Уяли алоқа инқилоби

4026

бемисл қулайликлар олами ҳамда «номофобия» хасталиги хуружи

Бу 1876 йилнинг 10 мартида телефон орқали айтилган илк сўзлар эди. Ўшанда америкалик олим, телефон ихтирочиси, «American Telephone and Telegraph Company» (AT&T) асосчиларидан бири саналмиш Александр Грехем Белл ўз танишига худди шундай илтимос билан мурожаат қилганди.

Орадан қарийб бир аср ўтгандан кейин, аниқроғи, 1973 йилнинг 3 апрелида АҚШдаги «Motorola» компанияси муҳандиси, физик олим Мартин Купер жаҳонда биринчи бўлиб уяли телефон орқали сўзлашади. Бу ҳар жиҳатдан янги «DynaTAC» телефони бўлиб вазни 1,15 килограммга тенг, аккумляторининг қуввати эса 20 дақиқа гаплашишга етарди. 1983 йил 6 мартда эса «Motorola»нинг дастлабки оммавий уяли телефонлари савдога чиқарилган. Дастлабкисининг оғирлиги 800 грамм, баҳоси 3500 доллар бўлган. Нархи қимматлигига қарамай, янги русумдаги телефон олиш учун ўша кезлардаёқ минглаб кишилар навбатда турган.
Уяли телефонларнинг яратилиши ва аҳоли ўртасида оммалашишини техника тараққиётидаги туб инқилоб дейиш учун ҳамма асослар етарли. АҚШ Марказий разведка бош­қармаси – «Central Intelligence Agency» ҳар уч йилда тузадиган рейтинг­­га кўра, 2018 йилда жаҳондаги уяли телефонлар сони курраи заминимиздаги аҳоли сонига яқинлашиб, 7 миллиард донадан зиёдни ташкил этган. Уларнинг 4,5 миллиард донаси янги русумдаги смартфонлардан иборатдир.
Уяли телефонлар сони кўплиги бўйича дунё миқёсидаги дастлабки уч ўринни Хитой (1 649 301 700 дона), Ҳиндистон (1 176 021 869) ва АҚШ (422 000 000) забт этган. Ўзбекистон эса уяли телефонлар сони бўйича 224 та мамлакат ўртасида 54-ўринни (23 226 156 дона) эгаллаган.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2021 йилнинг 1 апрелига қадар юртимизда уяли алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 миллион 953 минг 500 тага етиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 10,8 фоизга ёки 2 миллион 636 минг 800 тага ошган. «Рақамли Ўзбекис­тон – 2030» стратегияси доирасида эса яна 20 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қуриш ва уяли алоқа тармоқларини янада ривожлантириш белгиланган.
Ушбу соҳа нақадар сердаромад эканини уяли телефонлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланган «Apple» компанияси мисолида кўриш мумкин. Коронавирус пандемияси туфайли савдодаги чеклашларга қарамасдан, 2020 йилнинг ўзида у 111,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олган, соф фойдаси 28,7 миллиард доллардан ортган.
2021 йилда эса дунё бўйича 1,5 миллиард дона, ўтган йилдагидан 11,4 фоиз кўп смартфон сотилиши кутилмоқда.
Кўриб турганингиздек, биз уяли алоқа инқилоби шароитида яшамоқдамиз. Бугунги кунда ҳаётимизни бу қурилмаларсиз тасаввур этиш амримаҳол.
Уяли телефонлар эндиликда шунчаки алоқа воситасигина эмас. Улар аллақачон матбуот, телевизор ва радионинг, театр, кинотеатр ва стадионларнинг, почта хизматларининг ўрнини эгаллаб бўлди. Ҳатто банк хизматлари ҳам унга кўчмоқда.
Уяли алоқа воситаси сизга кунлик режангизни эслатиб туришга ҳам қодир. Айниқса, «Covid-19» пандемияси шароитида уяли телефонлар аъло даражада беминнат хизмат кўрсатмоқда. Мактаб ўқувчилари ва талаба ёшлар машғулотларини, қатор корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари ўз хизмат вазифаларини улар орқали масофадан туриб бажариш имкониятига эга бўлдилар. Қўнғироқ қилсангиз, уйингизга буюмлар, маҳсулотлар ва таомлар келтириб берилмоқда. Қўл телефонларининг бундай афзаллик­лари рўйхатини яна давом эттириш мумкин.
Шу билан бирга, кузатувлар уяли алоқа инқилобининг жиддий ташвишлар туғдираётган бир қатор салбий жиҳатлари ҳам борлигини кўрсатмоқда. Айниқса, улардан тарқаладиган электромагнит тўлқинлар ҳужайра даражасидаги ўзгаришларни рағбатлантириб, ген таркибидаги бузилишларга ҳамда касал ҳужайралар ва ўсимталар вужудга келишига сабаб бўлаётгани кишини қаттиқ ташвишга солади. Электромагнит нурланишнинг радиочастотали кўлами бош тўқималари, жумладан, мия тўқималари, кўзнинг тўр пардаси, кўриш, вестибуляр ва эшитиш анализаторлари таркиби томонидан ютилиб, организмнинг айрим органлари билан бир қаторда, асаб тизимига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Руҳшунослар телефонга боғланиб қолишнинг асорати – «номофобия» (смартфонсиз қолишдан қўрқиш) касаллигини муомалага киритишган. Яъни телефономания бизнинг давримизда янги хасталикни келтириб чиқарди. Буюк Британияда 2100 нафар одам иштирок этган тадқиқотлар хулосасига кўра, бу респондентларнинг 53 фоизи телефони қўлида бўлмаса, муттасил безовталаниб, ўзини қўярга жой тополмай қолар экан. Ҳатто болалар боғчасига қатнайдиган кичкинтойлар уйда ота-оналари, ака-опалари смартфонларини бермасалар, тўполон бошлайдилар. Жанжал кўтариб, телефонни олишгач, ундаги ўйинларга берилиб кетиб, ҳамма нарсани унутадилар. Бу ўйин ярим-бир соатда тугамайди. Овқатланишга ва бошқа ишларга эътибор берилмай қўйилади. Ҳолбуки, электромагнит тўлқинлар, айниқса, боланинг кичик ва нисбатан юпқа-нозик мия қобиғига тезроқ жиддий таъсир кўрсатади.
Лондондаги «Кингз коллеж» университети олимларининг аниқлашича, уяли телефон эгалари улардан ҳар куни ўртача 110 марта фойдаланади, бу эса жами 3,5 соат вақтни олади. Демак, бу шахслар ҳафтанинг деярли бир кунини телефонда сўзлашишга сарфлашади.
Энг ачинарлиси, қўл телефонларидан муттасил кўз узмаслик йўл-транспорт ҳодисалари, ҳалокатлар ва жароҳатланишлар рўй беришига олиб келмоқда. Ҳозир жаҳон бўйича йўллардаги жароҳатланишларнинг деярли 25 фоизига уяли телефонлар сабаб бўлаётгани фикримизнинг далилидир.
Олимлар бундай нохушликлар содир бўлмаслиги учун 5-7 ёшдаги болалар смартфонлар экранларига узлуксиз 5-7 дақиқадан, 1-4-синфлар ўқувчилари 10 дақиқадан, 5-9-синфлар ўқувчилари 15 дақиқадан кўп қарамасликлари зарурлигини исботлаб беришган. Чунки бу муддатдан ортиқ узлуксиз смартфондан фойдаланиш туфайли ундаги нурланиш ўсаётган организм учун жиддий хавф солар экан.
Телефонларнинг электромагнитли нурланишлари организмга турлича таъсир кўрсатиши – хотира сусайишига, артериал қон босими ошишига ва уйқусизликка олиб келиши аниқланган. Швециялик профессор Лейф Селфорд бугунги авлод ўсмирлари уяли телефондан фойдаланишга муккасидан кетиши оқибатида нисбатан эрта қарий бошлаганини ҳам асослаб берган.
Швейцария ва Бельгия тадқиқотчилари томонидан 12-17 ёшдаги 700 нафар ўсмир ўртасида йил бўйи амалга оширилган текширишлар эса смартфонларнинг электромагнит нурланиши уларнинг маълумотларни ёдда сақлаб қолишларига ўта салбий таъсир кўрсатишини тасдиқлаган. Нурланишнинг 80 фоизи, айниқса, телефонда ­гаплашиш чоғида кучаяр экан.
Буюк Британиядаги Бристоль университети олими Франк де Вохтнинг тадқиқотларида смартфондан узоқ вақт узлуксиз фойдаланадиган ўсмирларнинг боши оғриши, яхши ухлай олмасликлари, бесабаб безовта бўлиш­лари, шунингдек, ўзларини доимо чарчагандек ҳис қилишлари, тез-тез шамоллашлари таъкидланган.
Олимлар уяли телефондан ниҳоятда кўп фойдаланишнинг асоратлари сифатида бош оғриқлари, уйқучанлик, сержаҳллик, хотира бузилиши ва ­фикрни жамлай олмаслик, доимий толиқиш синдроми, кўз шиллиқ қаватининг қуриши, кўриш қобилиятининг жуда тез пасайи­­ши каби аломатларни ҳам келтиришади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам уяли телефонлардан муттасил фойдаланиш миянинг саратон касалига дучор бўлиши хавфини туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда 2012 йили Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ўқувчи ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтириш мақсадида таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Шунингдек, билим даргоҳи ўқитувчилари ва бошқа ходимлари дарсдан ташқари вақтда таълим олувчилар иштирокида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклашлари лозим.
Бугунги кунда ёшларимизни доимо қўлларида уяли телефон кўтариб юрган ҳолда учратасиз. Ўсмирлар ҳам, балоғатга етган йигит-қизлар ҳам уйдан кўчага чиққанлари ҳамоно қўлларидаги телефондан кўзларини узмайдилар. Кўчада, ҳатто чорраҳада, автобус ва метрода ҳам кўпчилигининг нигоҳи смартфонларда бўлади.
Ҳолбуки, уяли телефондан фойдаланишнинг ҳам ўз тартиб-қоидалари мавжуд. Умуман олганда, унда гаплашиш муддати 3 дақиқадан ошмаслиги, қўнғироқлар ўртасидаги танаффус камида 15 дақиқа бўлиши тавсия этилади. Аксарият мамлакатларда бу алоқа воситаларидан болалар боғчалари, мактаблар ва коллежларда фойдаланиш қонунан тақиқланган. Автомобилларни бошқариш жараёнига ҳам шундай тамойиллар татбиқ этилган. Япония­­да эса поездлар ва автобусларда телефон орқали сўзлашишга рухсат берилмайди. Бундан ташқари, ана шу транспорт воситаларидаги кексалар ва ногиронларга мўлжалланган жойларда бошқа йўловчилар телефонларини ўчириб қўйишлари шарт экани бўйи­­ча огоҳлантириш лавҳалари ўрнатилган. Поездларда телефонлар товушини ўчириб қўйиш талаблари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳам ижтимоий муассасалар – касалхоналар, санаторийлар, кутубхоналар, театрлар ва кинотеатрлар, поездларда уяли телефонлардан фойдаланишга чеклашлар ўрнатилиши қонуний асосларга эга экани тўғрисида тушунтириш берган. Шундай экан, уяли алоқа инқилоби самараларидан саломатликка путур етказмасдан ўринли ва тўғри фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист