Коронавирус «тажрибалари»

7241

ёхуд пандемия даврида қандай йўл тутмоғимиз лозим?

Ўтган йилдан буён дунё аҳлини жиддий ташвишга солаётган «COVID-19» пандемияси аҳоли саломатлиги билан боғлиқ энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозир турли давлатлар унинг навбатдаги тўлқини билан курашмоқда.
Табиийки, ушбу офат Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Биз юртимизда олиб борилаётган оқилона давлат сиёсати натижасида пандемия даврини катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз. Зеро, пандемиянинг илк кунидан эътиборан Президентимиз бошчилигида бу касалликнинг мамлакатимизда тарқалиши олдини олиш ва миллий иқтисодиётимизга таъсирини юмшатишга қаратилган талай ишлар амалга оширилди.

1. Пандемиянинг дастлабки босқичларида республика бўйлаб кучайтирилган карантин чекловлари жорий этилди. Мактабгача таълим, умумтаълим ҳамда олий таълим муассасалари фаолияти масофавий тарзда олиб борилди. Халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари тўхтатилди. Диёримизга кириб келган, шунингдек, коронавирус аниқланган шахс­лар билан мулоқотда бўлганлар 14 кун давомида карантин марказларида ушлаб турилди. Барча оммавий (спорт, маданий) тадбирлар, тўй-маъракалар тақиқланди. Санитар-карантин пунктлари фаолияти кучайтирилди. Ҳар бир ҳудудда мослаштирилган карантин зоналари очилди ва хориждаги фуқароларимиз чартер рейс­лар билан юртимизга олиб келиниб, 14 кун карантинга жойлаштирилди. Барчасидан лаборатор таҳлиллар олиниб, касаллик аниқланганлари махсус шифохоналарга даволанишга юборилди. Махсус ковид-поликлиникалар, мобиль бригадалар, «Call-center»лар ишга туширилди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қисқа фурсатда 22 минг ўринли, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Рес­публикасида эса жами 7085 ўринли карантин марказлари қуриб битказилди.
2. Пандемия муносабати билан тиббиёт муассасалари 2020 йилда 3 та МСКТ, 56 та рентген, 2303 та функционал кроват, 1450 та СИПАП, 3300 та кислород концентратор, 2040 та ИВЛ, 55 та ПЗР, 12,5 мингта кардиомонитор, шунинг­дек, бюджет ҳисобидан жами қиймати 72 млрд. сўмлик 500 та ИВЛ, 90 та кардиомонитор, 10 та ПЗР аппарати ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Мурувват ёрдамлари орқали эса 1512 та болалар СИПАПи, 300 та ИВЛ, 2507 та кислород концентратори ва бошқа жиҳозлар етказиб берилди.
Беморларга жойи­­да сифатли лаборатор хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун 11 турдаги анализаторлар ва сарфлов воситалари биргаликда харид қилинди. Жумладан, 10 та биохимик, 10 та иммунофермент, 10 та гематологик, 30 та қоннинг қуюлувчанлик кўрсаткичлари анализатори, 20 та ярим автоматик коагулометр ва бош­­қа анализаторлар келтирилиб, тегишли тартибда тақсимланди. Бундан ташқари, Хитойнинг «Хенан Костар» компанияси билан тузилган шартномага мувофиқ, 20 та гематологик, 17 та рақамли портатив рентген аппарати, 1000 та кислород концентратори, 200 та кардиомонитор, 206 та шприцли насос, 8400 та пульсоксиметр келтирилиб, ҳудудий тиббий муассасаларга юборилди.
3. Коронавирус касаллигининг олдини олиш ва инфекция мавжудлиги аниқланган беморларни ўз вақтида даволаш мақсадида Инқирозга қарши кураш жамғармасидан зарур маблағлар ажратилиб, энг зарур саналган 49 турдаги дори воситаларининг захираси яратилди ва узлуксиз равишда жойларга жўнатиб турилди. Коронавирусни даволашда энг юқори самарага эга фавипиравир ва ремдесевир дориларини, ПЦР-тестлар, индивидуал ҳимоя воситаларини, дезинфекцион моддаларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Салкам 800 минг тўп­лам дори қутилари (COVID-BOX, аптечкалар) ҳудудларга етказиб берилди.
4. Президентимизнинг тегишли қарорига биноан, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қўшимча маблағ тўлаш лозимлиги белгиланди. Шу асосда врач ходимлар ва врач-лаборантларга – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари ва ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм, бошқа ходимларга – 5 миллион сўмдан ҳақ тўлаб борилди. Ҳозир эса тиббиёт ходимларига 14 кунлик фаолияти учун тўланадиган махсус тўловлар муддатини 30 кунга узайтириш орқали бюджет маблағларини тежашга эришилди.
Яна бир гап. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 23 июлдаги ва 27 август­даги тегишли фармонларига асосан, коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган 300 нафардан ортиқ тиббиёт ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди.
5. Коронавирус пандемияси юқори чўққига чиққан даврда мамлакатимиздаги жами 159 та муассасада 25200 та шифо ўрни, жумладан, 2500 та реанимацион ўрин ташкил этилди. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида коронавирусга йўлиққан беморларни даволаш учун зудлик билан 3600 ўринли махсус шифохона қурилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳолда фойданишга топширилди. Бундай махсус шифохоналар Нукус, Самарқанд шаҳарлари, Термиз ва Поп туманларида ҳам қад ростлади.
Қолаверса, қўшимча равишда 58 та саралаш-тақсимлаш марказида 15 мингта ўрин, шу жумладан, 1225 та реанимация ўрни очилди. Коронавирус билан касалланганларни даволашда бугунга қадар Хитой, Россия, Корея, Туркия ва Германиядан келган 140 дан ортиқ мутахассис қатнашди.
Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолияти шундай ташкил этилдики, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган ҳар бир киши ушбу соҳа ходимини уйига чақириб, барча муолажаларни хонадонида олди. Коронавирусга шубҳа қилинган беморни касалхонага ётқизиш зарурияти туғилган ҳолларда махсус гуруҳ чақирилиб, бемор госпитализация қилинди ва бепул даволанди.
Ҳозирги кунда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ниятида жорий этилган карантин чекловлари юмшатилиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари фаолияти тўлиқ тикланди. Шунингдек, олий таълим соҳасидан ташқари мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари фаолияти босқичма-босқич қайта йўлга қўйилди. Халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари яна очилди. Кўнгилочар объектлар ва диний ташкилотлар фаолияти, тўй маросимларига (иштирокчилар сони ва ўтказиш вақти чегараланган ҳолда) рухсат берилди. Аммо охирги вақтларда аҳолининг маълум контингенти ўртасида карантин талаб­ларига эътиборсизлик, аниқроғи, тиббий ниқобсиз юриш ёки ниқобни тўғри тақмаслик, тўйлар ва турли тадбирларда қатнашаётганлар сонининг кўплиги, зарурат бўлмаса-да, жамоа бўлиб тўпланиш, ижтимоий масофа сақламаслик ҳолатлари кузатилмоқда.
Очиғини тан оладиган бўлсак, аксариятимиз карантин қоидаларига қатъий амал қилмаяпмиз. Мисол учун, оддий тиббий ниқобни тақиш талабларини тўлиқ бажаряпмизми? Уни ҳар икки соатда алмаштиряпмизми? Бир марта ишлатиш лозим бўлган ниқобларни «кўп марталик» қилиб, боз устига, хўжакўрсинга тақмаяпмизми?!.
Ёки ижтимоий масофани сақлаш масаласини олайлик. Тўй-маъракаларни қандай ўтказяпмиз? Меҳмонларимиз кўпайиб кетмаяптими? Наҳотки, кечаги аччиқ тажрибани шу қадар тез эсдан чиқарган бўлсак?!.
Булар аҳоли ўртасида яна касаллик тарқалишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, аҳоли ўртасида касалликни камайтириш учун унинг манбаини барвақт аниқлаш, яъни юқори нафас йўллари яллиғланиши аломатлари (иситма, йўтал, грипп) бўлганларни касалхонага эрта ётқизиш, эҳтиёт чораларини кўриш (тиббий ниқоб тақиш, нафас олиш ва қўл гигиенаси, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш), ижтимоий масофани сақлаш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича тадбирларни талаб даражасида бажариш лозим.
Бу хавф дунё миқёсида бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Барчамиз зийраклик ва эҳтиёткорлик билан оддий карантин талабларига – тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт!

Алишер ШОДМОНОВ,
Тошкент тиббиёт академияси
ректори, профессор