Унутилаётган тамойиллар

704

ёхуд ер фақат озуқа берувчи манба эмас

Узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ерлардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида тупроқнинг табиий унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайди, етиштирилган маҳсулотлар сифати ёмонлашиб, атроф-муҳитнинг ифлосланиши кучайди. Глобал иқлим ўзгариши туфайли сўнгги йилларда сув танқислиги юзага келди. Ички ирригация тармоқларининг аксарияти яроқсиз ҳолга келиб қолгани сабабли суғориладиган экинзорларнинг мелиоратив ҳолати фойдаланишга ярамайдиган даражада ёмонлашди. Бу ерлардаги тупроқнинг 93 фоизида ҳаракатчан фосфор миқдори, 68,3 фоизида алмашувчан калий миқдори, 79,3 фоизида гумус (чиринди) миқдори ўртачадан паст даражага тушиб қолди.

Мен 1981 йилдан эътиборан Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги «Ғалаба» хўжалигида агроном, бўлим бошлиғи вазифаларида ишладим. Ўша пайтлар ҳам ерларнинг унумдорлиги пастлиги, шўрланиш даражаси юқорилиги, маҳаллий ўғитлар солинмаслиги туфайли тупроқ структураси, ғоваклиги, биологик, физикавий, кимёвий хоссалари бузилгани, тупроқдаги фойдали микроорганизмларнинг фаолияти йўқлиги, алмашиб экиш назардан четда қолгани каби ҳолатлар гувоҳи бўлганман.
Мен бу ачинарли аҳволни ўрганиб, соҳадаги камчиликлар ҳақида туман ва вилоят раҳбарлари ҳамда мутахассисларга мурожаат қилганимда, қаттиқ тазйиққа учраганман. Улар менга жим юришимни, мамлакатда қишлоқ хўжалигини кимёлаштириш бош­ланганини уқтиришди. Чунки ҳамма ерни кимёвий минерал ўғитлар билан озиқлантириб, юқори ҳосил олишни ўйларди, холос. Маҳаллий ўғитдан фойдаланишни ва алмашиб экиш тизимини жорий этишни эса хаёлларига ҳам келтирмасди.
Марказий Осиё суғориладиган ҳудудларнинг ­тупроғи азотга бой эмас. Бу тупроқларда азот миқдори 0,07 фоиздан 1,15 фоизгача бўлади. Азот миқдоридаги тафовут тупроқ ҳосил бўлиши жараёни хусусиятлари, деҳқончилик маданиятига боғлиқ. Тупроқдаги азот формалари асосан унинг чиринди таркибини ташкил қилувчи турли органик бирикмалардан иборат.
Мутахассисларнинг узоқ йиллик илмий кузатишлари натижаларига қараганда, бир гектар тупроқ қатлами ўзида ўсимлик ва ҳайвонот организми ҳаётийлигини таъминлайдиган, одам учун 99 фоиз озуқа берадиган бир тоннадан ортиқроқ бактериал массани сақлайди. Тупроқнинг бу қимматбаҳо сифати нотўғри муносабат туфайли яксон бўлиши мумкин. Уни тиклаш жараёни эса жуда оғир кечади ва узоқ вақт сарфлашни талаб қилади. Масалан, 10 сантиметр қалинликдаги тупроқнинг унумдор қатламини тиклаш учун 100 йил керак бўлади. Бу демак, қонунларимиз ­тупроқнинг унумдор қатламини асраб қолишга қаратилган қатъий тартиб-қоидаларни ва чораларни ўзида ифода этмоғи шарт!
Афсуски, ҳозир диёримизнинг кўплаб шаҳарларидаги кимё заводлари ва саноат корхоналари ер, сув манбаларини экологик жиҳатдан хавфли ва заҳарли чиқиндилар билан ифлослантир­япти. Айниқса, олтин фондимиз ҳисобланган 4 миллион гектар суғориладиган ер ночор аҳволда. Унинг тенг ярмида зудлик билан ҳосилдорликни тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш лозим. Айни пайтда 40 фоиз суғориладиган ерларнинг тупроқ унумдорлиги паст. 600 минг гектар ер ҳар хил касалликлар сабабли ишдан чиққан.
Ердан фойдаланувчилар қонун бўйича ­тупроқ унумдорлигини оширишнинг самарали чораларини кўришлари, тупроқни шамол, сув эрозиясидан сақлашга доир агротехника, мелиорация ва гидротехника тадбирларини амалга оширишлари, ерлар шўрланиши ва ифлосланишига йўл қўймасликлари керак.
Кейинги 35-40 йил давомида алмашлаб экишлар унутилгани боис тупроғимиз ночор аҳволга келиб қолди. Қишлоқ хўжалигида тўққиз далали, ўн далали пахта-беда алмашиб экиш тизимини амалда қўлламаслик тупроғимиздаги кимёвий, биологик, физиологик жараёнларни, унинг структурасини, ғоваклиги ва озуқа билан таъминланганини ёмонлаштириб юборди.
Дунё тажрибасида, хусусан, АҚШ (1969 йил), Буюк Британия, Франция ва ГФРда тупроқ муҳофазасига қаратилган махсус қонунлар қабул қилинган. Бизда ҳам Ер кодекси, табиатни муҳофаза қилиш, сув ва ундан фойдаланиш, ўрмон, давлат ва санитария назорати, фермер ва деҳқончилик хўжаликларига оид қонунлар бор. Бу ҳужжатлар, гарчи тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилишни муайян даражада мувофиқлаштиришга хизмат қилса-да, ундан фойдаланишни яхлит тарзда тартибга сололмайди.
Бинобарин, тупроқ ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш масаласи жорий қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритишни ёки соҳага тааллуқли умумий ягона янги қонун яратишни тақозо этади. Бу ўринда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тўлақонли амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига илмий асосланган ахборотлар етказиб бериш, уларга замонавий хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқларини ва инновацияларни кенг жорий этиш, таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва агрохизматлар кўрсатиш тизимининг узвий интеграциясини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, ­сўнгги икки йил ичида Президентимизнинг ушбу масалага доир иккита фармони ва битта қарори қабул қилинди. Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклиги жорий этилиб, ишчи гуруҳи тузилди. Аграр соҳада ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ҳамда сув ресурс­ларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Айни кезларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш бўйича ер эгалари ва сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизми йўлга қўйилмоқда.
Менинг асосий инновацион ғоям қуйидагича: агар ўн далали алмашлаб экиш тизими қўлланса, 100 гектар ернинг 70 гектарига пахта, 30 гектарига беда экилади. Ҳар 3 йилда беда майдони алмаштирилса, 10 йилда алмашлаб экиш тўлиқ амалга оширилади. Ушбу усул қўлланилганда, ер ҳам озиқланади, ҳам дам олади.
«Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади», дейишади. Таассуфки, 1980 йилларга келиб, маҳаллий ўғитга эътибор сусайди. Унинг ўрнига азотли, фосфорли ва калийли ўғитлардан фойдаланиб, ҳосилдорликни кўтаришга зўр берилди. Тупроққа меъёридан қанча кўп минерал ўғитлар берилса, шунча унинг таркибидаги фойдали микроорганизмлар нобуд бўлишига, ғоваклиги, структураси бузилишига, унумдорлигининг кескин пасайиб кетишига олиб келади. Таркибидаги тузлар, карбонатлар миқдори ошиб ва минераллашиб тупроқ касаллана бошлайди. Бу ҳолат ҳозир ҳам давом этяпти, заҳарли минерал ўғитлар ҳамон ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда.
Маҳаллий ўғитлардан тўғри фойдаланиш эса тупроқнинг табиий унумдорлигини тиклаш, деҳқончилик маданиятини юксалтириш ва зироатчилик экинлари ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан биридир. Улар тупроқда озиқ элементларини кўпайтиради, шунингдек, унинг сув, иссиқлик ва ҳаво ўтказиш қобилиятини яхшилайди. Маҳаллий ўғитлардан фан ютуқлари асосида ўринли фойдаланилса, пахта ва бошқа экинлар ҳосилдорлиги ошиб, маҳсулот сифати яхшиланади.
Юқорида айтилган муаммоларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда соҳа мутахассислари жиддий эътибор қаратишади ва уни ижобий ҳал этиш чораларини кўришади деган умиддамиз.
Қўчқор УСМОНҚУЛОВ,
тупроқшунос-агрохимик олим