Сиҳат тиласанг…

2015

ёхуд тўғри овқатланиш ва спорт билан шуғулланишнинг аҳамияти хусусида

Экология ва атроф-муҳитда рўй бераётган ўзгаришлар, техника ва технологияларнинг ривожланиши кўплаб афзалликлар яратиши билан бир қаторда, инсон саломатлиги учун зарарли, ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент педиат­рия тиббиёт институти Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бош­лиғи, тиббиёт фанлари доктори, доцент, II даражали «Саломатлик» ордени соҳибаси Севара УБАЙДУЛЛАЕВА билан шу мавзуда суҳбатлашдик.

– Аввало, айтинг-чи, соғлом турмуш тарзи ўз ичига нималарни қамраб олади?
– Соғлом турмуш тарзининг асосий йўналиш­лари шахсий ва жамоа гигиенаси қоидаларига ҳамда кун тартибига қатъий риоя қилиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлардан тийилиш, тўғри овқатланиш, меҳнат қилиш ва дам олиш, муомала маданияти, руҳий хотиржамлик, тиббий маданиятлилик ва жинсий тарбия ҳисобланади. Унга амал қилмоқчи бўлган киши ушбу йўналишлардан ҳар бирининг энг оддий тартиб ва тамойиллари меъёрини билиши лозим. Масалан, инсон ўзидаги зарарли одатларнинг ножўя таъсирлари оқибатини ҳис этиши ва улардан қутулишга мунтазам равишда интилиши керак.
Ҳозирги пандемия шароитида ҳукуматимиз кексаларни ва фуқароларни имкон қадар асраб-­авайламоқда, уларни кўчага заруратсиз чиқмасликка ундамоқда. Бундай вазиятда ҳам уйда енгил машқларни бажариш, эрталабки бадантарбия билан шуғулланиш барча учун жуда фойдали. Ёшлар ва аёллар уй юмушлари билан шуғулланишлари сабабли серҳаракат бўлишади, аммо кексалар енгил ҳаракатларни тўхтатсалар, таянч ҳаракат аъзолари фаолияти сусайиши, қон босимида салбий ўзгариш­лар кузатилиши мумкин. Шу боис, иммунитетни кўтариш, семириб кетмаслик ва саломатликни асраш нуқтаи назаридан ҳам жисмоний ҳаракатларни ва машқларни канда қилмаслик жоиз.
– Таомномаларимиз тобора бойиб бораётган пайтда тўғри овқатланиш учун нималарга риоя қилиш керак?
– Табобат илми билимдонлари дори қабул қилишдан кўра, тўғри овқатланиш ва парҳез тутишнинг самараси бир неча баробар яхшилигини таъкидлашган. Алишер Навоий бобомиз «Сиҳат тиласанг, кам е, иззат тиласанг, кам де», деган. Таом ёшга, соғлиққа, фаслга ва касб-корга қараб, меъёрида истеъмол қилинса, инсон касалликка кам учрайди.
Миллий таомномамизга қўшимча равишда эндиликда Европа, Осиё ва бошқа жойларда яшовчи халқлар таомлари ҳам дастурхонимиздан жой эгалламоқда. Ҳолбуки, ҳар бир ўлканинг ­тао­ми ўз иқлимига мос бўлади. Буни ҳисобга олмай, турли таомларни қўшиб ёки пала-партиш истеъмол қилиш, ушбу ҳолатнинг муттасил такрорланиши организм­ни ҳолдан тойдиради. Оқибатда турли хасталикларга чалинишлар кўпаяди.
Касаллик овқатланиш билан чамбарчас боғлиқлигини назарда тутсак, бу борадаги маданиятимиз намунали даражада эмаслиги аён бўлади. Тўй-ҳашамларимизда таомлар аралаш тортилади, ширинликлар ва бошқа ноз-неъматлар кўплигидан тартибсиз тановул қилинади. Буларнинг барчаси саломатликка хавф туғдиради.
Сўнгги йилларда бутун дунёда аҳолини табиий маҳсулотлар билан таъминлаш имкони тобора қийинлашмоқда. Устига-устак, уларнинг нархи қимматлашмоқда. Оқибатда одамлар сунъий тайёрланган, қуруқ маҳсулотларни истеъмол қилишга мажбур бўлишмоқда. Уларнинг таркибида эса инсон соғлиғи учун зарарли шакар, туз ва ёғ кўп. Шу боис, қуруқ таомлар ва ярим тайёр маҳсулотлардан имкон қадар воз кечиш, нонушта пайти мевали, сутли, ёрмали бўтқалар тановул қилиш мақсадга мувофиқ. Чой ва қаҳва танага кўпроқ керак бўладиган сув ўрнини босолмайди. Айтайлик, ярим литр сув моддалар алмашинувини 30 фоизга яхшилаб, овқат ҳазм бўлишини енгиллаштиради. Демак, иложи борича кўпроқ сув ичишга одатланиш, оч қоринга ширинлик еб, ошқозон ости бези зўриқиб ишлашига йўл қўймаслик, аралаш-қуралаш овқатланишдан тийилиш лозим.
– Болаларни соғлом вояга етказишда нималарга эътибор қаратган маъқул?
– Аслида болани парваришлаш ҳомиладорлик пайтидан бошланади. Бу пайтда онанинг саломатлиги, ундаги йўлдош касалликлар ҳам ҳомилага таъсир кўрсатишини унутмаган маъқул. Чақалоқни дастлабки 6 ой давомида фақат онанинг кўкрак сути билан боқиш, иложи бўлса, уни икки ёшгача ҳам кўкрак сутидан мосуво қилмаслик керак.
Бир ёшдан ошган болалар озиқ-овқатида маҳсулотлар ранг-баранглигига аҳамият қаратиш, уларнинг асосий қисмини ўсимлик маҳсулотлари ташкил қилишига эришиш муҳим. Нон ҳамда ­бошқа ун маҳсулотларини, ёрма ва картошкани, турли мева-сабзавотларни бир неча бор (400-500 граммдан кам бўлмаган миқдорда) истеъмол қилиш зарур. Ёғли гўшт ва гўшт маҳсулотларини дуккакли маҳсулотларга, ёғсиз ёки балиқ ва парранда гўштларига алмаштириш даркор. Таркибида ёғ миқдори кам бўлган сут, шунингдек, ёғи ва тузи кам сут маҳсулотларини истеъмол қилиш, овқат билан бирга чой эмас, табиий шарбатлар ёки қайнатилган сув ичиш тавсия этилади.
Бундан ташқари, бола соғлом ўсишида уни спортга ошно қилишнинг аҳамияти катта. Чунки ёшликдан спорт билан шуғулланган бола улғайганида ҳам ундан воз кечолмайди. Қолаверса, спорт билан шуғулланиб, чаққон ва чайир бўлиб улғайган болалар касалликни бошқа тенг­қурларига нисбатан осонроқ енгади. Агар ота-­оналар болаларини спортнинг улар саломатлиги учун фойдали ва жисмоний нуқсонларини бартараф этишга ёрдам берадиган тури билан шуғулланишга одатлантирсалар, нур устига нур бўлади.
Масалан, сузиш партада эгилиб ўтириш туфайли сколиозга учраган ёки кўкрак ва бел умуртқалари қийшайган, рахит ва нафас йўллари тез-тез шамоллаб турадиган болалар учун фойдалидир. Сув тагида нафасни ушлаб туриш ўпка ритмига ижобий таъсир кўрсатса, оёқ ва қўлларнинг сузиш жараёнидаги ҳаракатлари қон айланишига, суяк ва бўғимлар тўғри шаклланишига ёрдам беради. Сузиш асаби зўриққан болаларга ҳам фойдали.
Югуриш эса ҳамманинг, хусусан, вазни меъёридан ошган болаларнинг кун давомида тетик юришини таъминлайди. У билан мунтазам шуғулланиш иммунитетни оширади. Турникка тортилиш – умумий саломатликка ижобий таъсир этади. Айниқса, бўйи паст болаларга катта нафи тегади. Стол тенниси – узоқни кўриш қобилияти суст фарзандларимиз учун айни муддао. Бадиий гимнастика яссиоёқлик, рахит ва умуртқа қийшайишларини бартараф этишда, қизларнинг бўйи ўсиши ва физиологик ривожланиши меъёрда бўлишини таъминлашда қўл келади.
– Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юртимизда соғлом турмуш тарзини яхшилашда қандай ўрин тутади?
– Бу қарор аҳоли ва болалар саломатлиги учун жуда зарур ислоҳотларни қамраб олган. Унда 2021 йил 1 июндан бошлаб 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни ­бойитиш учун микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «A» витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши қайд этилган. 2022 йил 1 июлдан бошлаб эса ҳомиладор ва эмизикли гўдаги бор аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши, 2021 йил 1 апрелдан эътиборан биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилиши белгиланган.
Ҳозир бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шунингдек, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашни рағбатлантириш мақсадида уларни хавфсизлик белгиси билан тамғалаш йўлга қўйилмоқда. Бундай тамғага эга озиқ-овқат маҳсулотларининг рекламаси имтиёзли тарифлар асосида тарқатилади (жойлаштирилади). Таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларида хавфсизлик белгиси билан тамғаланмаган озиқ-овқатларни сотишга йўл қўйилмайди, акс ҳолда, бу савдо қоидаларини бузиш саналади.
2025 йил 1 январдан республика ҳудудида реализация қилиш учун олиб кириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан мажбурий тартибда тамғаланади. Уларнинг хавфсиз ёки зарарли эканини аниқлаш давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.
Қарор ижроси таъминлангач, 2025 йилга бориб эркаклар ва аёлларнинг умр кўриш давомийлиги ошишига, анемия, йод танқислиги, ортиқча вазни мавжуд 5 ёшгача бўлган болалар, юрак қон-томир касалликлари ўлимга сабабчи бўлган ҳолатлар, бундан ташқари, барча йўналишлардаги аҳоли саломатлигига боғлиқ айни пайтдаги реал кўрсаткичлар улуши пасайишига эришиш режалаштирилган.
Қисқаси, ушбу ҳужжат хавфли касалликлар сонини камайтиришда, халқимиз саломатлигини яхшилашда, тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»