Қачонгача арзон ишчи бўламиз?

841

Кумушхон уч ёшда. Дадаси хорижга ишга кетганига олти ойдан ошди. ­Уйига амакиларидан биронтаси меҳмонга келса, «атта, атта келди», дея югуради. Дадаси видеоқўнғироқ қилса, яшириб қўйган ширинликларини олиб чиқиб, «едириш»га уринади. Уддалай олмагач, хархаша қилиб йиғлайди.

Бугун Кумушхон каби минглаб болалар дийдор соғинчи билан улғаймоқда. Аммо шуниси борки, бора-бора бу соғинч туйғуси йўқолиши мумкин. Ёмони, унинг ўрнини ўкинч, алам ва ҳатто нафрат эгаллайди. Отасининг қўлидан тутиб кетаётган тенгқурларини кўрган сари юраклари дарз кетаверади. Бу синиқлардан пайдо бўлган чандиқлар сабаб улар атрофга меҳрсиз нигоҳ ташлай ­бошлайди…

Дарҳақиқат, миграция сабаб жуда кўплаб оилалар ҳужжатда бор-у, амалда йўққа айланиб бораётгани – аччиқ ҳақиқат. Ахир йиллаб бир-бири билан кўришмай юрган оилаларни мукаммал деб бўладими?
Бу – масаланинг бир жиҳати. Иккинчи томони, бу оилада отанинг ўрни йўқолиб, беқадр бўлиб бораётганидир. Узоқ йиллар қора меҳнат қилиб, 50-60 ёшида бедаво дардни орқалаб келаётган оталарга фарзандлар муносабати қай даражада? Отанинг мунтазам назоратисиз етарли билим олмаган, қўлида ҳунари бўлмаган, бир ҳафта цемент ташишга қатнаб, иккинчи ҳафта қурилишда ишлаб топгани йўлкирасию ош-қатиғига базўр етиб турган ўғил отасини даволатишга қодирми? У ҳам ягона нажот йўли миграция деб билади, кетиш учун етарли маблағ ё у ёқда тайин иш тополмаётган бўлади. Қизи ҳам кимнингдир қўлига қарам…

Миграция келтираётган зарарлардан яна бири оилаларнинг дарз кетаётганидир. Кейинги пайтлардаги ажримлар таҳлил қилинганда, халқимиз энг оғир иснод деб ҳисоблайдиган хиёнат асосий сабаблардан бири сифатида тилга олинмоқда. Кўп кузатганмиз, тўйдан бир ой ўтиб-ўтмай, куёвтўра хорижга кетади. Омади чопса, биринчи фарзанднинг бешик тўйига етиб келади. Йўқса, боласини интернетда кўриб, атрофдагиларга мақтаниб юраверади. Турмуш ўртоғини йиллаб кўрмаган келинчак қўшнисинингми, синфдошинингми ширин сўзларига мафтун бўлади. Яширин учрашуви фош бўлиб, уйдан ҳайдалади. «Егани олдида, емагани ортида, нима етишмайди унга?» каби ғийбатларни қилади маҳалладошлар. «Уруш йилларида аёллар ­бошқача эди…», насиҳат ўқийди кайвони. Аммо бундай ҳолатларнинг кўпаяётгани масалага реалроқ ёндашишни тақозо этади.

Тўғриси, амалга оширилаётган ислоҳотларга, кўрилаётган чораларга қарамасдан, миг­рация Ўзбекис­тон учун энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Илгарилари «ўзимизда шунча шароит бўла туриб» хориж­га кетди, дея ­мигрантларни айблашга ўрганиб қолгандик. Турли хасталик­ларга чалинаётгани, оиласи бузилиб кетаётгани, фарзандлари тарбиясиз қолаётгани учун фақат уларни айбдор қилардик. Аслида ҳамма ҳам хорижга қалб амри билан ишга кетмаётганини, айниқса, қора ишчига жуда қийинлигини кўпчилик, шу жумладан, масъуллар ҳам яхши билади.
Ўзбек халқининг меҳнатсеварлигига бутун дунё тан берса арзийди. Айниқса, қиш­лоқдаги ўзбек боласи бешикдан чиқибоқ, суяги меҳнатда қотади. Аҳоли сони кўпайиб бораётгани, узоқ умр кўриш кўрсаткичлари ошаётгани ва ё бошқа сабаблар туфайлими, мамлакатимизнинг меҳнат потенциали ички меҳнат бозоридаги талаблардан бир неча баробар юқори. Демак, истаймизми-йўқми, яқин ўн йилда миграция ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб қолаверади. Шундай экан, мигрантларнинг ҳаёт ва иш шароитини яхшилаш, шу туфайли юзага келаётган оилавий ажримлар, ногиронликлар, зўравонликлар, одам савдоси ва бошқа жиноятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Қарийб бир ярим йилдан буён давом этаётган пандемия шароитида минглаб оилалар ночор аҳволда қолганини инобатга олсак, масала нақадар жиддийлиги аёнлашади. Узоқ йиллар давлат билан иши бўлмай, ўзи йиқилиб, ўзи туриб келган оддий халқ вакиллари пандемия сабаб хорижга кетолмай, давлатнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолганига ва шу аснода кимларнингдир энсаси қотиб, одамларни боқимандаликда айблаганларига ҳам гувоҳ бўлдик. Хорижга чиқиш имконияти пайдо бўлганида эса авиачипталар нархларининг бир неча бор оширилиши ҳаммасидан ўтиб тушди.

Умуман олганда, миграция – дунё давлатларининг деярли барчасига дахлдор масала. Маълумотларга кўра, 2019 йилда халқаро мигрантлар сони 272 миллион кишини ташкил этган. Шундан 164 миллиони меҳнат мигрантларидир.
Глобаллашув асрида ҳар бир инсон ўзига қулай муҳитда яшашни, ишлашни хоҳлайди. Мигрантлар орасида кўплаб олимлар, зиёлилар, шифокорлар ҳам бор. Улар ўз ҳаётларидан, ишларидан мамнун. Муаммо аксарият юртдошларимиз хорижга қора меҳнат кучи сифатида кетаётгани, ноқулай шароитларда яшаб, ишлаётганидадир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида шу йилнинг 13 апрелида эълон қилинган «ЎзХДП фракцияси ташқи меҳнат миграция бўйича парламент сўрови билан чиқди» сарлавҳали хабарда келтирилишича «…чет элга ишлаш учун кетган 1 840,0 минг нафар мигрантнинг атиги 11 минг нафари, яъни 0,6 фоизи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки хусусий бандлик агентликлари орқали юборилган, холос».
Миграция оқибатида миллий анъана ва ­қадриятлар, миллатлар софлиги йўқоляпти. Айни куч-ғайратга тўлган ёшдаги ватандошларимиз оғир меҳнатга жалб қилиняпти, оғир шароитда яшаяпти. Кетмай деса, кемтик рўзғорни тўлдиришнинг ўзи бўлмайди.
– Бир йилни зўр-базўр ўтказдик, – дейди Достон исмли 30 яшар йигит. – Вилоят марказида бирон иш топилса, югуриб борамиз. Бир ҳафта-ўн кунда 200 минг сўм пул топиб, бир кило гўшт, майда-чуйда олиб, уйга шошиламиз. Аммо иш доим ҳам топилавермайди. Соғин сигиримизни сотиб, Россияга авиачипта сотиб олдим. Ишқилиб, борганимдан сўнг иш топилсин-да…
– Нега ўзимиздаги бирон завод-фабрикага кириб ишламайсиз?
– Ҳамма жойда ҳам оддий ишчиларга яхши ҳақ тўлашмайди. Ойлиги яхши жойлар эса банд. Акам чорва фермасида ишлайди. Оиламизда фақат угина доимий даромадга эга. Унда уч, менда икки фарзанд бор. Ота-онам пенсия ёшига етмаган, улар ҳам ёлланма ишчи. Қиш бўйи катта рўзғорни акам судради. Янгамнинг минғир-минғирлари суягимдан ўтиб кетди. Жойлашиб олсам, икки йилсиз келмайман.
– Келин-чи?
– Болаларимиз ёш, олиб кетолмайман. Кичкинамиз бир ёшга тўлса, онамга ташлаб, у ҳам ортимдан боради.
Аслида ишчи кучига ўзимизда ҳам талаб йўқ эмас. Бироқ 700-800 минг сўм иш ҳақига рози бўлиб ишлайдиган ёшлар жуда кам. Ишхона уйига яқин бўлса, 50 ёшдан ошганлар кам ҳаққа ҳам рози. Аммо кўплар бу пул 20-30 километр ва ундан ҳам кўп йўл босиб ишлашга арзимайди, деб ҳисоблайди. Бу фикрларга қўшилмай илож йўқ.
Президентнинг «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида меҳнат мигрантларини ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хориждан келганларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмак­лашиш масалалари белгиланган. Ушбу ҳужжат асосида ўтган даврда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят марказларида фаолият бошлаган «Ишга марҳамат!» мономарказларидан халқимиз мамнунлигини талабгорлар кун сайин кўпаяётганидан ҳам билиш мумкин. Демак, бундай марказларни ҳар бир туманда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» юритилиши ҳам бандлик масаласини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ хорижга чиқишга ошиқаётганлар кўплигидан булар ҳали етарли эмаслигини ҳам англаш мумкин. Айтайлик, бу йил ўрта мактабларни тамомлаган ёшларни олий ўқув юртларига қамров 25 фоиздан ошиши кўзда тутилган. Ички меҳнат бозорида уларнинг яна 25 фоизи учун иш ўринлари бўлиши мумкин. Қолган ярмининг тақдири нима бўлади?
Аслида-ку, мигрантлар – мамлакатга иқтисодий фойда келтирувчи шахслар. Уларнинг давлатга олиб кираётган сармояси анча салмоқли. Демак, мигрантларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришдан ҳукумат ҳам манфаатдор. Шундай экан, мутасаддилар узлуксиз равишда мигрантларнинг яшаш ва иш шароит­ларини ўрганиб, қатор саволларни ўртага ташлашлари ва аниқ жавоблар топишлари, уларни чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш орқали янги чоралар кўриши лозим бўлади. Айтайлик, хорижда ватандошларимиз асосан қайси соҳаларда меҳнат қилишади? Ўша соҳаларда маҳаллий ишчилар қанча маош олишади? Юртдошларимиз улар билан тенг шароитда ишлаб, бир хил маош олишлари учун қандай билим ва кўникмалар талаб қилинади? Балки мамлакатимизда ватандошларимиз энг кўп фаолият кўрсатаётган завод ва фабрикалар филиалларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир? Бир йилдан ортиқ муддатга кетаётган мигрантларнинг оилавий кетишлари, фарзандлари ота-она меҳридан мосуво ўсмаслиги учун яна қандай шароитлар қилиб бериш имконияти бор? Ҳозирча бу саволларга ижобий жавоб йўқ. Балки «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинса, кўплаб муаммоларга ечим топилар? Истагимиз – ушбу қонун ўзбек мигрантларига ҳар қандай давлатда гас­тарбайтер, қора ва арзон меҳнат кучи эмас, меҳнаткаш, ҳалол инсон, ўз ишининг устаси сифатида ёндашишга имконият берсин.

Кези келганда яна бир нарсани ёддан чиқармаслик лозим, мамлакатимиз меҳнат мигрантларини етказиб берувчи мамлакатлардан бирига айланиб қолмаслиги керак. Бунинг олдини олиш учун эса ёш авлодни билимли, ҳунарли қилиб тарбиялаш бирламчи вазифа бўлиб қолаверади. Айниқса, табиий ва иқтисодий фанларни чуқур ўргатишнинг аҳамияти катталигини ривожланган давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Бундан ташқари, қиш­лоқларни янада ривож­лантириш, саноатни олиб кириш, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни узлуксиз давом эттириш, илмли ёшларни спортчилардек қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳалар учун тез-тез танловлар ўтказиб, давлат грантлари, субсидиялар ажратишни кўпайтириш, ҳозирда хориждан келтирилаётган кўплаб ускуналарни ўзимизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳолининг харид қувватини ошириш юзасидан ҳам тизимли чоралар кўриш зарур бўлади. Токи Кумушхонлар ота-онаси бағрида яйраб камолга етсин! Токи ёшлигини меҳнатга бағиш­лаган оталарнинг кексалиги файзли ўтсин! Токи аёлларимиз бошини қўйишга тоғ мисол елка топа олсин! Токи келажакда хорижда ишлаш истагидаги ўзбекистонликлардан кўра юртимизга келиб ишлаш ниятидаги хорижлик­лар сони кўпайсин.