Сўз сирининг инкишофи

916

Зуҳриддин Исомиддиновнинг «Сўз қисмати» китоби («SHARQ» НМАК, 2020 йил) этнографик этюдлар жамланмасидан иборат. У ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» асаридан келтирилган қуйидаги иқтибос билан бошланади: «Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи «Сўз қисмати» бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошидан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлиш­лари, камолу заволлари тасвир этилса…».

«Сўз қисмати»нинг яратилиш сабаби ҳам шу фикрга боғланган. Ўз навбатида, Зуҳриддин Исомиддинов «Улуғ шоиримизнинг бу тилагини ўринлатиш катта, улуғ вазифа. Уни ҳеч бир муаллиф уддалай олмайди, тадқиқи эса ўнлаб китобга ҳам сиғмайди», деган.
Дарҳақиқат, олам ва одамдан аввал яратилган сўз – бениҳоя сирли ва моҳиятини тугал англаш имконсиз бир хилқат. Сўз аслида ҳамма нарса: сўз – ҳодиса, сўз – муносабат, сўз – тарих, сўз – бугун… ва келажак. Сўз – умид, армон, ­ҳасрат ва муҳаббатдир. Сўзнинг етмиш икки маъноси бор, дейишади, ҳар ким ўз ақли, ўз ниятига яраша насибаси, улушини олади ундан.
Халқ тилида учрайдиган мақоллар, иборалар, тарихий сўзларнинг ўз ўтмиши, асрлар оша босиб ўтган йўли, худди одамзод сингари ўз қиёфаси, шакли бор. Лекин биз бунга кўпинча ­эътибор бермаймиз. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, йигирмата мақоладан иборат «Сўз қисмати» китобини адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг йиллар давомида олиб борган кузатишлари натижасида яратилган мўъжазгина хазина, миллий тилимиз бойлигини кўз-кўз қиладиган яна бир тиниқ жажжи кўзгу десак, муболаға бўлмайди.
Муаллиф томонидан ниҳоятда нуктадонлик, нуктазарблик билан битилган бу мақолаларнинг ҳар бирида бирор тарихий сўз ёхуд иборанинг келиб чиқиши, тад­рижи, қайси даврга оидлиги, қўлланиш доираси, бошқа тиллар билан алоқаси, фонетик ўзгаришга учраган-учрамагани батафсил текширилган ва аниқ илмий хулосалар чиқарилган.
«Оллоҳга салом бериладими?», «Қамишдан бел боғлаб», «Тулпор отнинг қаноти», «Сим қоқди» нима дегани?», «Шеванинг шикваси», «Айланай, ўргилай», «Гап» ҳақида гап» каби мақолаларни ўқиган киши тилимиз нақадар бойлигидан ва мўъжизаларга тўлалигидан ҳайратга тушиши табиий.
«Шоти бўлиб кўкка чирмашган нола» мақоласида ёзилишича, ҳозирги Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани ҳудудида ўта қадимий, улкан бир қабрис­тон бўлиб, унинг тарихи уч минг йилдан ортиқ эмиш. Ўша маскандаги баланд бир тепаликни маҳаллий аҳоли Жўмард қассобнинг қабри, деб атайди. Бу инсон одамларга гўшт сотганида, бирор кишининг тўлашга пули бўлмаса, «Топ­ганингда берарсан, йўқса, ўлганимда қабрим устига бир кафт тупроқ олиб келиб ташласанг, мен рози бўламан», дер экан. Қассоб дунёдан ўтгач, қарзи бор ҳар бир одам унинг қабри устига бир кафт-бир кафтдан тупроқ ташлаганида катта бир тепалик пайдо бўлибди.Чунки ундан қарздорлар жуда кўп экан. Муаллиф ушбу қайдлар халқона эканлигини таъкидлар экан, «одамларнинг тили келишмай, «Жўмард» дейишган. Ҳолбуки, у «Авесто» асаридаги Гавомарднинг қабри», деган мулоҳазани ўртага ташлайди.
Энг қизиғи, бу қабристондаги ҳар бир қабр устига биттадан шоти санчиб қўйилган. Бунга ҳозирги пайтларда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Китобда ана шу манзара акс этган фотосурат ҳам берилган. Муаллиф бунинг сабабини «Энг қадимги даврларда – эҳтимолки, ўша «Авесто» даврларида (Исломга ҳали камида йигирма аср бор эди) – одамлар шуурида ўлганларнинг руҳи осмонга чиқиб кетади, деган тушунча бўлган», деб изоҳлайди. Усмон Носир мисраси сарлавҳа сифатида танланган бу мақола ҳам қизиқарлилиги, ҳам илмий жиҳатдан теран таҳлилларга жуда бойлиги билан қадрлидир.
«Эти сизники, суяги бизники», «Суя­гимизни бегонага ушлатмаймиз» каби маталларнинг маъноси ва яратилишига, қўлланадиган ҳудудига боғлиқ маълумотлар, зардуштийлик динидаги дафн маросими, марҳумларни сўнгги йўлга кузатиш таомилларидаги тафовутлар, бу фарқларнинг ижтимоий табақа билан ҳам боғлиқлиги тўғрисидаги далиллар ҳар бир сўз ёки ибора беҳад мураккаб, сирли тарихий жараён ҳосиласи эканини тасдиқлайди.
«Миллийликка хиёнат қилмай…» мақоласида «Ўткан кунлар», «Алпомиш», «Суюнчи» ва Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига атаб олинган кинолар тўғрисида айрим танқидий ­фикрлар билдирилган. Бунинг учун муаллифга раҳмат айтиш керак. Ушбу соҳада ном чиқарган санъатшунослар назаридан четда қолган бундай камчилик­ларни кўриш учун эса, аввало, миллатни чин дилдан севиш керак. Ана энди, марҳамат, ўша танқидий мулоҳазаларни биргалашиб ўқийлик:
– Ана, Кумуш Отабекнинг кўзларига тикка кўз қадаб, гоҳ юзини теккиза туриб гаплаша берди, ана, Отабекни ўзига тортиб маъшуқалар сингари ўпди, кейин бу икки «севишган» от чоптирганча аллақайси сой бўйлаб хилватга кириб кетди;
– маҳаллий аҳоли босқинчи мўғуллар бошига олов ёғдиради – бир эски ­«КамАЗ» баллонини ёқиб, адир пастида от чоптириб юрган «мўғуллар» устига думалатиб юборишади. Тасаввур қилинг: олти-етти аср бурун – «КамАЗ» шинаси!
Кўриниб турибдики, муаллифнинг бундай ҳақли эътирозларига жавоб йўқ. Чунки бу гаплар ҳар қандай эҳтиросдан холи, мантиқий асосга эга бўлган хулоса ва аччиқ ҳақиқатдир. «Миллийлик – ўқиб-ўрганиладиган ё бировдан сўраб, билиб олинадиган нарса эмас, – деб ёзади олим. – Бунинг учун одам ўзбек бўлиб туғилиши, руҳи шу миллийлик бағрида тарбия топиши керак».
Бизнингча, «Сўз қисмати» виждони уйғоқ ҳар бир зиёли ўқиши ва уқиши шарт бўлган саноқли китоблардан биридир. Ундаги барча мақолалар тарихимиз, миллийлигимиз ва бугунги ҳаётимиз билан чамбарчас боғлиқ. Китобни мутолаа қилган киши ўзи учун фойдали ва зарур маълумотларга эга бўлади, руҳий эҳтиёжига яраша озуқа олади, миллий ҳис-туйғулари янада тиниқлашади ва теранлашади.

Илҳом ҒАНИЕВ,
филология фанлари доктори