Кутиб ол , Токио!

1615

Янги Ўзбекистоннинг оловқалб ёшлари мардлар майдонига кириб келмоқда

Пандемия балосининг кенг ёйилиши барча соҳалар каби жаҳон спорт инфратузилмасига ҳам катта талафот етказди. Айниқса, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган ёзги Олимпия ва паралимпия ўйинларининг ўтказилиши аввалбошда сўроқ остида қолгани, кейинги бир ярим йиллик тортишув ва муҳокамалар исканжасида ва ниҳоят хорижий томошабинларсиз, туристларсиз ўтказилишига эришилиши, қайсидир маънода инсониятнинг коронавирусга қарши «жангу жадали» самарали кечиб, ҳамжиҳатлик мусобақаси ғолиблик сари одимлаганидан далолатдир.

Олимпия ўйинлари тарихига назар ташланса, негадир Япония тўрт йилликнинг мусобақалари билан «ҳеч чиқиша олмаган». Боиси, ХХ асрнинг 40-йилларида кунчиқар юрт пойтахтида ўтиши керак бўлган XII ёзги Олимпия ўйинлари Япония-Хитой муносабатларидаги совуқлик сабаб аввалига Европага кўчирилиб, кейин бутунлай қолдирилган эди.
Кейинчалик Япония ҳукуматининг ташаббуси ҳамда Халқаро олимпия қўмитасининг қарорига асосан, Токиода ўтказиладиган 1964 йилги Олимпия ­ўйинлари эса иссиқ об-ҳаво туфайли куз фаслига (1964 йил 10-24 октябрь кунларига) кўчирилганди. Ўшанда ҳам ўйинларнинг бутунлай қолдирилишига бир баҳя қолган. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, ёзги Олимпия ўйинларининг Японияда ўтказилиши ҳамиша катта тортишувлар, ўзгаришлар, депсинишлар даври билан рўбарў келган. Бу бир тасодифми ёки бошқа нарсами, бир нарса дейиш қийин.
Биз аслида бу ҳақда гап юритмоқчи эмасдик. Лекин кунчиқар юртда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистоннинг 100 нафардан зиёд спортчи, мураббий ва мутахассислари Япония сари отланаётгани боис ўтмиш воқеаларига бир қур назар ташлашга жазм этдик.
Ўтган ўйинлардаги натижалар, спортчиларнинг иштирок этиш ва спорт турлари қамровига эътибор қаратилса, Ўзбекистонда олимпия ҳаракатининг сифат қамрови у қадар шиддатли кечмаганига гувоҳ бўламиз.
Албатта, бу ҳолнинг ўзига хос сабаб­лари бор. Рақамларга эътибор берсак, 1996 йил Атлантадан 2016 йил ­Рио-де-Жанейрогача ўтган 6 та ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 12 ёки 14 та спорт турларида қатнашган. 2008 йили Пекин олимпиадасида 56 нафар спортчи 14 спорт турида, 2012 йили Лондонда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спорт делегацияси 53 нафар спортчи билан 13 та спорт турида иштирок этган.
Умумий медаллар сонига эътибор қаратилса, Ўзбекистон олимпиячиларининг 2016 йили Рио олимпиадасида қўлга киритган медаллари 1996 йилдан 2012 йилгача бўлган барча олимпия ўйинларидаги медаллар жамланмасидан салмоқлироқ кўринишга эга: яъни биргина Рио олимпиадасида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза, жами 13 та медалга сазовор бўлингани ҳолда, ўтган 5 та ёзги Олимпия ўйинларида (Атланта-1996, Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008 ва Лондон-2012) 3 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронза, жами 18 та медаль қўлга киритилган холос.
Кўриниб турибдики, мамлакатимиз спортчиларининг сон ва сифат кўрсаткичларининг ўсиш динамикаси айнан Бразилияда ўтган Олимпия ўйинлари билан бошланган. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон олимпиячилари Токио майдонларида Рио натижалари ўз-ўзидан қўлга киритилмаганини исботлаш учун ҳам майдонга тушишади.
Энди 2016 йилги олимпия ўйинлари билан ҳадемай старт оладиган «Токио – 2020» баҳсларида қатнашадиган Ўзбекис­тон спорт делегациясининг сон ва сифат тамойилларига эътибор қаратсак.
Айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон спорт делегацияси кунчиқар юртда бўладиган мусобақагача ўтказилган барча олимпия ўйинларида 14 тагача спорт турида қатнашиб келган. 2016 йили Бразилиядаги баҳсларда ватанимизнинг 70 нафар спортчиси 13 та спорт турида қатнашган эди. Бу галги Токио ўйинларида эса Ватанимиз атлетлари 17 та спорт туридан 71 нафар спортчи билан Ўзбекистон номини улуғлаш учун Япония спорт майдонларида шижоат кўрсатишга чоғланмоқда.
Японияда ўтадиган тўрт йиллик баҳсларнинг 2016 йили Америка қитъасида уюштирилган олимпия ўйинларидан яна бир фарқи, ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида бир қатор спорт турларида, жумладан, оғир атлетика, енгил атлетика, бокс, эркин ва юнон рум кураши каби айнан ўзбекистонлик спортчилар кўпроқ қатнашиши мумкин бўлган йўналишларда қисқаришлар юз берди. Шунга қарамасдан айнан ушбу спорт турларида ва юртимизда энди-энди ривожлантирилаётган, ҳали олимпиада йўлланмаларидан у қадар «катта умид қилмаганимиз» замонавий беш кураш, қиличбозлик, таэквондо каби йўналиш­ларда вакилларимиз режадан ортиқ тарзда Токио чипталарига эга бўлишди.
Токио олимпиадасида Ўзбекистон каратэчиларининг йўлланмалардан қуруқ қолиши қайсидир маънода умумжамоа тош босишини бироз «пасайтиргани» бор гап. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу Токио йўлидаги «Ўзбек шиддатига» тўсиқ бўлолмайди.
Яна бир гап. Бундан бир ҳафта муқаддам Ўзбекистон спорт делегация­сининг олимпия йўлланмалари сони 74 та эди. Аммо Халқаро сузиш федерация­­си (FINA) бундан бир неча кун муқаддам, яъни 7 июлдаги қарори билан 2020 йил 24-29 ноябрдаги ва жорий йил 13-17 апрелда Тошкентда олимпия йўлланмалари учун ўтказилган Ўзбекистон очиқ чемпионати ва кубоги баҳсларидаги натижаларни бекор қилиши оқибатида юртимиз сузиш спорт тури вакилларининг олимпия чипталари сони 5 тадан 3 тага қисқарди.
Мазкур ҳолат хусусидаги сўровимизга Ўзбекистон сузиш федерация­­си бош котиби Алишер Ғаниев «бундай вазиятга тушишимизда қайсидир маънода ҳиндистонлик спортчининг ноўрин эътирози ва FINA мутахассисларининг ҳолатга бир ёқлама ёндашиши сабаб бўлди. Ўзбекистон сузиш федерацияси халқаро спорт ҳуқуқ тизими ташкилотларига мурожаат қилди. Лекин ижобий натижага эришгунимизча олимпия ўйинлари ўтиб бўлади. Афсусларимиз чексиз. Лекин Токио мусобақаларидан кейин мазкур масалада адолатни қарор топтириш ниятидамиз. Бироқ, ҳозирча бошқа чорамиз йўқ. Токиода 2 нафар спортчи билан иштирок этишга мажбурмиз», дея фикр билдириб ўтди. Ҳа, спорт тадбирлари ва унинг кенг майдонида ҳам ёзилмаган қонунлар, кутилмаган туб бурилиш паллалари бўлиб туради. Шу маънода мамлакатимиз «делфинлари» «Токио – 2020» остонасида кутилмаган «зарба»га дуч келгани бор ҳақиқат. Муҳими, бу япон сув ҳавзаларидаги умидларимизнинг армонга айланишига олиб келмаса бўлгани.
Ўтган салкам 4 йиллик муддатда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати, спорт турларининг оммавийлигини таъминлаш, янгича ёндашувлар асосида ишнинг ташкил этилиши, халқаро спортнинг илғор тажрибаларининг кенг татбиқ этилиши туфайли олимпия ўйинларининг мундарижаси кенгайишига олиб келди. Айниқса, Ўзбекистонда жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, бир қатор оммавий спорт турлари ривожини таъминлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарорлар, концепциялар, йўл хариталарининг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши ушбу натижаларга замин бўлмоқда, албатта. (Жадвал).
Бундан 3-4 йил муқаддам юртимизда қиличбозлар ёки замонавий бешкурашчилар Токио олимпия ­ўйинларида иштирок этади, дейишса, унча-мунча мутахассис ҳам «ҳали кўп ишлашимиз» кераклигини айтарди. 2019 йили пойтахтимизда қиличбозлик бўйича ўтказилган нуфузли мусобақа жараёнидаги матбуот анжуманида терма жамоамиз мураббийлари «Тошкент мусобақалари истеъдодларни кашф этиш майдони бўлаётгани яхши. Аммо Япония олимпиадасига ҳозирги ёшларнинг бориши анча оғир масала. Ҳали тинимсиз изланишимиз керак. Талантлар етарли. Улар, албатта, Париж ўйинларида қатнашади», дейишганди.
Ишонгандик. Эйфель минорасининг ҳайбатини ўйлаб, кунчиқар юртга ёш мушкетёрларимизнинг боролмаслигидан ўзимизча ожизлангандик. Қаловини топса, қор ёнади, дейишади. Бир-бир ярим ой ўтар-ўтмас Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари мушкетёрлар спорти бўйича янгича иш тизимини жорий этди. Хориждан бир эмас, 2-3 та жаҳон майдонини кўрган таж­рибали мутахассис жалб қилинди. Улар иштирокида Ўзбекистонда янгича форматда ўқув-машғулотлар, семинарлар, селекцион турнирлар ташкиллаштирилди. Хорижий мамлакатларнинг кучли терма жамоалари билан ҳамкорликдаги йиғинлар уюштирилди. Ёшларга ишонч билдирилди. Ва бу ўз сўзини ­айтди. Қисқа фурсатда халқаро миқёсдаги турнирларда, чемпионат ва кубокларда ёш спортчиларимиз иштирок этди ва совринли ўринларни қўлга киритишди. Бу эса уларнинг қалбида ишонч туйғуларини жонлантирди. Халқаро майдондаги тажриба олимпия саралаш турнирларида асқатди. Қиличбозлик бўйича бир эмас, 3 нафар истеъдодли ёшларимиз олимпия ўйинлари йўлланмаларига эга бўлишди.
Худди шундай фикр-мулоҳазаларни бокс, дзюдо, таэквондо, гимнастика каби спорт турлари мисолида ҳам айтиш мумкин. Тўрт йиллик катта спорт тантанасининг завқу шавқига эришиш беш йилликка узайиши ҳамда унинг «иштирокчи ёрлиғига» етишиш учун кунларни тунларга улаб меҳнат қилган, заҳмат чеккан мураббий ва спортчилар, соҳа мутахассислари етиб келган Токио дарвозаси тантанали очилишига жуда оз фурсатлар қолмоқда.
Унинг остонасига етолмаганлар, шоҳсупасига кўз тикканлар қанча. ­Шукрки, бу шарафли манзил – ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари майдонига етиб келганлар сафида Ўзбекистон бор. Борки, унинг муаззам шоҳсупасида Ватан байроғини сарбаланд этмоққа чоғланаётган Баҳодир Жалолов, Давлат Бобонов, Муроджон Холмуродов, Зайнаб Дайибековадек шижоатли ёшларимиз ўз салоҳиятини намоён этмоққа шай турибди.
Демак, кутиб ол, Токио, янги Ўзбекис­тоннинг оловқалб ёшлари маҳорат кўрсатмоқни дилларига жо қилган ҳолда мардлар майдонига кириб келмоқда.

Тўлқин РЎЗИЕВ,
журналист