Нукусда коронавирусдан даволанаётган ҳомиладор аёл фарзандли бўлди

1016

Нукус махсус тиббиёт мажмуасида даволанаётган ҳомиладор аёл эсон-омон ўз фарзандини дунёга келтирди. Шифокорлар она ва боланинг соғлиги яхши эканлигини таъкидлашмоқда. Чақалоқнинг бўйи 51 сантиметр, оғирлиги эса 3,5 килограмни ташкил қилмоқда. Айни пайтда она ва бола тажрибали шифокорлар назорати остида.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар қилишича,  жорий йилнинг  15 июль ҳолатига ҳудуд бўйича коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар сони 1063 кишини ташкил қилган.

100 фуқаро – Шимолий-ғарбий ҳарбий горнизони ҳудудида жойлашган Нукус махсус тиббиёт мажмуасида стационар шароитда даволанмоқда. Шундан: 13 нафар беморнинг аҳволи оғир, 2 нафар бемор жуда оғир аҳволда, 1 бемор вафот этган. Қолган 87 нафар беморнинг аҳволи ўртача. Беморлар дори-дармон ва беш маҳал овқат билан таъминланган.

Ҳозирга қадар 112 нафар бемор соғайиб, уйига рухсат берилган. Айни пайтда 963 нафар фуқаро коронавируснинг енгил симптомлари билан уй шароитида ҳудудий поликлиникалар назорати остида даволанмоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,

ISHONCH