Матонат чегара билмайди

671

Дам олиш куни бўлишига қарамай, Тошкент вилоятида яшовчи имконияти чекланган, ногирон бўлса ҳам ҳунармандчилик орқали ўзини ўзи банд қилган юртдошларимиз ҳаёти билан танишиш ниятида тасвирга олиш олдиндан режалаштирилган манзилга келдик. Шу жараёнда яшаш учун курашаётган, давлат томонидан берилган имкониятлардан фойдаланаётган инсонлардан бирини замон қаҳрамони сифатида кенг жамоатчиликка ибрат қилиб кўрсатишга ҳаракат қилдик. 

Дастлаб ижодий жамоамиз билан Зангиота туманининг “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, шу ерда яшовчи Шерзод Рихсиев хонадонига кирдик. Автофалокат туфайли 12 йилдан буён ногиронлик аравачасига ўтириб қолган бу инсон бизни ўзбекона самимият  билан кутиб олди. Унинг қуйидаги сўзлари ҳаммамизни лол қолдирди:

– Оёқларимдан жудо бўлганим менга ким дўст, ким душман эканлигини кўрсатди. Ҳақиқий ғамхўрларим, чин дўстларим аслида оила аъзоларим экан. Уларинг амалий  кўмаги ва руҳан қўллаб-қувватлаши туфайли ҳозир хонадонимизга ҳамда жамиятимизга наф келтиряпман. Бунинг учун яқинларимнинг барчасидан миннатдорман.

Шерзод Рихсиев мавжуд имконияти ва шароитидан келиб чиқиб, хонадонида темирчилик қилмоқда. У ясаган маҳсулотларни кўриб, ҳавасингиз келади. Маҳалла раисининг таъкидлашича, бу оила турли ташвишлар ва танқисликларга ҳам бардош бериб, барчага ўрнак бўляпти. Уй бекаси тонгсаҳарлаб нон сотгани кетади, сўнгра турмуш ўртоғининг ҳол-аҳволидан хабар олади. Унга зарур қулайликларни яратиб бергач, яна ишга отланади.

Кейинги манзил шу маҳаллада яшовчи Назокат Пўлатованинг хонадони бўлди. Бу аёлнинг кўзи ожиз. Шунга қарамай, тикувчилик билан шуғулланади, кундалик ҳаётимиз ва оила эҳтиёжи учун зарур ўн турга яқин маҳсулотларни бемалол тайёрлай олади. Бундан ташқари, рўзғорига баҳоли қудрат мададкор бўлиш учун буюртма асосида сабзи тўғраб сотади. Энг муҳими, у меҳнати ортидан кам бўлаётгани йўқ. Назокат опанинг бундай юмушлар билан шуғулланишига кўпчилик ишонмаслиги мумкин, аммо биз буни ўз кўзимиз билан кўриб, қатъий ишонч ҳосил қилдик.

Айрим аёлларнинг кечки овқатни уйида тайёрлашга эриниб, турмуш ўртоғи билан кафе-ресторанларда овқатланганини кўз-кўз қилгани, арзимаган мато учун оилада жанжал кўтаргани тез-тез қулоғимизга чалинади. Мен эса Назокат опанинг ишларини кўриб, кўнглимдан ажиб ўйлар кечди, уни  сизларга таништириб, юртимизда шундай ажойиб,  матонатли ва тиниб-тинчимас аёллар борлиги билан мақтангим келди.

Асқар ИСМОИЛОВ,

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Аxборот хизмати бош мутахассиси.