Товон пуллари ўз вақтида тўланмоқда

275

Жарқўрғонлик Абдуқаюм Имомқулов шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашига шикоят хати йўллади. Унда шундай дейилган эди:

«Ўғлим – Отабек Имомқулов 2017 йил 3 июлдан буён 29-ҚОП­­да умумамалиёт шифокори бўлиб ишлаб келаётганди. 2020 йил 25 декабрь куни иш вақтида автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олди. Сурхондарё вилояти 64-Бош ТМЭК томонидан меҳнатда шикастланиш, 2021 йил 16 мартдан 2022 йил 1 апрель кунига қадар I гуруҳ ногирони, касбий меҳнат лаёқати йўқотилгани даражаси 100 фоиз деб белгиланган.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, иш берувчидан ўғлимга бахтсиз ҳодиса туфайли етказилган зарар ва товон пуллари тўловларини амалдаги қонунлар доирасида ундириб беришингизни сўрайман».
Мазкур шикоят хатини касаба уюшмаларининг масъул ходимлари ўша куниёқ ўрганишга киришишди. Аниқланишича, 2020 йилнинг 25 декабрь куни хизмат вазифасини бажараётган Отабек Имомқулов оғир тан жароҳати олган. Воқеа юз берган куни Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси бош давлат техник инспектори Б.Тошпўлатов раҳбарлигида 5 кишидан иборат махсус комиссия тузилган ва текширилган.
– Биз мурожаат асосида иш берувчи томонидан жабрланувчи ­О.Имомқуловга етказилган зарар учун тўланмай қолган 117 миллион сўмдан зиёд ҳамда 2021 йил апрель ойидан бошлаб ҳар ойда 7 миллион 686 минг сўм ойлик нафақа (товон) пулларини тўлаб бериш ҳақида шу йилнинг 7 апрель куни тақдимнома киритдик, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – 18 май куни Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ўрол Мўминов имзоси қўйилган тўлов топшириқномаси билан тақдимномада кўрсатилган зарар тўлиқ жабрланувчи О.Имомқуловнинг пластик карточкасига ўтказиб берилгани ҳамда 2021 йил апрель ойидан бош­лаб ҳар ойда 7 686 496 сўм товон пулини тўлаб беришни ўз зиммасига олгани ҳақида расмий хат олдик.
– Умрим давомида ҳеч қаерга, ҳеч кимга шикоят ёзмаганман, –­ дей­ди Отабекнинг отаси Абдуқаюм Имомқулов. – Ўғлим иш жараёнида автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолганидан сўнг, иқтисодий томондан қийналдик. Шундай кунларнинг бирида қўлимга «Ishonch» газетаси тушиб қолди. Унда ходимга иш даврида етказилган зарар ва товон пули ундириб берилгани ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Кейин иккилана-иккилана қоғоз қораладим. Касаба уюшмаларининг ёрдами билан зарар ва товон пулларини тўлиқ олиб келяпмиз. Бунинг учун миннатдорлик билдиришни бурчим деб билдим. Барчаси учун раҳмат!

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»