Йўл четидаги сотувчи бола

923

ёки «Ўғлим, салом, пул тамом!», дейдиган оталар диққатига!

Ёзнинг жазирамаси ёшу қарининг томоғини қақратиб юборади. Бундай пайт­ларда бошқалар сингари камина ҳам чанқовбосди учун муздек сув ёки шарбат ичиш пайида бўламан. Бахтимга ҳар куни ишга бориб келадиганим йўл четида ёшгина бола салқин ичимликлар сотади.

– Шарбатлардан ичиб кетинг, – ­дейди у ҳар гал мени кўрганида.
Озгина салқинлаш баҳонасида йигитча билан яқиндан танишмоқчи бўламан.
У эндигина 14 ёшга тўлган. Ота-­онаси ҳам ёш-навқирон. Бола бувиси билан онаси кечаси тайёрлаб қўйган шарбат ва айронни кун бўйи тугагунга қадар сотади. Бундан дурустгина даромад ҳам орттиради. Гоҳида жазирама забтига олса, жойини салқинроқ ерга ўзгартиради. Жуда чарчаган пайтлари ўриндиққа узала тушиб ётиб олади. Чунки ҳали вояга етмаган. Эрта-ю кеч офтоб тиғида ишлаш уни толиқтириб қўяди.
Афсуски, аҳён-аҳёнда бўлса-да, бу ўсмирга тенгдош бошқа болаларнинг ҳам бозорларда савдо қилаётганига гувоҳ бўламиз. Шундай дамларда таниқли журналист ва шоир Карим Баҳриевнинг фейсбукдаги саҳифасида ёзган қуйидаги жумлалари ёдимга тушади: «Покемонлар» компьютер ўйини савдоси унинг ижодкорларига 10 кун ичида 15 миллиард доллар даромад келтирди. Ваҳоланки, республикамизнинг бир йиллик экспорти ҳажми 13,9 миллиард сўмни ташкил этади. Учта ақлли йигит 10 кунда 32 миллионлик аҳолиси бўлган мамлакатнинг бир йиллик иқтисодиёти келтирадиган даромаддан кўп ишлаб ­топди. Таълимга, технологияга пул сарфланг…».
Дарҳақиқат, қачонгача фақат оёғимиз остини ўйлаб, иш тутамиз? Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин – иқтисодиёти ҳали оёққа турмаган оғир бир шароитда ҳам бюджетнинг салмоқли қисмини таълимга ажратган-ку ахир!
Тўғри, бизда ҳам давлатимиз томонидан таълимга алоҳида эътибор ­қаратиляпти. Лекин ҳамма ота-оналар ҳам фарзандлари пухта билим олиши учун астойдил қайғуряптими? Эндигина вояга етган баъзи ёшларимиз билим олиб, ҳунар эгаллаш ўрнига пул топиш учун кўча-кўйда, бозорларда ёки чет элларда сарсон-саргардон бўлиб юришганини қандай тушуниш мумкин? Энг ачинарлиси, улардан айримларининг оталари ҳали бардам-бақувват бўлишларига қарамай, фарзандлари мардикорлик қилиб топган пул ҳисобидан чойхоналарни уялмай-нетмай «гуллатишяпти».
Ана шундай оталардан бири фарзандига ҳар ойда бир телефон қилиб, «Ўғлим, салом, пул тамом», дея гап бошларкан.
Болани боқиб, тарбиялашнинг ўзи бўлмайди. Унга билим бериш, касб-ҳунар ўргатиш керак. Модомики, шундай экан, келинг, дунёни тафаккур кучи билан забт этайлик. Бунинг учун фарзандларимиз билим чўққиларини забт этиб, замонавий касблар сир-асрорларини чуқур ўзлаштирсинлар.
Бир пайтлар бир шоиримиз «Бугун пахтазорда бурнини тортиб турган боланг бир кун келиб яраларингни боғлаб қўяди», деб ёзган эди. Биз бу оддий ҳақиқатни ҳамиша ёдимизда тутсак, фойдадан холи бўлмасди.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист