«Суперконтракт» дагилар савияси…

712

ёхуд таълим сифатини қандай ошириш мумкин?

Наманган давлат университетида ҳозирги кунда 18 та факультет, 40 та кафедра, 1 та бошқарма, 3 та марказ фаолият юритмоқда. 18786 нафар талаба 52 та таълим йўналиши ва 25 та магист­ратура мутахассислик­лари бўйича таҳсил оляпти.

2020-2021 ўқув йилида университетда бир қанча янги йўналишлар очилди. Жумладан, кундузги таълимда юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, сиртқи таълимда эса филология ва тилларни ўқитиш, математика, география каби янги йўналишлар ташкил этилди. Математика, физика мутахассисликлари бўйича 30 нафар, амалий математика, биология, кимё, география мутахассисликлари бўйича 10 нафар иқтидорли ёшлар тўлиқ давлат гранти асосида магистратурага қабул қилинди.
Бу йил университетда абитуриентлар учун янгиликлар кўп. Масалан, тиббиёт факультетига кадрлар тайёрлашда услубий ёрдам бериш учун Андижон давлат тиббиёт инс­титути бириктирилади. Талабаларнинг амалий кўникмаларини шакл­лантириш мақсадида вилоятдаги тиббиёт муассасалари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Вилоятдаги илмий салоҳиятли ва малакали тиббиёт ходимлари педагогик фаолиятга жалб этилади.
Университетда журналис­тика ва таржима назария­­си йўналишларини очиш ҳам режалаштирилган. Умид қиламизки, ушбу йўналиш­лар ҳам абитуриентлар, ҳам соҳа вакиллари учун ўзига хос совға бўлади.
Таълим жараёнида кўп нарса илмий салоҳиятга боғлиқ. Айни пайтда университетимизда фаолият кўрсатаётган 673 нафар профессор-ўқитувчининг 19 нафари фан доктори, профессор, 194 нафари фан номзоди, доцентлардир. Биз ҳамкасбларимиз орасида академиклар кўпайишини истаймиз. Бу шунчаки ҳавойи истак эмас. Чунки профессор-ўқитувчиларимиз орасида шундай илмий унвонга муносиб мутахассислар бор.
Тан олиб айтиш жоизки, университетда билими саёз талабалар ҳам йўқ эмас. Бундан кўз юмиб бўлмайди. «Супер контракт» бўйи­­ча қабул қилинган талабаларнинг савияси наинки Наманган давлат университетида, балки мамлакатимиздаги бошқа олий ўқув юртларида ҳам мақтанарли даражада эмас. Максимал баллнинг учдан бир қисмини аранг тўплаган талабаларнинг билимини ошириш ва мустаҳкамлаш – таълим сифатини яхшилашнинг энг муҳим стратегик йўли ҳисобланади. Бу йўлда мунтазам иш олиб борилмас экан, таълим сифати ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча.
Наманган давлат университетида ёш ўқитувчилар ва юқори курсларнинг билимдон талабаларини янги қабул қилинган «супер контракт»чиларга кўмаклашиш таж­рибаси яхши йўлга қўйилган. Ўйлайманки, имтиҳон жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш кенгайиши билан бу муаммо ҳам ижобий ечим топади. Имтиҳондан «йиқилиш»ни истамаган билими саёз талаба мустақил равишда ўз устида ишлайди. Бу билан эса таълимда сифатни яхшилашга эришиш мумкин.

Собитхон ТУРҒУНОВ,
Наманган давлат университети ректори