Иккинчи маротаба ишга тикланди

513

Жарқўрғон туманидаги «Ўрик­ли» МФЙ ҳудудида яшовчи Ҳафиза Қурбоналиева Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сурхондарё вилояти кенгашига 2021 йил давомида икки маротаба мурожаат қилиб, суд муҳокамаси даврида манфаатини ҳимоя қилишни сўраган.

Ишнинг ҳолати ўрганилганда, Ҳафиза Қурбоналиева 2005 йилдан бошлаб Жарқўрғон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида меҳнат фаолиятини бош­лаб, турли вазифаларда ишлаб келган. Жарқўрғон туман халқ таълими бўлими мудирининг 2019 йил 29 августдаги 231-к-сонли буйруғига асосан, тумандаги 3-мактабда бир ставка психолог вазифасига ишга тайинланган.
Иш берувчи Ҳ.Қурбоналиева билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан (малакаси етарли бўлмагани) бекор қилган.
Суд муҳокамаси даврида унинг манфаати ҳимоя қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 6 январдаги ҳал қилув қарорига кўра, Ҳ.Қурбоналиева Жарқўрғон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби психологи вазифасига ишга тикланди. Мажбурий бекор юрган вақтлари учун 2 916 000 сўм ойлик иш ҳақи ҳамда 1 900 000 сўм маънавий зарар ундирилди.
Иш берувчи – Жарқўрғон тумани халқ таълими бўлими Ҳ.Қурбоналиева билан тузилган меҳнат шартномасини 2021 йил 12 мартдан бошлаб Меҳнат кодексининг 106-моддаси 1-қисми 4-бандига асосан такрорий равишда бекор қилган.
Низо юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлар­аро судига такрорий равишда мурожаат қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 20 май кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилди. Жарқўрғон тумани халқ таълими бўлимининг 2021 йил 12 мартдаги буйруғи ғайриқонуний деб топилди. Ҳ.Қурбоналиева 2021 йил 12 мартдан бошлаб ўз вазифасига ишга тикланди. мажбурий бекор юрган вақтлари учун ­4 917 030 сўм ойлик иш ҳақи ҳамда 2 200 000 сўм маънавий зарар ундирилди. Суднинг қарори ижро этилди.

Зариф ХОЛОВ,
Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
Меҳнат инспекциясининг
Сурхондарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори