилган.
Бу белги ҳам бир неча ўн йиллардан бери йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланиб келинмоқда. Бироқ у ҳам қуйидаги камчиликлари сабабли ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди:
– бу белгига кўра, биринчи навбатда асосий йўлда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари чорраҳани кесиб ўтиши керак;
– асосий йўлдаги автотранспорт воситалари қанча вақт давомида ҳаракатланиши тўғрисида маълумот йўқ;
– иккинчи даражали йўлдаги автотранспорт воситаларига қачон йўл бўшатилиши ҳақида кўрсатма келтирилмаган;
– бу белгига риоя қилиб иккинчи даражали йўлда ҳаракатланаётган автотранспортлар ҳам тирбанд­ликларда қолиб кетмоқда;
– чорраҳаларда содир бўладиган аварияларга бу белгида чорраҳаларда тезликни пасайтириш тўғрисидаги маълумотнинг йўқлиги сабабдир.
– йўлларда автотранспорт воситалари кўпайган ҳозирги кунларда бу белги нафақат иккинчи даражали йўлда, балки асосий йўлда ҳам катта тирбандликлар келиб чиқишига шароит яратиб, кўп миқдорда иқтисодий ҳамда экологик зиёнга сабаб бўлмоқда.
Светофор ҳам худди юқоридаги белгилар қатори бир неча ўн йиллар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлатилади. У шу пайтгача бир қатор ўзгаришларга учради. Аммо ташқи кўриниши ўзгаргани билан ишлаш тамойили ўша-ўшалигича қолмоқда. У йўл ҳаракати хавфсизлигини муваффақиятли таъминлаши билан бирга, бир қатор камчиликларга ҳам эга ва уларни янги таклиф қилинаётган белги билан бартараф қилиш мумкин:
– светофор чироқлари маълум бир дастурга асосланган ҳолда асосий ва иккинчи даражадаги йўлларда ҳаракатланаётган транспортлардан қатъи назар белгиланган муддат ичида ёниб туради;
– чироқларнинг ёниб-ўчиши чорраҳадаги автотранспорт воситалари сонига боғлиқ эмас ва ҳатто қайсидир бир йўналишда автотранспорт воситаси бўлмаса-да, мавжуд автотранспорт воситалар йўлини тўсиб тураверади;
– баъзи ҳолларда катта ва кичик чорраҳаларда светофорнинг ёниб-ўчиб турувчи сариқ чироғи ҳам ҳаракат хавфсизлигини бошқара олмайди. Бундан ташқари, чироқнинг доимо ёниб-ўчиб туриши электр токининг исроф бўлиши ва чироқнинг тез ишдан чиқишига ­сабабчи бўлиб, иқтисодий зиён келтиради. Бундай ҳолатда у «Йўл бер» белгисига ўхшаб қолади;
– электр токи келмай қолган ҳолларда умуман ҳаракат хавфсизлигини бошқара олмайди;
– электр токи келмай қолган вақтларда ҳаракат хавфсизлигини бошқариш учун ЙҲХ ходими хизмати тақозо этилади;
– Ҳар бир чорраҳани камида биттадан ЙҲХ ходими билан таъминлаш анчайин мураккаб вазифа;
– ЙҲХ ходими билан таъминланган чорраҳаларда ходимнинг соғлигига тузатиб бўлмайдиган зарар етади, қолган чорраҳаларда тиқилинч сабабли қанчадан-қанча ёқилғи исроф бўлиши кузатилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги (ЙҲХ) қоидаларига БМТ томонидан энг охирги ўзгаришлар киритилганига ҳам ўн йилдан ошиб кетди.
Юқоридагиларни эътиборга олиб, биз олдимизга камчиликлардан холироқ бўлган ва йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўлларда қийналмасдан ҳаракат қилишларига ёрдам бериши мумкин бўлган йўл белгиси яратишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Узоқ муддат давомида олиб борилган ҳаракатларимиз натижасида тирбандликларнинг олдини олувчи йўл белгиси ишлаб чиқишга эришдик.
Шу вақт ичида Интеллектуал мулк агентлигига «Йўл белгиси» учун талабнома (№ SAP2015 01 39) топширдик ва № SAP 01514-сонли патентга эга бўлинди. Бу Ўзбекистон Республикаси ва дунёда тирбандликнинг олдини олишга қаратилган биринчи патент ҳисобланади.
Шу йўл белгиси тўғрисида қисқача маълумот: янги йўл белгиси томонлари тенг бўлган, асоси оч ҳаво ранг квадрат шаклда бўлади. Асосий йўл яшил рангга, иккинчи даражали йўл эса қизил рангга, белгининг атрофи сариқ рангга бўялган. Асосий ва иккинчи даражали йўлларнинг йўналишини унинг устига чизилган оқ чизиқ кўрсатади. Белгининг йўллар келиб қўшиладиган қисмига пиёдалар йўлаги жойлаштирилган. У оқ-сариқ ёки оқ-қора рангларга бўялади. Бу белгидан ташқари, яъни йўл келиб қўшиладиган томонга қараб кўндаланг тарзда яшил ва қизил рангли чизиқлар тортилган. Қизил рангли чизиқлар асосий йўлнинг устига, яшил рангли чизиқлар эса иккинчи даражали йўлнинг устига чизилади. Бу чизиқлар иккала томондан ҳам келаётган автотранспорт воситалари бир-бирларига йўл бериши кераклигини билдиради. Асосий ва иккинчи даражали йўлларнинг бир-бирига уланган соҳаси, яъни чорраҳа маркази оқ (ёки) рангга бўялган. Белгидаги йўлак­лар сонини ҳам ҳар бир йўлдаги мавжуд йўлакларга қараб ўзгартириш мумкин.
Бу йўл белгиси кўп функционал белги бўлиб, чорраҳада сфетофорлар ишлаб турган вақтда «Асосий йўл», «Асосий йўл йўналиши», «Йўл бер», «Пиёдалар йўлакчаси» ва керак бўлганда эса белгига зарур белгиларни мужассам қилиб, «stop», «юк автомобиллари ҳаракатланиши тақиқланади» белгиларининг функцияларини бажариб туради.
Чорраҳа светофор билан таъминланмаган ҳолларда ёки чорраҳада светофор ишламай қолса, унинг яна бир функцияси, яъни тирбандликнинг олдини олувчи сифати намоён бўлади.
Бу ишни амалга ошириш учун ҳайдовчилар олдиндан ўргатилган билимларга кўра, чорраҳанинг бўшашини кутишади, пиёдалар йўлагига имкон даражада яқин туриб, йўлакни босишмайди ва уни кесиб ўтишмайди.
Агар шу вақтда пиёдалар йўлагидан одамлар ҳаракатланаётган бўлса, уларга, албатта, йўл беришади. Ундан сўнг эса, биринчи бўлиб асосий йўл, яъни яшил рангли йўлдаги автотранспорт воситалари ҳаракатни бошлашади.
Асосий йўлнинг йўлакларидаги уч қатор автотранспорт воситалари чорраҳани кесиб ўтишади. Машиналар сони йўлдаги йўлаклар сонидан келиб чиқади. Масалан, йўлдаги йўлак­лар сони иккита бўлса, биринчи бўлиб асосий йўлнинг ҳар томонидан олтитадан, йўлаклар сони учта бўлса, ҳар томондан тўққизтадан автотранспорт воситаси чорраҳани кесиб ўтади ва ҳоказо. Асосий йўлда автотранспортлар кўп бўлишини ҳисобга олган ҳолда иккинчи даражадаги йўллардан ҳаракатланаётган йўлак­лардаги автотранспортлар сонини иккитадан белгилаш ҳам мумкин.
Нега ҳар қатордан учтадан машина деган савол туғилади? Бунга сабаб учинчи турган машинадаги ҳайдовчига олдинда турган иккита машина аниқ кўринади. Тўртинчи турган машина ҳайдовчиси олдидаги машиналар сонини аниқ кўра олмайди. Шу сабабли учтадан машина энг оптимал вариант ҳисобланади.
Асосий йўлдаги бўш қолган жойларни орқадаги автотранспорт воситалари тўлдиргунча, чорраҳани иккинчи даражали, яъни қизил рангли йўлдаги автотранспорт воситалари юқорида кўрсатилган тарзда кесиб ўтишади.
Бу ҳаракатлар то светофор ишлагунга қадар давом этади. Чорраҳанинг оқ ранг­­ли марказий соҳаси дахлсиз ҳисобланади ва бу жойда автотранспорт воситаларига тўхтаб қолишга рухсат этилмайди.
Соҳа олимлари, автомактаблар ўқитувчилари, ички ишлар ходимлари, кўп йиллик тажрибага эга ҳайдовчилар ва бир қатор чет давлатлар олимларнинг ­фикрича, бу белги йўллардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Умид ТОЖИМУРОТОВ,
юрист.
Абдусами ТОЖИМУРОТОВ