Ларза

2583

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 45 ёшида саккизинчи бор жаҳон олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритганда, халқаро спорт жамоатчилиги ёқасини ушлаб қолган эди. «Токио-2020»да Оксана яна бир бор сайёрани ларзага солиб, 46 ёшида катта спорт билан хайрлашди.

Хайрлашиш Оксанага осон бўлгани йўқ. Аммо у кетиши ҳақида узоқ ўйлаб ҳам ўтирмади. «Токио-2020» мусобақасидаги дастлабки чиқишини бошлаш олдидан телекамераларга, фотосуратчиларга яқинлашиб саломлашган ва хайрлашган маънода қўл силтади, ёқимли табассум қилди. Бунинг учун беш-олти лаҳза вақт кетди, чамамда. Шу онда «Токио-2020» олимпиадасида қатнашаётган дунёнинг «Мана, мен!», деган спортчилари, кўпдан-кўп баҳсларнинг жонли шоҳидига айланган мураббийлар, ғалаба учун ҳеч нарсасини аямайдиган миллионлаб мухлислар диққат-эътиборини Ўзбекис­тон вакиласига қаратди. Гарчи Оксананинг навбатдаги уриниши унчалик омадли чиқмаган бўлса-да, ҳеч ким ундан ранжимади. Спортчимиз мусобақадан сўнг пастга тушиб келди. Мухлислари, рақиб­лари ва жамоадошларига яна бир бор ним табассум қилиб, икки қўлини баланд кўтарди. Бу ҳолат Оксананинг «Хайр, азизларим! Мен ҳаммангизни севаман. Хуш қолинг!», дегани эди, чамамда. Катта спорт саройи бирваракайига «увв» деб юборди. Кимдир йиғлади, кимдир афсусланди. Шу кезда унинг рақиблари ҳам ўрнидан туриб кетишди. Ҳамма тирик афсона – Оксана билан қўл силтаб хайрлашди. Бундай хайрлашувни ҳаяжонланмасдан, энтикмасдан, йиғламасдан кузатиб бўлмайди.
1975 йилда Бухорода туғилган Оксана Чусовитина нақ 30 йил давомида бутун дунё спортчиларининг эътиборида, миллиондан зиёд мухлисларининг эъзозида бўлди. Бу вақт давомида ҳали оламдаги бирорта гимнастикачи қўлга кирита олмаган натижаларга эришди. У тўққиз бор жаҳон чемпионатларида қатнашиб, тўртта олтин, тўртта кумуш, тўртта бронза медалига эга бўлган ягона аёл. Шунингдек, у Европа чемпионатларида битта олтин, учта кумуш, Осиё ўйинларида иккита олтин, тўртта кумуш, иккита бронза медалларини қўлга киритган. Саккиз бор жаҳон олимпиадасида муносиб қатнашган.
Оксана гимнастикадаги ютуқлари учун Гиннеснинг рекордлар китобига кирган дунёдаги биринчи аёл. Ҳали бирор-бир спортчининг номи фаолиятини давом эттириш баробарида «Шон-шараф» халқаро спорт музейи­­га киритилмаган эди. Буни фақат Оксана уддалади. Яна шуниси ҳайратланарлики, Оксана йиллар давомида уч мамлакат номидан (СССР, Ўзбекис­тон, МДҲ қўшма жамоаси, Германия) тўртта терма жамоа сафида туриб халқаро мусобақаларда қатнашган. Ва фақат совриндорлар қаторидан жой олган.
Бор-йўғи 44 килограмм оғирлигу 153 сантиметр бўйга эга бўлган темир иродали аёл, меҳрибон она (ўғли Алишер касал бўлганда, спортни ҳам ташлаб, даволатиш учун Германияга кўчиб кетган эди), енгилмас спортчи билан ватандош бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмаса керак…

Нормурод МУСОМОВ,
«Ishonch»