Биз «Ишонч»га ташнамиз(ми?)

1040

Кўксарой майдонида яшаймиз. Шундоқ рўпарамизда маҳобатли, савлат тўкиб турган «Ишонч» меҳмонхонасига нигоҳимиз қадалади. Иттифоқо кўзим тушиб қолди. Шаҳримизда одамларга холис хизмат кўрсатиб келаётган «Ишонч» савдо нуқталари ҳам бор экан. «Ишонч» адвокатлик фирмаси ёрлиғидан ҳам кўз қувонади. Вилоятда ушбу мақом остида фаолият юритиб келаётган ўнлаб тадбиркорлик субъектлари, фирмалар мавжуд.

Солномаларни варақлаб, бундан ўттиз йил илгари луғатимизда бўлган «ишонч» сўзидан сира фойдаланмаганимизга иқрор бўлдим.
Юрт истиқлоли эълон қилинадиган йилда истеъмолимизга ишонч сўзи севимли нашримиз «Ишонч» газетаси мақоми билан кириб келган экан. Тўқсонинчи йиллар ўрталарида эса Сирдарё вилоятининг Гулис­тон туманида газета шарафига «Ишонч» жамоа хўжалиги ташкил этилганини ахтариб топдим.
Мустабид тузумнинг ёлғон мафкураси эртанги кунга бўлган умидларни чилпарчин қилиб, ишончни ўлдириб келган, чоғи. Кўп йиллар бу сўзни қўллашга бизда на имкон, на бир шароит йўқ эди-да. Юрт истиқлоли бизга эртанги кунга, фарзандлар иқболига, қолаверса, ўзимизга бўлган ишонч­­ни қайтарди.
Юртимиз бўйлаб «Ишонч» мақомининг порлаётгани, кундан-кунга ишончимизнинг ортиб бораётгани «Ишонч»ларда намоён бўлмоқда. Ҳар гал бу мақомга дуч келганимда, қалбимизга «Ишонч»ни жойлашга интилиб келаётган севимли нашримизни тўлқинланиб ёдга оламан.

Рустам ВАЛИЕВ
Самарқанд шаҳри