Ўзсаноатқурилишбанк ёрдамида қурилиш маҳсулотлари корхоналарида  ишчилар кўпаймоқда

1026

Иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бўлган саноат ўзининг қўшимча қиймат яратиши, аҳоли эҳтиёжини қондиришдаги ўрни ва юқори даражада ишлаб чиқаришга эгалиги билан бошқа тармоқлардан тубдан фарқ қилади.

Жорий йил 9 июнда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, хусусан, қурилиш материаллари саноатида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилишга шарт-шароитлар яратиш, тармоқ корхоналарига кредит ажратишда имтиёзлар бериш каби вазифалар белгиланди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан қурилиш материаллари тармоғидаги корхоналарга асосий воситалар ва технологик ускуналар сотиб олиш, қурилиш ишлари ҳамда айланма маблағларни тўлдириш мақсадида бир нечта кредит турлари таклиф этилмоқда.

Ушбу кредитлар ҳисобига йирик корхоналардан тортиб, тадбиркорлик субъектлари ҳам бирдек молиявий қўллаб-қувватланиб, юртимизда қурилиш материаллари турлари ва сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда экспорт ҳажмини кўпайтиришдек муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Масалан, йилига 50 минг куб бетон маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Тошкент шаҳридаги “Olmos blok” масъулияти  чекланган жамияти банкнинг ана шундай мижозларидан биридир.

2020 йилда иш бошлаган корхонада айни пайтда 70дан зиёд ишчи меҳнат қилиб, маҳаллий қурилиш бозорига йилига 30 млрд. сўмга тенг маҳсулот етказиб берилмоқда.

Хусусий тадбиркор Дилшод Назаров ҳам ўз бизнес фаолиятини банк кўмагида йўлга қўйди. Маҳаллий аҳолининг 30 нафарини ишга жалб қилиб, йилига беш минг тонна мих ва қурилиш симлари ишлаб чиқара бошлади.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонида белгиланган вазифаларга кўра, бугунги кунда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришда кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Мана шундай ҳудудларда фаолият юритувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

“MAGMA GROUP” масъулияти чекланган жамиятига бизнес режасини ишга тушириш учун Тошкент вилоятидаги “Бектемир” кичик саноат зонасидан жой ажратилган. Банкнинг молиявий кўмагида корхона зарур ускуналар билан жиҳозланган. Ҳозирда у ерда замонавий меъморчиликда кенг қўллланиладиган қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, корхонанинг ишга тушиши натижасида ишга жалб қилинган ҳудуд аҳолисининг 90 нафари оиласига ҳам барака кирди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Уларда инфратузилмани яхшилаш ҳамда геология ишларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилмоқда.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ушбу соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 300 млн. долларлик еврооблигацияларни чиқариб, ресурс базасини янада шакллантириш кўзда тутилган. Айни пайтда бунга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Durable beton” масъулияти чекланган жамиятига Банк томонидан  хорижий кредит линия ҳисобидан маблағ ажратилган. Қурилиш қоришмалари билан бир қаторда бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхона Банк томонидан ажратилган 5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит линия ҳисобига ўз айланма маблағларини тўлдириб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга оширишга эришди. Шу билан бирга бу корхонада банд аҳоли сони ҳам кўпайди.

Маълумки, жорий йилда Ўзсаноатқурилишбанк тизимида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш мақсадида янги тузилмалар, шу жумладан, ҳудудий   филиалларида консалтинг марказлари ташкил қилиниб, уларга малакали менежерлар жалб қилинди.

Ҳозирда ушбу менежерлар қурилиш материаллари соҳасида иш бошламоқчи бўлган кичик ва ўрта бизнес субъектларига стандарт лойиҳалар, бизнес режалар ва лойиҳаларнинг техник-иқтисодий аҳамиятини ишлаб чиқишда, шунингдек кредит олишда бевосита кўмаклашмоқда.

 

Зебо НАМОЗОВА