Вакцина вирусни жиловлашнинг ишончли йўли(ми?)

1627

Ижтимоий тармоқларда «COVID-19»га қарши вакциналарнинг таъсири тўғрисида турлича қарашлар ва фикрлар кўпайиб бормоқда.
Бу бир жиҳатдан аҳоли орасида вакциналар тайёрланиши, уларнинг ишончлилик даражаси билан боғлиқ ахборотнинг етишмаслигидан бўлса, иккинчидан, аслида ҳам вакцина яратиш, унинг хавфсизлиги нозик масала эканидандир.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вазирлик тизимидаги ташкилот мутасаддилари, Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари, олимлар, журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда айни масалада халқимизни ва журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб берилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ­бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, вазият мураккаблашиб бормоқда. Масалан, 22 июль куни юртимизда 738 нафар аҳолида коронавирус ва 462 нафарида пневмония аниқланди. Уларнинг 514 нафарининг аҳволи яхши эмас. Шу куннинг ўзида эса вирусдан азият чекаётган 5 нафар оғир аҳволдаги юртдошимиз оламдан ўтган. Бунинг устига, дунёда вируснинг янги штаммлари ортиб бормоқда. Бу вазиятда энг яхши чора аҳолини оммавий эмлаш бўлиб, шу йўл билангина мамлакатимизга кириб келиши мумкин бўлган янги штаммларга қарши аҳолида иммунитет ҳосил қилиб, вазият бундан-да мураккаблашиб кетмаслигининг олдини олиш мумкин.
Тадбирда айтилишича, Ўзбекистон шу пайтга қадар 12 та вакцина ишлаб чиқарувчи мамлакатга вакцина сотиб олиш истагида ёзма мурожаат билан чиққан. Айримлари билан вакцина сотиб олишга шартнома тузишга муваффақ бўлинган. Масалан, «Спутник», «Astra-Zeneca» ва «ZF-UZ-VAC 2001» – Ўзбек-Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган вакциналар шулар жумласидандир. Уларнинг қанчалик хавфсизлигига келсак, ушбу вакциналар жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг рўйхатидан ўтмаган бўлса-да, фавқулодда ҳолатларда ишлатишга рухсат берилган. Ўзбек-Хитой вакцинаси ҳам, «Спутник» ҳам худди шундай вакциналардир.
Яна қайд этилдики, ушбу вакциналар турли штаммларга қаршилик қилиш хусусиятига ҳам эга. Аммо ҳар қандай вакцинанинг ҳам, ҳеч бўлмаганда, 1000 нафар одамга нисбатан 5 тагача ножўя таъсири бўлиши табиий. Ўзбек-Хитой ҳамкорлигидаги вакцина синовларида эса 7000 нафар одам иштирок этиб, уларнинг 0,8 фоизида аллергик реакциялар ва бош оғриғи кузатилган. 2- ва 3- даражали ножўя таъсирлари эса сезилмаган. Вакцинанинг Ўзбекистонда ҳам олиб борилган 3-клиник синовларида 100 дан ошиқ ўзбек олимлари иштирок этиб, тадқиқот олиб боргани учун ҳам ушбу вакцинани тижорийлаштиришда Ўзбекистон ҳаммуаллифлик ҳуқуқини қўлга киритган. Шу пайтгача эса Хитойда «ZF-UZ-VAC 2001», яъни Ўзбек-Хитой вакцинаси билан 100 миллион нафар аҳоли эмланган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази мутахассиси, Ўзбек-Хитой вакцинасининг клиник синов тадқиқотлари иштирокчиси Аброр Абдураҳмонов вакцинанинг яратилиш технологияси, хавфсизлиги ва инсон организмини қай тарзда вирусдан ҳимоя қила олиши хусусиятларини расмли кўргазма асосида тушунтириб берди.
Тадбирда коронавирус инфекциясини аниқлаш учун мўлжалланган тестларнинг қимматлиги хусусида савол берилди.
Масъуллар ҳар бир туманда COVID марказлари ташкил этилиб, у ерда шифокорлар томонидан коронавирус белгилари эҳтимоли юқори бўлган беморлардан бепул тестлар олинаётгани, оилавий поликлиникалар қошидаги мобиль бригадаларда ҳам экспресс тестлар мавжуд бўлиб, улар бепул ўтказилаётгани, бу борада вазият ўтган йилгидан анча яхшиланганини айтди.
Маълум бўлишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг рўйхатидан ўтган ва самарадорлиги юқори баҳоланаётган «Moderna», «Jonson- Jonson» ва «Pfizer» каби вакциналарни ҳам юртимизга олиб келиш устида музокаралар олиб борилмоқда. Агар музокаралар ижобий ҳал бўлса, келгусида ушбу вакциналар ҳам юртимизга келтирилади.

Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»