Соҳиллар сотилганми?

2016

ёхуд аҳолининг табиат қўйнида дам олиш маданияти талабга қанчалик жавоб беради?

Шу йилнинг июль ойи бошидаги аномал иссиқ барчани салқин табиат қўйнига чорлади. Ўша кунлари укамнинг «Маtiz» машинасида оилавий тоққа чиқадиган, Тошкент вилоятининг Угам ёки Сижжак дарёси бўйида чигил ёзадиган бўлдик.

…«Бочка»дан ўтиб, Угам дарёсининг Сижжакка қуйиладиган жойига келдик. Ҳамма жой банд, бирорта бўш каравот йўқ. Укам машинасини тепага ҳайдади. Угам дарёси устидаги кўприкдан ўтдик, сув бўйида ўтирганларни кўриб, тўхтадик. Минг таажжубки, дарё бўйлари симлар билан ўралган. Ҳар ўн қадамда каравот, турнақатор дам олувчилар… Оқаётган дарёда қўлни чайқашга имкон йўқ. Сим тўсиқларни рўпарадаги ҳовли эгалари ўрнатишган экан. Суриштирсак, ҳар бир каравот кечгача 150 минг сўмдан экан. Тунга қолсак, 250 мингдан.
Қизиқ, Угам дарёсининг деярли ярмини кезиб, бирор бўш жой тополмадик. Сув бўйларини рўпарадаги ҳовли эгалари хусусий мулк қилиб олган. Улар сувга яқинлашишга рухсат беришмайди, баъзилари сув бўйларида парранда, мол боқади ҳам. Айрим хонадонлардан ахлат сувлари дарёга оқиб турибди…
Жой излаб Сижжак томон кўтарилдик. Тоза ва салқин ҳаво, кўм-кўк табиат, пастдаги ложувард дарё баҳри дилингни очади. Бўстонлиқ ҳақиқатан ҳам бўстон-да! Йўллар кенгайтирилмоқда, савдо масканлари тикланмоқда. Лекин сув бўйига яқинлашишнинг имкони йўқ. Ҳамма жойнинг эгаси бор. Каравотлари пулланади.
Бир амаллаб «Сижжак» маҳалласи тепасида бир гектарча ерни эгаллаб олган кампир ҳовлисига рўбарў келдик. Ҳар каравоти кечгача 350 минг сўм, ётиб қолсак, хонаси 200 минг сўмдан. Бор шароити – тўрт кўрпача ташланган каравот ва ўчоқ. Арзонроқ жой қидириб, яна тепага юрдик. Бассейни бор ҳовлини топдик, кунига 800 минг, шанба ва якшанбага 1 миллион сўмдан сўради. Лойли сой бўйига йўл солдик, 15 нафарча дам олувчи чўмилиб юришган экан. Қуёш куйдираман, дей­ди. Ҳеч қандай шароит йўқ, ташландиқ соҳил. Сижжак бўйини айланиб, аҳоли учун ҳеч қандай қулайлик, чўмилиш мас­кани яратилмаганидан ҳайратга тушдим. Ҳамма жойнинг «ўз хўжайини» бор, уларни фақат пул қизиқтиради.
Эртасига «Оқтош» дам олиш ­маскани томон бордик. Йўллар кенгайтириляпти. Янги бинолар қад кўтар­япти. Аммо ёшларни иш билан таъминлаш муаммо бўлиб қолаётганини сезиш қийин эмас. Урса тоғни толқон қиладиган йигитларнинг қаторлашиб гап сотиб ўтирганидан шу фикрга келаман. «Алоқачи», «Оқтош» болалар дам олиш масканлари гавжум, бу ­шаклланган анъана. Лекин ушбу дам олиш ­масканлари ёнидан оқиб ўтадиган анҳорларнинг хусусий мулкка айлантирилганидан ҳайратга тушасан киши.
Хўжакентга яқинлашган сари Чирчиқ дарёси бўйларида қурилаётган дала ҳовлиларга ҳавас билан тикиламан. Тик дарё бўйига қурилган бу масканлар дам олишга бўлган иштиёқни оширади. Уларда камдан-кам кишилар дам олади. Айтишларига қараганда, кунлик ижара ҳақи 300 доллардан баланд эмиш. Синаб кўриш учун машинани шу томонга бурдик. «Дача» деб ёзилган ҳовлини тақиллатдик. Икки қаватли ҳовли, бассейн, сув усти, яшаш учун барча нарса муҳайё, истасак, ошпаз келиб хизмат қилиши мумкин. Хоҳласак, Белдирсой ёки Амирсойга чиқишимиз мумкин. Нархи – 800 доллар! Ижарадор икки-уч оила бўлиб келсанглар, арзонроқ тушади, деди. Бошқа масканларни кўришга ҳожат қолмаганди.
Ортга қайтишда, Ғазалкентга етмай сув бўйи бор экан. Тўрт-беш каравот қўйилган. Болалар чўмиляпти. Соҳил «бекаси» бўлган аёл ўчоқларни, ичимликларни, бўш каравотини таклиф этди. Кечгача 30 минг сўм сўради. Ён-атрофда сервис йўқ, бўш шишалар ва баклашкалар сочилиб ётибди.
Чирчиққа яқинлашган сайин беихтиёр кўнг­линг хижил тортади. Ариқчаларда сув шалдираб оқяпти, лекин ариқ бўйлари, йўлаклар, домлар атроф­лари сап-сариқ, майсалар қовжираб ётибди. Иссиқ қуёш куйдирган тепаликлар атрофларида ғиштлар, бетон синиқлари, қандайдир симлар, ёғочлар кўринади, яқин ўртада бу ерларга ободонлаштириш ходимлари келмаган чоғи. Чала асфальтланган йўлларнинг икки томонидан чанг кўтарилади. Гўёки бу ерларни маданият, цивилизация четлаб ўтгандек. Дарвоқе, саксон кило­метрдан зиёд йўл юрдик, бирор манзилда ва маҳаллада маданият ёки маърифат масканига кўзимиз тушмади. «Бочка» атрофида дам олувчилар кўп, лекин каравотлар пулли, озиқ-овқат қиммат, сифатсиз. Қимиз ичгандим, кўнглим айниди, ошқозонимда оғриқ турди. Укам ҳам безовта бўлди. Яна денг, бир ярим литр қимиз 35 минг сўм. Уларнинг сифатига ҳеч ким кафолат бермайди. Айрон, қатиқ, шарбат ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Хўжакент этагидан тортиб то «Сижжак» маҳалласи охиригача дарё темир ва бетон тўсиқлар билан тўсилган. Уларнинг эгалари шунча жойга эгалик қилиш ҳуқуқини қандай қилиб қўлга киритишди экан-а, ёқа ушлайсан киши. Дарёлар, ўрмонлар, сойлар энди халқ мулки эмасми?
Сойлар атрофидаги ахлатларни ким тозалайди? Экология партияси ва санитария-эпидемилогик бўлимлар, Ёшлар иттифоқи кўкка кўтариб мақтаётган волонтёрлар қани? Туман маданият бўлими ва маърифат ўчоқлари учун кенг ва ўта фойдали бўлган турис­тик саёҳатлар уюштиришдан қанча фойда олса бўлади? Дам олиш масканларида маданият ва санъат ходимлари умуман кўринмайди, улар ўрнини ҳар хил табобатчилар, «куф-суф»чилар, башоратчилар, ўргамчик хонандалар эгаллаб олган. Минг бир майда-чуйдаларни чанг ерга ёйиб, дуобахш атаб, тадбиркорлик қилувчиларнинг сон-саноғи йўқ.
Фикримизча, аҳолининг дам олиш маданиятини оширишда Туркия, Дубай, Сочи, Карлова Вари, Иссиқкўл тажрибаларидан фойдаланиш жоизга ўхшайди. Жойларда миллий маданиятимиз кўрки сифатида ибрат бўладиган хусусий рекреация марказлари, шаҳарлар атрофларида очиқ ҳавода, сув бўйларида аҳоли дам олишига мўлжалланган масканлар барпо этиш лозим. Масалан, атрофи канал, дарё ва сув ҳавзалари билан ўралган Чирчиқ шаҳрида кенг аҳоли учун чўмилиш мас­канлари йўқлигини изоҳлаш қийин.
Бу йилги аномал иссиқ дарё, анҳор ва сув ҳавзаларидан аҳолининг дам олиш маданиятини оширишда кенг фойдаланиш зарурлигини кўрсатди. Бундай иссиқ эса бундан буён ҳам бўлаверади…

Виктор АЛИМАСОВ