Лицензиялаш тартиби “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилади

746

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–701-сон, 14.07.2021 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қонун билан 49 та лицензиялар, 120 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 33 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

Қонунга кўра, фаолиятни амалга ошириш ҳаёт ва соғлиққа, атроф-муҳитга зарар, ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга, жамоат хавфсизлигига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлса, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жорий этилади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш ва улар билан боғлиқ бошқа тартиблар барча учун очиқ бўлган “Лицензия” ахборот тизими (махсус электрон тизим) орқали амалга оширилади.

Юридик шахслар филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензиялар ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.

Бунда аввал олинган лицензияларда ва рухсатномаларда филиаллар ва ваколатхоналарнинг манзиллари кўрсатилади.

Филиаллар ва ваколатхоналар ташкил этган юридик шахслар ваколатли органни махсус электрон тизим ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали хабардор қилади.

Лицензиялар, рухсат бериш ҳужжати ва хабарномалар реестрлари фаолият тури бўйича алоҳида-алоҳида махсус электрон тизимда очиқ электрон шаклда юритилади.