ЎФА раҳбарияти англиялик мутахассислар билан футбол маҳорат мактаблари фаолияти юзасидан мулоқот ўтказди

744

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистондаги биринчи инглиз футбол академияси ҳисобланган Brooke House College Football Academy мутахассислари билан учрашди.

Инглиз футбол академияси вакиллари халқаро талаб ва стандартлар асосида юртимизда ёш футболчиларни тайёрлашда Англия тизимини амалга татбиқ этиш, ўқув-машқ жараёнларини самарали ташкиллаштириш ва мусобақаларни ўтказиш бўйича фаолият олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.

Англиялик мутахассислар Ўзбекистондаги футбол маҳорат мактабларини янги босқичга кўтариш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш тизимини янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Шунингдек, 2021-2022 ўқув йили аввалида Ўзбекистондаги барча умумтаълим, спорт ва футбол маҳорат мактабларида футболга қизиқувчи ёш ўқувчилар ўртасида селекция ишларини амалга ошириш, турли хил футбол фестивалларини биргаликда ташкиллаштириш каби масалалар муҳокама этилди.

Равшан Эрматов англиялик мутахассисларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси билдирилган таклифлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини билдирди.