Тошкентлик Олимпиячи ва паралимпиячи спортчилар 100 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди

697

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги «2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини муносиб тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, мавжуд спорт салоҳияти ва имкониятларидан максимал даражада оқилона фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг юқори сифатли тайёргарлигини ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Иқтидорли ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш, ёшлар орасида юқори иқтидор ва салоҳиятга эга бўлган ҳаваскор ёшларни саралаб олиш ва улардан мамлакат терма жамоаларининг ишончли захирасини шакллантириш мақсадида Тошкент шаҳри ёшлари ўртасида туман ва шаҳар миқёсида мунтазам равишда мусобақалар ташкил этилмоқда.

Аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш мақсадида жорий йил январь-июнь ойларида мавжуд 531 та маҳаллада 1546 та спорт мусобақалари ва жисмоний тарбия тадбирлари ўтказилди.

Пойтахтлик спортчилар Республика миқёсида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида фаол иштирок этиб, 831 та олтин, 724 та кумуш ва 1096 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Тошкент шаҳри номидан XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни (лицензияни) қўлга киритган 20 нафар, шу жумладан 17 нафар Олимпия ва 3 нафар Паралимпия спортчиларини Токиода бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақаларда фақат ғалаба сари интилишлари ҳамда улкан натижаларга эришиб, Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришлари учун уларни руҳлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан пойтахтлик олимпиячи ва паралимпиячи спортчиларнинг ҳар бирига 100 млн. сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

XXXII ёзги Олимпия ва XVI ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шаънини юксакларга кўтаришга бел боғлаган пойтахтлик спортчиларга келсак, теннисчи Денис Истомин, спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналишида Светлана Радзивил, замонавий бешкурашда Алисе Фахруддинова, Александр Савкин, таэквондо WТФдан Никита Рафалович, Улуғбек Рашитов ва Нигора Турсунқулова, эркин курашчилар Жавраил Шапиев, Ибрагим Магамедов, боксдан Баҳодир Жалолов, Санжар Турсунов, нафосат маликалари, яъни бадиий гимнастикачилар Сабина Тошкенбаева, Динара Равшанбекова, Камола Ирназарова, енгил атлетикачи Суҳроб Ходжаев, паралимпиячилар – узунликка сакраш бўйича Дониёр Салиев, ядро улоқтиришда Сафия Бурханова, пара сузишдан Нигорахон Мирзохидова шулар жумласидандир.

Уларга бўлажак мусобақаларда улкан ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз. Сизларни бутун Ўзбекистон халқи қўллаб-қувватлайди ҳамда юқори натижаларга эришиб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришингизга ишонади.