Ажрашиш учун берилган ҳар бир даъво қаноатлантирилаверса, аёлнинг қадри қоладими?

1113

Андижон вилояти судларининг шу йил биринчи ярим йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида суд биноларида яратилаётган шарт-шароитлар хусусида маълумот берди.

Қайд этилишича, Андижон шаҳар, Андижон, Булоқбоши ва Марҳамат туман судларида вилоят ички ишлар бошқармаси билан интеграция қилинган интернет тармоғи орқали маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни масофадан туриб, “TE Desktop” электрон дастури орқали онлайн тарзида кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган. Яқин келажакда барча судларда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни масофавий тарзда кўриш амалиёти жорий этилади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган қатор масалаларни ўртага ташладилар. Жумладан, қатнашчилардан бири ўзи гувоҳ бўлган ҳолат – аёли билан ажрашиш учун бир йилдан буён ҳаракат қилаётган, аммо судда муроди ҳосил бўлмаётган танишининг тақдирини мисол қилиб келтириб, бундай оворагарчиликларга чек қўйиладими, деган мазмунда савол берди.

Вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Жасуриддин Абдусаттаров таъкидладики, оила тамомила барбод бўлган, деган хулосага келингандагина никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво қаноатлантирилади. Тилга олинган ҳолатда эса судья қонунга ва ички ишончга асосан бу оила ҳали барбод бўлган эмас, деб ҳисоблаяпти. “Оиламизни ажратиб беринг”, деб берилган даъволарни судья бир деганда қаноатлантираверса, аёлнинг қадри қоладими?” – деди Абдусаттаров.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Андижон вилояти судларига никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2 минг 555 та даъво келиб тушган. Уларнинг 2 минг 305 таси кўрилган, шундан 1 минг 222 та даъво қаноатлантирилган, 836 таси эса рад этилган. Ҳисобот даврида 67 та оила яраштирилган.