Аҳоли бандлиги қандай таъминланмоқда?

829

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Наманган вилояти бошқармаси кенг жамоатчиликни аҳолининг кам таъминланган қатламини иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида пресс-тур уюштирди.

Тадбирга таклиф этилган оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб Чортоқ туманидаги «Баланд адир» массивида бўлишди. Бу ерда 36 гектар майдонда ҳар бири 2 сотихлик 1000 та иссиқхона ташкил қилинган.
Бундан сал олдин ижтимоий тармоқларда гўёки шошмашошарлик билан қурилган ушбу иссиқхоналарнинг бирортасида гиёҳ ҳам унмагани ҳақида турли шов-шувлар тарқалган эди. Иштирокчилар ҳудудда бўлиб, ўша гаплар уйдирма эканига гувоҳ бўлишди. Ҳозир ушбу иссиқхоналарда пишиб етилган полиз экинлари даромад манбаига айланган.
– Мавриди келганда айтиш жоизки, 30-40 йилдан буён экин экилмаган майдонларда таваккалига катта маблағ сарфлаб, иссиқхоналар барпо этишнинг ўзи бўлмайди, – дейди вазирликнинг Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш ­бўйича мақсадли дастурлар ижроси мониторингини олиб бориш бош­қармаси бошлиғи Илҳом Аброров. – Бу лойиҳанинг умумий қиймати 13 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг 50 фоизи вазирлигимиз субсидиялари, қолгани тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобига шакллантирилди. Иқлим ноқулайликлари ва табиий ҳодисалар иссиқхоналар мажмуига салбий таъсир кўрсатди, улар уч марта талафот кўрди. Аммо бугунги кунда аксариятида помидор, бодринг ва карам етиштирилмоқда.
Кейинги манзил Наманган шаҳридаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида Давлатобод туманида ташкил этилган «Анвархон балиқчилиги» ишлаб чиқариш кооперативи бўлди. Унда айни кезда 20 киши балиқнинг бир неча турини етиштириш билан машғул.
Иштирокчилар аҳолининг касб-ҳунарли ва ишли бўлишида муҳим аҳамиятга эга мономарказ фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда ўқиётган талабалар кам таъминланган, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатга олинган оилалар вакиллари бўлиб, ўзлари қизиққан касбга бепул ўқишмоқда, шунингдек, стипендия ҳам олишмоқда. Уч ойлик ўқув курсини битиргандан кейин эса бирор ишга жойлашиб, оила­ларига даромад келтиришмоқда. Масалан, «Бобуршоҳ» маҳалласида яшовчи Мунисахон Тўрахўжаева мономарказда пазандачилик сирларини ўргангач, кичик нон цехи очиб, ўзи сингари 5 нафар қизни иш билан таъминлади.
Давлатобод туманидаги «Жаннатмакон текстиль» корхонасида хотин-қизлар тикувчилик билан шуғулланишмоқда. «Маҳаллабай» ишлаш тизимининг самарадорлиги акс этган бу лойиҳа асосида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»даги 50 нафар хотин-қизга субсидия ажратиш асосида тикувчилик кооперативи ташкил этилди. «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг қаровсиз қолган биноси таъмирлангач, тадбиркорга берилди. У цехни тикув машиналари билан жиҳозлади.
Уйчилик Моҳидил Исоқова ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда тадбиркорликка қўл урди. Касаба уюшмалари маб­лағлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўмагида ишлаб чиқариш кооперативини тузиб, ҳозирга қадар 50 нафар аёлни ишга жалб этди.
Пресс-тур қатнашчилари ўзлари танишган ҳар бир тадбиркор давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ёрдамлардан беҳад мамнун экани ва ҳаётдан рози бўлиб яшаётганига ишонч ҳосил қилишди.

Орзугул РУСТАМОВА,
«ISHONCH»