Одам савдосидан жабрланган ёки тахмин қилинаётган вояга етмаганлар ҳам дастлабки идентификация қилинади

810

Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Одам савдосидан жабрланган ёки тахмин қилинаётган вояга етмаганлар ҳам дастлабки идентификация қилинади ва қайта йўналтирилади. Идентификация қилиш жараёнида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия хабардор қилинади. Комиссия вакили мутахассис билан ҳамкорликда вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун таржимон, педагог, психолог ва қонуний вакилнинг иштирокини таъминлайди.

Шу билан бирга, вояга етмаган шахс тўғрисидаги маълумотларни сир тутилишини ҳамда эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилади. Вояга етмаган шахслар билан суҳбат бир хил жинсдаги мутахассис томонидан ўтказилади. Хориждаги одам савдосидан жабрланган ёки тахминан қилинган Вояга етмаган шахслар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 январдаги 6-сон қарорига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги томонидан олиб келинади. 3 ёшгача бўлган болаларни ватанга қайтариш масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.

Шундай экан одам савдосига қарши кураш ҳаммамизнинг вазифамиз эканини унутмайлик.

Ҳабибулла Чиниев,
жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман суди раиси