Косонсой туманида сел келиши ҳодисаси ҳақида маълумот берилди

745

Наманган вилояти Косонсой туманида 13 июль кундузи кузатилган гидрометеорологик вазият тўғрисида «Ўзгидромет» маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 июль куни Қирғизистон Республикасининг шимоли-ғарбий қисми ва Қозоғистон жанубидан атмосфера совуқ фронти ўтди. Куннинг иккинчи ярмида фронт ўтиши ортидан, Фарғона водийси тоғ ҳавзаларида кучли ёмғирли тўп-тўп булутлар ривожланди.

Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Оқсув ва Олабуқа туманларида маҳаллий вақт 12:35 ва 13:25 оралиғида кучли жала ёмғирлар ёғиб ўтди. Кучли жала ёмғирлар Жалолобод вилояти Оқсув тумани ва Наманган вилояти Косонсой туманидан оқиб ўтувчи Косонсой сойида сел оқимини ҳосил қилди.

Наманган вилояти Косонсой тумани айрим ҳудудларида қисқа муддатли жала ёмғирлари ва дўл ҳодисаси кузатилди. Ўртача ҳисобда дўл диаметри 1 см ни ташкил этди.

Косонсой тумани тоғ олди ҳудуд ҳисобланиб, географик жойлашганлигига кўра, сел-тошқинлари ҳосил бўлишига мойил ҳудуд саналади. 2021 йил 13 июль куни қўшни Қирғизистон Республикаси ҳудудларида кузатилган кучли жала ёмғирлар ҳисобига шаклланган Косонсой сойидаги сел ҳодисалари олдинлари туманнинг бошқа сойларида ҳам тез-тез такрорланган.

2021 йил 13 июль куни Косонсой сойидан максимал 60 м³/с миқдордаги сел-сув тошқини ўтган. Бу Косонсой сойи учун максимал миқдор эмас. Косонсой сойида сел ҳодисалари 1878 йилдан бошлаб рўйхатга олиб келинади. Сойда сел ҳодисалари асосан, апрель-июль ойларида ҳосил бўлади. Косонсой сойида тез-тез сел ҳодисалари кузатилган бўлиб, 1964 йил 27-28 июлда 278 м³/с, 1988 йил 1 майда 200 м³/с, 1992 йил 25 майда 250 м³/с миқдорида сел келган.

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази маҳаллий аҳолидан 2021 йил 14-17 июль кунлари Қирғиз Республикаси билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликни сўраб қолади.