Афғонистон можароси ва Янги Ўзбекистон: ЭСКИ МУАММОГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ

1323

15-16 июль кунлари пойтахтимиз «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида ўтказиладиган юқори даражадаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади. Номланишининг ўзиёқ анжуманда кўриб чиқиладиган муаммолар ҳақида етарлича тасаввур беради.
Аммо Ўзбекистон Президентининг ана шу нуфузли тадбирни ўтказиш ташаббусидан келиб чиқадиган асл мақсади ва моҳиятини, яъни анжуман муваффақияти ва бўлиб ўтадиган музокаралардан кутилаётган натижалар аҳамияти нафақат минтақа, балки кенг дунё ҳамжамияти манфаатлари учун нақадар долзарб ва оламшумул бўлиши мумкинлигини ҳали кўпчилик аниқ-тиниқ тушуниб етганича йўқ.
Заҳматкаш афғон юртида мус­табид шўролар тузумининг мус­тамлакачилик сиёсати оқибатида йўқолган тинчлик, мана 40 йилдан ошдики, ҳамон тикланмади. Жўғрофий жиҳатдан Афғонистон ҳудудининг шимолий қисми Марказий Осиёда, қолган қисми эса Осиёнинг жанубида жойлашган, яъни икки субминтақа ўртасидаги давлатдир. Аммо, афсус­ки, ҳозирги кунгача Афғонистон ва афғон можароси ана шу икки субминтақани ўзаро боғлаб турувчи кўприк бўлиб эмас, аксинча, уларни бир-биридан ажратиб турувчи ғов, катта бир тўсиқ сифатида «хизмат» қилиб келмоқда.

Шу аснода Шавкат Мирзиёев ўз ташаббусида афғон масаласига мутлақо бошқача нуқтаи назардан қарашни таклиф қилмоқда, яъни Афғонис­тоннинг ана шу жуғрофий ҳолатини унинг геосиё­сий ва геоиқтисодий устунлигига айлантириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, афғон можаросини имкон борича тезроқ ҳал қилиш вазифасини қўяди.
Агар ушбу мақсадга эришилса, афғон диёри ҳаммага хавф-хатар туғдирадиган ҳудуд деган ­мудҳиш мақомдан қутулиб, Марказий ва Жанубий Осиё субминтақаларини бир-бирига чамбарчас боғлайдиган, улар ўртасидаги узвийликни таъминлайдиган муҳим кўприкка айланади.
Шавкат Мирзиёев таклиф қилаётган режа амалга ошган тақдирда, Ер юзининг қарийб 2 миллиард аҳолиси яшайдиган ҳудудда барқарор тинчликка эришиш, камбағалликдан қутулиш ва иқтисодий-ижтимоий ўсиш масалаларида мисли кўрилмаган имкониятлар эшиги очилиб, мутлақо ўзгача геосиёсий вазият ва ижобий истиқболлар юзага келиши мумкин.
Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент халқаро конференциясини ўтказиш ташаббуси замирида айнан шу асл моҳият ётади десак, муболаға бўлмайди.
Шу маънода, ушбу нуфузли анжуман арафасида унинг кун тартиби доирасида кўриб чиқилиши мумкин бўлган афғон можароси ва унинг айрим қирралари ҳақида сал кенгроқ тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Нега қўшниларимиз муаммосини ҳал қилишга бел боғладик?

Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқининг Марказий Осиёда тутган ўзига хос тарихий-сиёсий ва стратегик ўрнини ҳеч ким инкор эта олмайди. Яъни мамлакатимиз нафақат геосиёсий ва геоиқтисодий нуқтаи назардан, балки мафкуравий, маданий-маърифий ҳамда диний жиҳатлардан ҳам минтақа ва унинг аҳолисини доимо бирлаштириб келгани ҳаммага маълум.
Ўтган асрнинг 80-йилларида БМТ қарори билан Тошкент шаҳрига «Тинчлик элчиси» деган фахрий унвон берилгани ҳам бежиз эмас.
Ўз навбатида, узоқ асрлар давомида ўзбеклар бутун минтақа бўйлаб, шу жумладан, Афғонистон ҳудудида кенг тарқалганини кўриш мумкин. Ҳозирги кунда ҳам Марказий Осиё сиёсий харитасидан жой олган барча давлатларда миллионлаб ўзбеклар истиқомат қилишади.
Энг эътиборли жойи шуки, қўшни давлатларда яшовчи ўзбеклар «маҳаллий халқ» мақомига эга. Яъни уларга нисбатан «диаспора» (қўполроқ таржимада – «келгинди халқ») тушунчаси қўлланилмайди.
Афғонистон ҳам бундан мустасно эмас. Бу ўлка миллатдошларимиз азалдан истиқомат қилиб келаётган макондир. Ва айнан шу боис ҳам бу давлат биз учун бегона юрт ҳисобланмайди десак, хато бўлмайди, назаримда. Бугун ушбу давлатнинг Ўзбекистонга қўшни шимолий вилоятларида 20 дан ортиқ ўзбек этник уруғларига мансуб бўлган тахминан 5-6 миллион миллатдошимиз яшайди, деб тахмин қилинади (яқин ўтмишда расмий хатлов ўтказилмаган). Боз устига, тарихда ўзбеклар ушбу ҳудудда қурган салтанатлар нафақат мусулмон олами, балки дунёда кенг шуҳрат топгани ҳам сир эмас.
Бинобарин, Афғонистон тарихи у ерда азалдан яшаб келаётган ўзбеклар тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, XIV асрдаёқ афғон юрти буюк саркарда бобомиз Амир Темур асос солган салтанат таркибига кирган. Ёки соҳибқироннинг афғон диёрида ҳукмронлик қилган қайноғаси Амир Ҳусайн, Қобул подшоҳлиги тахтида ўтирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро, ўзбек адабиёти асосчиси Мир Алишер Навоий ёки Хуросонни эронликлардан озод қилиш йўлида шаҳид бўлган яна бир саркарда бобомиз Муҳаммад Шайбонийхон каби тарихий шахсларни эсга олайлик. Шунинг ўзиёқ ўзбек ва афғон диёри ўртасидаги кўҳна ришталар нақадар узвий эканини англатади.
Шундай экан, Ўзбекистон Афғонистонда юз бераётган жараёнларга ҳеч қачон бефарқ бўлиб қололмайди.
Айниқса, сўнгги вақтларда ушбу жафокаш мамлакат ҳаётида кузатилаётган воқеалар, ҳарбий ҳаракатлар, чегаралардаги вазият нафақат минтақадаги бошқа давлатларни ҳушёрликка чақир­япти, балки «афғонистонликларнинг ­кейинги тақдири нима бўлади?», деган оғриқли саволга аниқ жавоб топишни қатъий талаб этмоқда. Бу эса кўп томондан «Толибон» ҳаракатининг келгуси ҳаракатлари билан бевосита боғлиқдир. Бундай қарашни илгари сураётганимиз бежиз эмас.

«Толибон»: ҳокимият учун иккинчи уриниш
Ёхуд ушбу сиёсий кучга ишонса бўладими?

Зеро, ОАВда тарқатилган маълумотга кўра, толиблар охирги икки ой ичида 407 та тумандан 167 тасини эгаллаган. Боз устига, кейинги ойда Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларда ҳукумат қўшинлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.
Хусусан, 21 июнь куни жангарилар Афғонис­тоннинг Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларига чиқиб келишга муваффақ бўлишди. Шу куни улар чегара яқинидаги Шерхон-Бандар шаҳрини эгаллашди. Яъни, энди Тожикистон орқали Шимолий альянс кучларига халқаро ёрдам келадиган муҳим йўлни тўлиқ ўз назоратига олишди. Айни пайтда «Термиз – Ҳайратон» йўлини ҳам назоратга олишга уринишмоқда. 8 июлдаги хабарга кўра эса, «Толибон» жангчилари Ҳирот вилоятидаги Эрон ва Туркманистон билан чегарадаги асосий назорат пунктларини ўз назоратига олишган. Бундан кўриниб турибдики, толиблар биринчи навбатда уларга оппозиция ҳисобланган бошқа афғон кучларига четдан ёрдам келиши мумкин бўлган чегараларни эгаллашмоқда.
Мазкур тўқнашувлар оқибатида Афғонистон ҳукумати ҳарбий хизматчилари чегарадан ўтиб, ­Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларига чекинишга мажбур бўлишмоқда.
Айни пайтда Афғонис­тонда юзага келган вазият таҳлили экспертлар ҳамжамияти ўртасида бир қанча саволларни туғдиряпти. Масалан, нима учун жанговар руҳи синган ҳукумат қўшинлари айрим ҳолларда деярли қаршилик кўрсатмасдан, қўриқлаётган ҳудудларини барча қурол-яроғлар билан толибларга бирма-бир топширишмоқда ва ҳаттоки, ўзлари ҳам улар томонига ўтиб кетишяпти?
Тўғри, афғон ҳукумати ҳозирча Қобул, Қандаҳор, Мозори-Шариф каби йирик аҳоли пунктларини ўз қўлида ушлаб турибди, аммо улар толиблар томонидан ўраб олинган.
Бу ҳол экспертлар ўртасида «толиблар хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетиши билан дарҳол ҳужумга ўтиш ва мамлакат пойтахтини эгаллаб олишга тайёрланишмоқда», деган фаразни уйғотмоқда.
Шу ўринда, толиблар улар томонига ўз ихтиёри билан ўтган ҳукумат ҳарбийларига маош ҳам тўлай бошлабди, деган хабарлар ҳам тарқалди. Қизиқ, йиллар давомида қайси кўринмас қўл толибларга ушбу ҳарбий ҳаракатлар учун маблағ бераётган экан? Боиси, уруш олиб бориш – авваламбор, жуда катта иқтисодий ва молиявий харажат деганидир.
Бу ҳам экспертларни ўзига жалб қиладиган масалалардан бири ҳисобланади. Маълумки, «Толибон» ҳукуматини аввалбошдан тан олган учта мамлакат бор: Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Покистон. Гарчи «Толибон»ни расмий тан олмаса-да, АҚШ ҳукумати ҳам ўтган асрнинг 80- ва қисман 90-йилларида қўллаб-қувватлаган кучларнинг биринчи сафида эди. Шунингдек, айтишларича, агар толиблар Бомиян шаҳридаги IV ва V асрлардан қолган Будда ҳайкалларини портлатмаганда, Хитой ҳам уларни тан олиши мумкин эди, деган тахминлар бор.
Кишини ўйлантирадиган яна бир факт ҳақида тўхталсак. Нима учун асосан Афғонистон жанубидаги пуштунлардан таркиб топган «Толибон» ҳаракати жангарилари ўз юришини айнан шимол тарафга қараб юришдан бошлашди? Хўш, нега энди толиблар биринчи навбатда ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, ҳазорийлар ва бошқалар яшайдиган ҳудудларга дадил кириб бориб, уларга тажовуз қилишмоқда? Нима мақсадда толиблар дарҳол улар учун стратегик рақиб ҳисобланадиган Шимолий альянснинг асосий таянчи – Мозори-Шариф шаҳрини қуршаб олиш ҳаракатида?
Маълумки, толиблар 1996-2001 йилларда Шимолий альянс билан бўлган тўқнашувларда қақшатқич зарбага учраган эди. Улар, табиийки, ушбу мағлубиятдан тегишли сабоқ чиқаришган. Энди эса ўша пайтда йўл қўйилган хатоларни такрорламасдан, имкон борича тезроқ асосий рақибининг пайини қирқишга тушишган, дейиш мумкин.
Шу ўринда яна бир омилга тўхталиб ўтсак. Бугунги кунда «Толибон» ҳақида гап кетганда, айрим экспертлар нафақат диний, балки этник жиҳатларга ҳам етарлича урғу беришмаётганга ўхшаяпти. Чунки Афғонистонда қандай куч ҳокимиятга келишидан қатъи назар, бу толибларми ёки бошқа бирими, ушбу омиллар билан ҳисоб­лашишга, яъни шимолда яшайдиган тожик, ўзбек, туркман ва ҳазорийлар билан ўзаро муросага келишга мажбур бўлади.
Тарихдан маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларигача «афғон» этноними билан фақат пуштунлар аталган, яъни бу ном уларгагина тегишли бўлган. Ушбу миллат вакилларининг катта қисми Покис­тонда (30 миллиондан зиёд) ва қисман Афғонистонда (13 миллион атрофида) истиқомат қилади.
«Толибон»га эса Покис­тон шимолида ва Афғонис­тон жанубидаги пуштунлар асос солишган. Тўғри, бугунги кунда толиблар сафида уларга хайрихоҳ бўлган бошқа миллат вакиллари ҳам топилиши мумкиндир. Бироқ факт шуки, «Толибон» ҳаракати асосан пуштунлардан таркиб топган.
Бундан ташқари, толибларнинг ўз диний ақидаси – «ашъарийлик» мавжуд. Ушбу таълимот IX-X асрда яшаб ўтган мусулмон файласуфи Абул Ҳасан Али ал-Ашъарий номидан олинган. Мазкур диний таълимотга кўра, ким бу ақидага қарши борса, у диндан адашган ҳисобланади ҳамда у ҳар қандай таъқибга ва шафқатсиз ­тазйиққа лойиқдир.
Ана шу ақида билан маънавий ва мафкуравий «қуролланган» «Толибон» ҳаракати 1996 йил ­сентябрида Қобулни ишғол қилиб, Афғонистон Ислом Амирлигини эълон қилди ҳамда ички сиёсатни ўз диний ақидаси асосида юргазишни бошлади. Жумладан, толиблар Афғонистонда телевидение, мусиқа ва бадиий санъат, компьютер ва интернет, шахмат ўйини, оқ тусдаги оёқ кийимни (оқ – толиблар байроғининг ранги), аёлларнинг билим олиши ва ишлашини қатъий тақиқлашди. Суд тизимида ҳам ана шу диний ақида йўриғида иш олиб борилар, одамлар омма кўзи олдида жазоланар ва қатл қилинарди.
Аммо бу каби ички сиёсат афғон халқи орасида толиблар обрўсига катта путур етказди, бошқа афғон сиёсий гуруҳлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ қораланди.
Маълумки, ўшанда толибларга айнан Шимолий альянс, яъни Афғонистоннинг пуштун бўлмаган халқлари (ўзбеклар, тожиклар, ҳазорийлар ва бошқалар) қарши туришган. Ўшанда альянснинг асосий етакчиларидан бири тожикларнинг «Афғонистон ислом жамияти» партияси раҳбари Аҳмадшоҳ Масъуд бўлса, яна бири афғон ўзбеклари лидери Абдулрашид Дўстум эди.
2001 йилда Шимолий альянс халқаро кучлар ёрдамига таянган ҳолда толиблар қурган тузумни ағдарди ҳамда уларни Қобулдан ва мамлакатнинг улар эгаллаган қисмидан сиқиб чиқарди.
Мамлакатдан қувилган толиблар 2001 йилдан бошлаб Покистоннинг пуштунлар яшайдиган Шимолий Вазиристон вилоятини ўзларининг таянч базасига айлантиришди. Ҳатто вилоятдаги ҳокимиятни ўз қўлига олишди, 2006 йил февралида эса ўша ерда мустақил Вазиристон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилишди. Покис­тон армиясининг вазиятни ўз назоратига олиш учун уриниш­лари натижа бермади ва боз устига, толиб­лар Амирлиги ҳудуди Жанубий Вазиристон вилояти ҳисобига анчагина кенгайтирилди.
Ҳозирги кунда «Толибон» яна Афғонистон ҳудудининг анчагина қисмини ўз назоратига олгани – факт. Бироқ Абдулрашид Дўстум атрофида Шимолий альянсни қайта тиклашга ёрдам бера оладиган Аҳмадшоҳ Масъуд каби жиддий мавқега эга бўлган лидерлар йўқлиги (у 20 йил илгари ҳалок бўлган) кўзга ташланмоқда.
Мухтасар айтганда, тожик, ўзбек ва туркманлар яшайдиган шимолий вилоятларда вазият оғир. Шунингдек, олдинги даврлардан фарқли ўлароқ, хорижий давлатлар ҳам негадир Шимолий альянсни қўллаб-қувватлашга унчалик шошилишмаяпти.
Боз устига, яқинда толиблар Аҳмадшоҳнинг Панж­шердаги собиқ қароргоҳини эгаллаб, ўша ерда ўз кенгашини намойишкорона ўтказишгани ҳақида ОАВ орқали фоторепортаж тарқатишди. Бунга толиблар томонидан афғон тожикларининг жанговар руҳини синдириш учун амалга оширилган пиар-акция деб қараш керак, деган фикр ҳам шарҳловчилар ўртасида мавжуд.
Яна бир эътиборни ўзига тортадиган жиҳат бор: таҳлилчилар Афғонистондаги ҳозирги вазиятнинг жуда тез ва кутилмаган тарзда ривожланаётганидан хавотирда. Бу эса манфаатдор ташқи ва ички сиёсий кучлар ўртасида бошқача, яъни яширин ҳолдаги кўп тарафлама ёки сепарат келишувлар ҳам бормикан, деган шубҳаларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан, айрим хорижий экспертлар «Толибон»га нисбатан ишончсизлик билдиришаётгани сир эмас. Уларнинг фикрига кўра, толиблар охиригача, яъни мамлакатни тўлиқ ўз қўлига олмагунича, жангни давом эттиришга шай турганга ўхшайди.
Бугун айримлар «Толибон» ҳаракатининг раҳбарлари шунчаки консерватив муллалар-ку, уларнинг қўлидан нима ҳам келарди, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Аммо мавжуд фактлар бош­қа манзарани кўрсатмоқда.
Авваламбор, тан олиш лозимки, ўтган даврлар ичида «Толибон» айнан сиёсий куч сифатида анча улғайди ва катта тажриба тўплади. Шунингдек, расмий Қобул ҳукумати ва унинг орқасида турган ташқи кучлар билан сиёсий ва ҳарбий тортишувларда жиддий тобланди.
Бундан ташқари, Афғонистонда муваффақиятсизликка учраган ўтган галдаги давлат қуриш ­тажрибаси ва 2001 йилдаги ҳарбий мағлубият «Толибон» раҳбарларига, айниқса, уларнинг сиёсий мафкураси ва амалий ёндашувига қаттиқ таъсир ўтказган кўринади.
Масалан, бугунги кунда «Толибон»нинг кучли политтехнологлар ва таҳлилчилар хизматидан фойдалаётгани яққол сезиляпти. Агар толиблар атрофида мужоҳидларга хос салла-соқолдаги ажнабий маслаҳатчилар ёки IT-мутахассислари юришган бўлса, бунга ажабланмаслик керак. Шунингдек, толиблар ўз имижи устида ишлаётгани ҳам кўзга ташланмоқда. Бу эса оддий афғонлар ўртасида уларга нисбатан нафратнинг анча пасайишига олиб келди, назаримда. Буни айрим ҳудудларнинг уларга хайрихоҳлик билдириб, улар тарафига ҳеч бир жангсиз ўтиб кетаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хуллас, ҳозирги кунда кўпчилик мутаассиб­лар, деб қараётган ушбу «мулла»лар замонавий дунё таълимотларини етарлича ўзлаштириб олиб, Афғонистонда мураккаб стратегик ва тактик ҳаракатларни амалга оширадиган куч даражасига чиқиб олаётганини ҳеч ким инкор этмаса керак. Буни толибларнинг пухта режа асосида олиб бораётган халқаро музокаралар кун тартибидан, АҚШ олдига қўяётган шартлар мазмунидан ёки амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатларнинг тезкорлиги ва самарадорлигидан ҳам пайқаш мумкин.
Лекин энг муҳим фарқ, уларнинг фавқулодда либераллашаётганида кўринади. Яъни улар бугун Афғонистонда тинчлик музокараларига розилиги ва бошқа кучларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини тинглашга тайёр эканини билдиришмоқда.
Тошкент, Доха, Москва, Анқара ва бошқа жойларда бўлиб ўтган кўп ва икки томонлама музокаралар чоғида толиблар Афғонистонда ўзаро жангларни тўхтатиш, тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлида ўз зиммаларига тегишли масъулиятни олишга тайёр эканликларини билдиришаётгани ҳам шундан далолат беради.
Бундан ташқари, «Толибон» лидерлари диний радикалликни анча юмшатишга тайёр туришганига ишора қилишмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А.Комилов АҚШнинг «This Is America TV» телевизион лойиҳасига берган интервьюсида «Толибон»нинг расмий интернет-сайтидан иқтибос келтирди. Унда жойлаштирилган мақолада: «Биз аёллар, қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини таъминлашни истаймиз. Аёллар таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ишлай олишлари керак. Биз қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатишни хоҳлаймиз…», деб таъкидланган.
Юқоридагиларни эътиборга олиб, Ўзбекистон толиблар билан алоқаларни давом эттириш тарафдори бўлиб қолмоқда. Чунки мулоқот йўли билан толиблар ёндашувига кўпроқ ижобий таъсир ўтказиш мумкин.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон қўшни афғон юртида 90-йиллардаги жоҳил тизим қайт­маслигига қаттиқ умид билдиради. Жумладан, Абдулазиз Комилов ўша интервьюсида Афғонис­тонда сиёсий тизим қандай бўлади, деган саволга ушбу давлатда кейинги 9 йилда эришилган демок­ратик, яъни фуқаролик жамияти, ҳокимият ва сайлов тизими, аёллар ҳуқуқлари каби ютуқларни инкор қилиб бўлмаслигига урғу берди. Шунинг­дек, «…албатта, биз 90-йилларда юзага келган Афғонистон Ислом Амирлигини қабул қила олмаймиз. …Биз бу муаммо амалдаги ҳукумат ва қуролли мухолифат – «Толибон» ва бошқалар ўртасидаги ўзаро муроса орқали ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз», деб кўрсатиб ўтди.

Яқин келажакда нималардан умид қилса бўлади?

Нафсиламрини айтганда, юзага келган вазият ҳозирча жавобларга нисбатан саволларни кўпроқ келтириб чиқармоқда, десак, тўғри бўлади. Бу ҳол эса қўшни давлатдаги ҳар бир ўзгаришни мунтазам равишда ва диққат билан, яъни ҳеч бир майда деталларини кўздан қочирмасдан кузатиб боришни ҳамда тизимли тарзда таҳлил қилишни тақозо этади.
Маълумки, 2020 йил февралида Қатарнинг Доха шаҳрида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокаралар ўтказилиб, Тинчлик шартномасига имзо қўйилди. Америкаликлар толибларга бундан кейин «Ал-Қоида» ва шу каби бошқа экстремистик гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиш, жангни бас қилиб, афғон ҳукумати билан тинч музокараларни бошлаш шартини ­қўйишди. Бундан ташқари, толиблардан Қобулдаги расмий ҳукумат ва бошқа афғон сиёсий кучлари билан тинчлик музокараларига киришиб, улар билан биргаликда мамлакатда ўзаро ярашиш жараёнини бошлаш ва коалицион ҳукумат тузиш масалаларини кўриб чиқиш ҳам кутилади.
Ўз навбатида, толиблар АҚШ олдига «Толибон» ҳаракатини халқаро даражада тан олиш (бу ушбу кучнинг халқаро майдондаги сиёсий-ҳуқуқий легитимлигини таъминлаб беради), 2021 йил 1 май кунигача АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан олиб чиқиш (аммо бу ортга сурилди – янги муддат 2021 йилнинг сентябрига қадар) ҳамда «Толибон»нинг расмий ҳукумат қамоқхоналарида ушлаб турилган бир неча минг аъзоларини қўйиб юбориш каби асосий шартларни қўйишди.
Аммо хорижий шарҳловчилар фикрига кўра, ҳозирча толиблар ўзлари томонидан берилган ҳеч бир ваъдани бажаришга шошилишмаяпти. Гап шундаки, ташқаридан назар ташлаганда, «Толибон» яхлит бир сиёсий кучдек тасаввур туғдириши мумкин. Аслида эса, экспертлар фикрича, «Толибон»га бириккан гуруҳлар ўртасида унчалик ҳам яхлитлик йўқ, яъни ҳаракат ичида ўзига хос нозик жиҳатлар ва тортишувлар бор. Ва айни шу нозик ҳолат ўз аксини айрим муҳим масалалар ечимида топмоқда.
Яъни мутахассислар наздида, «Толибон» ҳаракатига бириккан пуштун радикал гуруҳларини ҳозирги кунда фақат бир асосий мақсад жипс­лаштириб турибди – бу ҳам бўлса Афғонистондан хорижий қўшинларни тезроқ чиқариб юбориб, мамлакатда ўз ҳукмронлигини таъминлаш вазифаси. Шундан келиб чиқиб, экспертлар «Толибон» таркибидаги ҳар хил қанот ва гуруҳлар ўртасидаги асосий кураш ва ўзаро тортишувлар айнан хорижий қўшинлар кетгандан сўнг, яъни толиблар мамлакатдаги ҳокимиятни тўлиқ ўз қўлига олгандан кейинги даврда бошланади, деб тахмин қилишмоқда.
Ҳақиқатан, ҳар бир «Толибон» гуруҳининг ўзига хослиги бор. Масалан, экспертлар фикрига кўра, асл келиб чиқиши Покистоннинг Белужис­тон вилояти пойтахти Кветта шаҳри бўлган ва «Кветта шўроси» номи билан танилган ҳарбий қанот вакиллари «Толибон» ҳаракатининг энг радикал қисмини ташкил қилади. Шунингдек, толиб­ларнинг «Ҳаққонийлар тармоғи» ва «Пешовар шўроси» каби гуруҳларини ҳам «Толибон»нинг радикал қанотига қўшишади. Шунингдек, «Ҳаққонийлар тармоғи»га Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти (бу ерда таниқли Ҳаққоний мадрасаси жойлашган) дўррони уруғидан келиб чиққан пуштунлар асос солишган бўлса, «Пешовар шўроси»ни эса Покистоннинг Пешовар шаҳридаги гилзай уруғи пуштунлари тузишган.
Эътиборлиси, «Толибон» таркибидаги айнан ана шу гуруҳлар «Ал-Қоида» билан яқин иттифоқдош бўлиш тарафдори ҳисобланади. Яқинда тарқатилган БМТ докладига кўра, улар ҳамон ана шу террорчи ташкилот билан алоқаларни узишмаган. Бундан ташқари, сиёсий таҳлилчилар ­фикрига қараганда, «Ҳаққоний тармоғи» лидерлари Марказий Осиё, Шинжон ёки Шимолий Кавказдан чиққан ва аввалдан алқоидачиларга иттифоқдош бўлиб келган «Ўзбекистон ислом ҳаракати», «Хатиб Имом ал-Бухорий», «Шарқий Туркистон ислом ҳаракати» ва бошқа террористик ташкилотлар билан ҳам алоқаларни сақлаб туришган экан.
Юқоридагидан келиб чиқиб, энди халқаро ҳамжамиятнинг асосий умиди «Толибон»нинг Дохада жойлашган «мўътадил қаноти»га қаратилган. Чунки барча музокараларни олиб бораётган айнан шу қанот лидерлари «Ал-Қоида» билан алоқаларга қарши чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, матбуотдаги маълумотга кўра, «мўътадил» толиблар Афғонистон тўлиқ назоратга олингандан кейин «Қуэтта шўроси»ни ва «Ҳаққоний тармоғи»ни барча террористик ташкилотлар билан алоқани узишга мажбур қилиш ҳақида ваъда беришмоқда.
Шунга ўхшаш фикр Буюк Британия штаби ­бошлиғи генерал Ник Картер томонидан ҳам билдирилмоқда. Унинг матбуотда тарқатилган сўзларига қараганда, «Толибон» раҳбарияти ўзининг аввалги хатоларидан сабоқ чиқарган. Картерга кўра, агар толиблар қандайдир тарзда ҳокимиятнинг бир қисмига айланса ёки уни бутунлай қўлга киритса, бу сафар улар халқаро ҳамжамиятдан четда қолишни исташмайди. Бу фикр, айниқса, «Толибон»нинг «Ал-Қоида» билан алоқаларига ҳам тегишли, аксинча эса, толиблар қандай босим тагида қолиши мумкинлигини тушунишади.
Ушбу масалада таҳлилчилар эътиборини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг матбуотда чиқиши ҳам ўзига тортди. Чунки Лавров ўзининг 1 июль куни берган интервьюсида юзага келаётган яна бир таҳдидга урғу бериб ўтди. Жумладан, Лавров толиблар билан тинчлик музокараларини тезроқ бошламасдан вақтни чўзаётган афғон ҳукуматининг айрим расмийларини қаттиқ танқид остига олди. Унинг фикрича, ИШИД жангарилари юзага келган ана шу «пауза»дан фойдаланиб, Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига келиб жойлашишга уринишмоқда экан.
Лекин яқин келажакдаги истиқбол шуни кўрсатмоқдаки, эртами-кечми, хорижий кучлар бу юртдан чиқиб кетиши муқаррар. Балки айнан шу факт ички сиёсий гуруҳларни афғон можаросини, ниҳоят, ўзаро, яъни хорижий ўртакашларсиз ва қозиларсиз ҳал қилишга уриниб кўриш учун бир туртки бўлар.
Қолаверса, 25 июнь куни Вашингтонда АҚШ президенти Байден ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳамда Миллий ярашиш бўйича Олий кенгаш раиси Абдулла Абдулла ўртасида олиб борилган музокараларда ҳам айнан шундай истиқбол ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Албатта, афғон муаммоси атрофидаги фикрлар бугун турфа хил. Хусусан, таниқли исроиллик эксперт Яков Кедми «яқин келажакда Афғонис­тондаги ҳокимиятни ўз қўлига олиши ва сақлаб қола олиши мумкин бўлган ягона куч – бу Толибон режими бўлади», деб таъкидлади (тўғри, у Россия­нинг «Спутник» радиосига берган интервь­юсида толибларни террорчилар гуруҳи деб ҳам атаб, уларни янчиб ташлашга чақирди).
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вазиятда толибларга Афғонистондаги вазиятни тўлиқ ўз назоратига олиб, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиши мумкин бўлган асосий куч сифатида қараш мумкиндир. Ахир, холисона олиб айтганда, кимдир ушбу вазифани ва масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олгани маъқул эмасми?!
Эътиборлиси, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия каби йирик куч марказлари ҳам ана шу фикрни гўё қабул қилгандек ва ўз режаларини шундан келиб чиқиб қураётгандек таассурот уйғотмоқда.
Чунки «Толибон»ни тан олиш ва у билан жиддий иш олиб бориш вақти етиб келганини бошқа йирик давлатлар ҳам сезди.
Шу билан бир қаторда, манфаатдор ташқи кучлар толибларнинг мамлакатда якка ҳукмронга айланишига йўл қўймайди, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Ушбу фикрларга кўра, улар толиблар олдига Шимолий альянс ва бошқа афғон гуруҳлари келажакда тузилажак коалицион ҳукуматга кириши ҳақида аниқ шарт қўйиб, улар ҳам мамлакат ичкарисидаги ўз сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлишига ёрдам беради.
Хуллас, Афғонистондаги қуролли толиблар мухолифати, расмий ҳукумат ва бошқа сиёсий кучларнинг тинчлик музокараларига киришиши ва ўзаро муросага келиши осон кечадиган иш эмас. Ҳозир АҚШ ва бошқа йирик давлатларни ташвишга солаётган асосий нарса, бу – ана шу тинчлик музокаралари бошланишининг чўзилиб бораётгани.
Мутахассислар тахминига кўра, балки Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулланинг Вашингтонга ташрифи ва у ердаги бўлиб ўтган мулоқотлар ушбу жараённи тезлаштира олар?

Ташқи доирада қандай ёндашувлар кузатилмоқда?

Маълумки, ташқи куч марказлари Афғонис­тон йўналишидаги сиёсатда ҳар хил ва айниқса, ­тескари манфаатларни илгари суради.
Бироқ нима бўлганда ҳам, тўхтамаётган можарога ҳадеб аралашавериш ушбу кучларни ҳам анча толиқтиргани кузатиляпти. Хуллас, улар ўртасидаги Марказий Осиё бўйича доимий геосиё­сий рақобат ўз йўлида давом этаверади. Бироқ афғон уруши туфайли туғилаётган хавф ва таҳдид­лар ҳозир уларга ҳам керак эмас.
Шу билан бир қаторда, мутахассисларнинг фикрича, халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги фикрини эътиборга олмаслик толибларни яна бир бор ҳалокатга олиб келиши мумкин. Яъни агар вазият тақозо этса, хорижий ва ички кучлар тезда бирикиб, ҳарбий-сиёсий босим уюштириши муқаррарлигини улар яхши тушунишмоқда.
Жумладан, Дохада эришилган Тинчлик шартномаси борлиги ва қўшинлар чиқиб кетаётганига қарамай, АҚШ ҳарбий дронлари керакли пайтда толибларга бот-бот зарба бериб туриши бежиз эмас.
Боз устига, Россия матбуотида ёзилишича, агар ҳарбий зарурият туғилса, Сурия «тажрибаси»дан фойдаланилади, яъни Россия Федерация­си Ҳарбий-космик кучлари жангариларга масофадан туриб, Афғонистонга кириб ўтирмасдан, аниқ ва қақшатқич зарбалар бериш эҳтимоли борлиги очиқчасига муҳокама қилинмоқда.
Яқинда Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла билан Вашингтонда бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида ҳам АҚШ ҳукумати расмий Афғон ҳукуматини ёлғиз ташлаб қўймаслигини, жумладан, унинг хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун 2021 йилда 3 миллиард доллар (2022 йилда – 3,3 миллиард доллар) ва «фуқаровий қўллаб-қувватлаш» сифатида эса 300 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Кези келганда қайд этиш жоиз, АҚШ ҳукумати қарийб 20 йил давомида ёрдам сифатида Афғонистонга деярли 88 миллиард доллар ҳарбий, 36 миллиард иқтисодий ва 3,9 миллиард доллар гуманитар ёрдам берган.
Бундан ташқари, Вашингтон олиб чиқилаётган қўшинларнинг бир қисмини қўшни мамлакатларда вақтинча бўлса-да, сақлаб туриш режасини ҳам кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айтишларича, бу Пентагонга афғон ҳарбий театридаги тез ўзгариб турган вазиятга нисбатан жадал манёвр қила олиш имконини берар экан.
Шунингдек, барча хорижий кучлар чиқиб кетаётган паллада нега Туркия, толиблар норозилигига қарамасдан, ўз ҳарбийларини афғон ҳудудида (Қобул аэропортини қўриқлаш баҳонасида) қолдиришга астойдил ҳаракат қилмоқда, деган савол ҳам таҳлилчиларни ўйга соляпти. Улар Туркия нафақат АҚШ/НАТО кучлари ва расмий Қобул ҳукумати билан бу тўғрида алоҳида келишиб олган бўлиши мумкин, деган эҳтимолни олға суришаётир. Шунингдек, Туркия толиблар билан алоқа ўрнатиб, улар билан мунтазам равишда иш олиб бораётгани ҳам сир эмас. Бу нуқтаи назардан, айрим экспертлар Туркия ислом дунёсидаги энг нуфузли давлатлардан бири сифатида афғон ички гуруҳлари ўртасида медиаторлик вазифасини бажариш салоҳиятига эга давлат деб қарамоқда. Агар ушбу режа амалга ошса, бу келажакда Туркияга афғон диёрида инвестицион лойиҳалар ва бошқа соҳаларда кенг имконлар очиб беради.
Лекин экспертлар қайд қилганидек, АҚШ ва НАТОнинг (Туркия эса айнан ушбу ташкилот аъзоси) «кетиб туриб, кетмаслик» қабилидаги геосиёсий уринишлари, турган гапки, Саудия Арабис­тони, Покистон, Россия ва Хитой томонларига ёқмаслиги аниқ.
Эрон-афғон алоқалари ҳақида гап кетганда, таҳлилчилар толибларнинг 90-йиллардан то 2001 йилгача Эронга ва ушбу давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳазорийларга (улар афғон шиаларининг аксариятини ташкил қилади) нисбатан очиқчасига душманлик сиёсатини олиб боришганини эслатади. Лекин кейинги пайтларда Эрон ва толиблар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатилгани ҳам рост. Боз устига, айнан шу кунларда бўлиб ўтаётган расмий Қобул ва толиблар ўртасидаги музокаралар ҳам Теҳронда ташкил қилингани эътиборга молик.
Ҳинд раҳбариятининг афғон можаросига ёндашуви ҳақида сўз юритилса, экспертлар Деҳли ўз олдига Афғонистонда Покистоннинг таъсирини камайтириш, иқтисодий томондан эса ушбу мамлакатга Хитой экспансиясининг олдини олиш ва Кашмирга хавф соладиган террористик гуруҳларга қарши курашиш каби мақсадларни қўяётганига эътибор қаратишади.
Россия сиёсати ҳақида тўхталадиган бўлсак, ушбу давлат Афғонистонда тезроқ уруш тўхтаб, тинч ва барқарор ривожланиш бошланишининг тарафдоридир. Тўғри, ҳозир Россия бу ерда ўз қўшинларига эга эмас ва ушбу давлатдаги вазиятга ўзи истаган тарзда жиддий таъсир ўтказа олмайди.
Лекин ҳозирги РФ атрофида юзага келган ташқи ва ички тангликни ҳисобга олиб, Россия раҳбарияти яна бир бор афғон урушига тўғридан-тўғри аралашиш каби таҳликали уринишдан ўзини тийиб туриши эҳтимоли кучлироқ туюлмоқда. Шу сабабли, ўз ҳамкорлари билан келишган ҳолда афғон йўналишида Россия КХШТ ва ШҲТ ташкилотлари шамсиясидан кенг тарзда фойдаланишни ҳам режалаштириши кутилмоқда.
Шунингдек, Россия ва Хитой раҳбариятларини АҚШнинг Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида ўз ҳарбийларини маълум муддатга (яъни Афғонис­тондаги вазият барқарор тусга киргунича) жойлаштириб туриш фикри «вақтинчалик» мақомидан «доимий» тарзга айланиб кетиш эҳтимолидан ташвишга тушаётгани кўзга ташланди. Жумладан, ушбу хавотирдан келиб чиқиб, Россия матбуотида зудлик билан Ўзбекистон доктринаси ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар жойлашишига йўл қўймайди, каби эътирозли эслатишлар бошланди.
Қолаверса, Россия Осиё қитъасида, айниқса, Марказий Осиё йўналишида, кўпроқ тарихий тажрибага ва имконларга эга десак, муболаға бўлмас. Чунончи, америкалик ёки европаликлардан фарқли ўлароқ, Россияда бу минтақада жойлашган халқлар менталитетини яхши тушунишади, яъни осиёликлар билан қандай мулоқот олиб боришни билишади.
Аммо кейинги 30 йилдан зиёд вақт ичида Россиянинг Афғонистондаги манфаатлари анча сояда қолиб кетгани ҳам рост гап. Шу нуқтаи назардан, АҚШ/НАТО қўшинларининг чиқиб кетишига Москва томонидан афғон йўналишида ўзи учун юзага келаётган қулай бир геосиёсий имконият сифатида қаралиши мумкин. Масалан, Москва айнан кейинги босқичдаги вазиятга тайёргарлик кўришни бошлаган. Аниқроқ айтганда, ўз режаларини АҚШ/НАТО кучлари чиқиб кетгандан ­ кейинги даврга мўлжаллаб тузиб чиқмоқда, деган тахминлар бор.
Ушбу фикрларга кўра, афғон йўналишидаги келажакдаги амалий ҳаракатларда Россия ўзининг Тожикистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базаларига таяниб иш кўриши мумкинлиги кўзда тутиляпти. Шу ўринда, рус матбуотида Қирғизис­тон ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоевдан иқтибос келтирилиб, қирғиз ҳукумати Қантдаги Россия ҳарбий базасининг жиддий тарзда кенгайтирилишига ва мустаҳкамланишига қарши эмас, деган хабар ҳам тарқатилди.
Хитойнинг афғон сиёсати ҳақида сўз юритилганда эса унинг ёндашувини «фаол кузатиш» тактикаси деб аташ мумкин. Халқаро экспертлар Пекин Афғонис­тонда тезроқ тинчлик ва барқарор режим ўрнатилиши тарафдори эканини эътироф этишади. Лекин улар фикрига кўра, ҳокимиятнинг диний радикал гуруҳлар қўлига ўтиши ва бунинг орқасидан келажакда уйғур ва бошқа мусулмонлар яшайдиган Шинжондаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиш хавфи пайдо бўлиши мумкинлиги Хитой тарафини жиддий ўйлантириб қўймоқда. Айнан шу жиҳатдан ХХР ва Ғарб давлатлари ёндашувида ўзига хос яқинлик мавжуд.
Аммо кейинги пайт­ларда Хитой диний, шу жумладан, исломий режимлар билан мулоқот қилиш ва улар билан иш олиб боришда анча тажрибага эга бўлди. Масалан, Пекин яқиндагина Эрон руҳоний раҳбарлари билан келишган ҳолда ушбу давлат иқтисодиётига 25 йил муддат ичида 400 миллиард долларлик сармоя киритиш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек, хитойликлар аллақачон толиблар билан ҳам алоқа ўрнатгани ҳақида матбуотда маълумот бор.
Айни пайтда Хитой Ўзбекистон олға сураётган Трансафғон темир йўли лойиҳасини молиялаштиришга ҳам қизиқиш билдиряпти. Боз устига, хитой компаниялари аллақачон Афғонистонда иш олиб бормоқда. Ва улар ушбу мамлакат ҳудудида жойлашган қазилма бойликлари ҳақида етарлича маълумотга эга ва келажакда уларни ўзлаштиришда қатнашиш режалари ҳам йўқ эмас.
Покистон томони ҳам Афғон можароси туфайли юзага келаётган муаммолар ва хавф-хатарлардан чарчаган. Жумладан, Покистоннинг шимолий ҳудудларида давом этаётган нотинчлик ва террористик ҳаракатлар туфайли расмий Исломобод ҳозирги кунга келиб «Толибон»га нисбатан ўз ёндашувини ўзгартирган. 80-90-йилларда ушбу ҳаракатни ҳар тарафлама қувватлаган Покистон ҳам бугунги кунда тезроқ тинчлик ўрнатилиши тарафдорига айланган.
Бундан ташқари, Покистон раҳбарияти Ўзбекистоннинг Афғонис­тонга тегишли тинчлик ташаббусларини юқори баҳолайди ва айниқса, Трансафғон темир йўли лойиҳасини қизғин қўллаб-қувватламоқда. Яъни экспертлар фикрига кўра, ушбу лойиҳанинг Покистон иқтисодий салоҳиятининг бир неча баробар ўсишига олиб келиши истиқболини фаҳмлаб, расмий Исломобод унга ўта жиддий ёндашмоқда.
Шу туфайли, Қобулда ким ҳукмронлик қилишидан қатъи назар, Покистон бу қўшни давлатдаги сиёсатида ана шу лойиҳани илгари суриши аниқ бўлмоқда. Бу эса Исломободни Ўзбекистон билан доимий дўстона алоқада бўлиб, ўзбек тарафи билан мунтазам сиёсий ва иқтисодий маслаҳатлар ўтказиб туришга ундайди.
Хуллас, ҳозирги кунда экспертлар дунёдаги деярли барча манфаатдор йирик куч марказларининг Афғонистонда тезроқ тинчлик ва барқарорлик юзага келишидан манфаатдор эканига ишора қилишмоқда.
Ҳарқалай, буни сезган толиблар ҳам ушбу гал ниҳоятда ҳушёр ва эҳтиёт бўлиб иш тутишади, яъни Афғонистондаги расмий ҳукумат ва бошқа сиёсий гуруҳлар ўзаро муросага интилган, уларнинг манфаатини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилишга мажбур бўлади, деган тахминлар мавжуд. Агар вазият ҳақиқатан ҳам шундай кўриниш оладиган бўлса, бу айни муддаодир.

«Шавкат Мирзиёев феномени» ҳақида. Ўзбекистон Президенти Афғон можаросини ҳал қилишга ёрдам бера оладими?

Кўҳна тарихда айрим буюк шахсларнинг ўз давридаги жараёнларга ўтказган катта таъсири ҳақида кўплаб мисоллар топиш мумкин. Аммо яқин ўтмишдаги Ўзбек давлатчилигида Шавкат Мирзиёев халқимизнинг мозийлар оша ўтиб келаётган тинчликсеварлик мафкураси ва яхши қўшничиликка асосланган дунёқарашларини ўз ташқи сиёсатида ёрқин мужассам қила олган илк давлат раҳбари бўлди.
Шу жиҳатдан, кейинги қисқа вақт ичида минтақамизда айнан Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари туфайли янгича геосиёсий ва геоиқтисодий муҳит яратилди. Пировардида Марказий Осиё ниҳоят яхлит бир минтақа сифатида шакллана бош­лагани инкор этиб бўлмас ва эътирофга молик тарихий фактдир.
Хуллас, Марказий Осиёни «ҳамкорлик ва тараққиёт минтақаси»га, қўшни давлатлар чегараларини эса ўзаро иқтисодий ўсиш ва имкониятлар яратиш базасига айлантириш каби ташаббуси туфайли халқаро майдонда ҳам Ўзбекистоннинг ҳурмат-эътибори тобора ошиб боряпти.
Ҳозирги кунда «Янги Ўзбекистон» деган атама нафақат Марказий Осиё, балки унинг атрофидаги кенг майдонда ҳам баралла янграб, минтақада ўзгача бир геосиёсий омил – «Шавкат Мирзиёев феномени» юзага келганини англатмоқда.
Тез суръатда ўсаётган кўрсаткичлар ушбу ижобий жараённи ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, матбуотда чоп этилган хабарга кўра, минтақадаги беш давлатнинг ялпи ички маҳсулоти 2017 йилда 253 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига келиб, пандемия бўлишига қарамай, бу кўрсаткич 300 миллиард долларга етди. Шу ўринда ички минтақавий савдо айланмаси ҳам 2016-2020 йилларда 56 фоизга ошиб, 168 миллиард долларни ташкил этди.
Минтақанинг ташқи имижи ҳам ижобий томонга ўзгарди. Бу омил, айниқса, халқаро туризм бозорида сезилди. Жумладан, 2017 йилда минтақага 9,5 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, пандемия даврига қадар бу кўрсаткич икки баробар ошган. Бу жараён хорижий сармоялар оқимининг кучайишида ҳам сезилди. 2016-2020 йилларда минтақага киритилган хорижий сармоялар 40 фоиз ўсиб, жами 37 миллиард долларни ташкил этди.
Қолаверса, қўшни давлатлар ҳам ушбу феномен туфайли Марказий Осиёда юзага келган янги трендларни ижобий баҳолаб, ўзларининг ички сиёсатида ва минтақавий хатти-ҳаракатларида Шавкат Мирзиёев сиёсатидан ўзига хос андоза олишга уринишмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Жумладан, чегара масалаларида Ўзбекистон раҳбарининг бағрикенглик ва яқин қўшничилик сиёсати минтақадаги бошқа давлатларга катта бир ўрнак бўлаётгани айни ҳақиқат. Мазкур тенденция, айниқса, қирғиз-тожик муносабатларида ўзининг яққол ифодасини топяпти.
Маълумки, яқиндагина қирғиз-тожик чегарасида тўқнашув бўлиб ўтди. Аммо бу воқеадан кейин қанчалик оғир бўлмасин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28-29 июнь кунлари Душанбега расмий ташриф билан келди. Боз устига, ҳар икки давлат президентлари чегара масалаларини фақат тинчлик ва дўстлик мезонлари асосида ҳал қилишни келишиб олиш учун ўзларида сиёсий куч топа олишди.
Яна бир мисол. Шу йилнинг 23 июнь куни афғон ҳукумати ҳарбийлари қўшни Тожикис­тонга илк бор қочиб ўтишганда, президент ­Эмомали Раҳмон биринчи навбатда Ўзбекистон ва Қозоғис­тон раҳбарларига телефон қилиб, улар билан вазият юзасидан маслаҳат қилди. Ким билади, агар минтақада ҳали ҳам илгариги ўзаро ишончсизлик муҳити ҳукм сурганда, балким ушбу телефон авваламбор ­Москва, Вашингтон ёки Пекиндаги раҳбарларга қилинган бўлармиди?!.
Умуман олганда, бу каби тажриба алмашиш ёки андоза олиш жараёнига нормал ҳолат деб қараш лозим. Чунки минтақада очиқлик сиёсатини юргизаётган Ўзбекистон ҳам қўшни давлатларнинг илғор тажрибасидан ва ижобий ютуқларидан ўрнак олишга тайёрлигини намоён қилиб келяпти.
Шавкат ­Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу масалага бўлган ёндашувини қуйидаги оддий, лекин аниқ сўзлар билан ифодалади: «Афғонистон хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги», демакдир.
Энг муҳими, Тошкентнинг янгиланган сиёсати Афғонистондаги барча сиёсий кучлар ҳамда расмий ҳукумат, энг асосийси, оддий афғон халқи ҳамда шу юртда муқим яшаб келаётган ўзбеклар томонидан муносиб кутиб олинди. Ҳаттоки, Толибоннинг Қатардаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий ҳам «толиблар тинч­лик, барқарорлик ва хавфсизлик манфаатлари йўлида ташаббусларни илгари сураётган Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди», деб таъкидлади.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг «афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир», деган ғояси 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича юқори даражадаги конференция натижаларида ўз аксини топди.
Қайд этиш лозимки, ушбу нуфузли тадбир Афғонистон ички ва ташқи доирасидаги жараёнларга катализатор сифатида таъсир ўтказиб, можаронинг ечимини топиш учун замин яратди. Воқеликлар давоми шуни кўрсатдики, айнан ушбу анжумандан сўнг АҚШ ҳукумати ва «Толибон» музокараларга киришиб, 2020 йил 29 февраль куни Дохада ўзаро Тинчлик шартномасини имзолашга эришди.
Ўзбекистон учун эса энг муҳими – Афғонис­тонда уруш тўхтаб, тинч ва барқарор муҳитнинг юзага келишидир. Фақат шундай вазиятгина Ўзбекистоннинг жанубий йўналишдаги, шу жумладан, ушбу қўшни давлатга тегишли кўплаб геостратегик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай замин яратиб беради.

Хулоса ўрнида

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» номли халқаро конференция жуда муҳим ва теран тарихий аҳамият касб этади.
Зеро, «Шавкат Мирзиёев феномени» деб танилаётган Ўзбекистоннинг фаол ва инсонпарварлик дипломатияси Афғонистон ҳудудини Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғлайдиган кўп­рик мақомига эга бўлишига, яъни афғон диёри орқали икки субминтақа ўртасида ўзига хос иқтисодий-географик коридор пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, авваламбор, Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар учун жанубга йўл очилади, яъни улар учун янги савдо йўллари орқали Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ бозорларига тўғридан-тўғри кириб бориш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ниҳоят «берк давлат» деган мақомдан қутулиб, ўзининг транзит ва экспорт салоҳиятини кенг кўламда ривожлантириш имконига эга бўлади. Натижада эса ялпи ички маҳсулоти 3,4 триллион доллар бўлган Жанубий Осиё мамлакатлари биз учун йирик иқтисодий бозор бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Жанубий Осиё мамлакатлари ҳам Афғонистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали шимол тарафдаги бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия ва Хитой бозорларига қисқа йўл билан кириб келишлари мумкин.
Ушбу ижобий имконият Афғонистонни йирик транзит давлатга айлантириб, мамлакат иқтисодиётини жадал тарзда ривожлантириш истиқболини яратади. Боз устига, ушбу юртга хорижий сармоялар оқими кучайиб, унинг ҳудудида жойлашган қазилма бойликлар афғон халқи равнақига хизмат қилишни бошлайди.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат ­Мирзиёев илгари сураётган ва жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаётган «Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар» темир йўли қурилиши лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг иқтисодий-ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартириши ва уларнинг равнақида мисли кўрилмаган тарзда улкан ижобий натижаларга олиб келиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, анжумандан кутиладиган натижа – «Шавкат Мирзиёев геосиёсий феномени» ўз таъсир кучини халқаро майдонда яна бир бор намойиш этиб, Ер юзининг 2 миллиарддан кўпроқ одами яшайдиган ана шу қисмидаги геосиёсий ва иқтисодий-ижтимоий вазиятни яқин келажакда ижобий тарафга тубдан ўзгартириш билан боғлиқдир.

Турдиқул БЎТАЁРОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Ахборот-таҳлил
маркази директори ўринбосари,
мустақил тадқиқотчи