Улар қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган

1015

Бир жойда муқим ишлаб турган ходим ташкилотнинг номи ўзгаргани ёки иш ўрни қисқартирилгани сабабли ишдан бўшатилган тақдирда, унга ташкилот томонидан компенсация тўланиши кераклиги меҳнат қонунчилигида кўрсатиб ўтилган. Агар юқоридаги ҳолат юзага келса, иш берувчи ходимга икки ой олдин огоҳлантириш бериши керак ва мана шу ойлар учун ходим тўлиқ ойлик маошини олишга ҳақли.

Аммо айрим иш берувчилар қонунчиликда кўзда тутилган бу шартларни «унутиб», ходим билан тузилган меҳнат шартномасини осонгина бекор қилибгина қолмай, унга берилиши лозим бўлган моддий кўмакдан ҳам маҳрум қилиш ҳаракатида бўладилар.
Наманган шаҳрида яшовчи Нилуфар Шодмонова ҳам юқоридаги сингари қонунбузилиш ҳолати бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгашига ёзма мурожаат билан чиққан. Мурожаатчининг аризасига кўра, коллежлар тугатилиб, техникумга айлантирилгани сабабли унинг иш ўрни қисқартирилган ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
– Иш ҳақларини ундиришга оид низонинг ҳал этилишида амалий ёрдам сўраб келган фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Баҳром Раҳимбердиев. – Меҳнат қонунчилигининг 145-моддасига кўра, иш берувчи меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда имзо қўйдириб, огоҳлантириши шарт. Агар ушбу кодексда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув билан йўл қўйилади.
Бундан ташқари, иш берувчи меҳнат шароитлари ўзгариши тўғрисида огоҳлантириш муддатини икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатга белгилаш, мутаносиб пуллик компенсация билан алмаштириш ҳуқуқига эга. Бунда ходимни огоҳлантириш вақтидан бош­лаб икки ҳафталик огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилиши ва натура шаклида тақдим этилиши лозим.
Меҳнат кодекси талабларига мувофиқ, суд томонидан берилган хулосага асосан Нилуфар Шодмоновага жами 3 миллион 400 минг сўм миқдорида иш ҳақлари ундириб берилди.
Бундан ташқари, Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи яна бир фуқаро Ирода Абдусаломова ҳам меҳнат жараёнида ҳуқуқлари бузилгани важидан мурожаат қилган. У 2013 йилдан буён Уйчи тумани ДСЭНМда ишлаб келган ва 2019 йилдан бола парваришлаш таътилига кетган. Ишга қайтиб келганида эса у билан тузилган меҳнат шартномаси штатлар қисқаргани сабабли бекор қилингани маълум бўлган. Фуқаро бир неча бора иш берувчига учраб, ҳолатини тушунтирмоқчи бўлганда «ҳозир иш йўқ», деган қатъий жавобни олган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 237-моддасида ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланган. 234-моддада эса бундай аёлларнинг иш жойи сақланиши айтиб ўтилган.
Касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракатлари билан иш берувчига қонуний асослар тақдим этилгач, ушбу ходима ишга қайта тикланди.

Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»