Ёв яловини ерга туширган аллома

1013

Тасаввуф илмининг ёрқин намояндаларидан бири, улуғ мутафаккир Нажмиддин Кубро тарихда буюк алломагина эмас, балки ўз ватани озодлиги учун мислсиз мардлик намуналарини кўрсатган миллий қаҳрамон сифатида ҳам ном қолдирган.

…Ҳарбий жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрган мўғул қўшинлари Хоразмшоҳлар давлатига юриш қилиб, қисқа муддатда (1218-1221 йилларда) бу давлат ҳудудини босиб олади. Хоразмшоҳ Муҳаммад ўз юртини, пойтахт Гурганч шаҳрини ташлаб кетади. Шаҳар аҳолиси ҳимоясиз, етакчилик қиладиган сардорсиз қолади. Шундай оғир вазиятда 76 ёшли Нажмиддин Кубро шаҳарни ҳимоясини ўз зиммасига олади. У шаҳар мудофаасини ташкил этиш билангина чекланмай, қўлига қилич олиб, жанг қилади. Анча вақтгача мўғуллар шаҳар ҳимоячиларининг қаршилигини енга олмайди.
Нажмиддин Кубро шаҳар ҳимоя­чиларига қарата «Ё Ватан, ё шарафли ўлим!», деб хитоб қилади. Мўғуллар ҳали бирор ерда бунчалик қаттиқ қаршиликка дуч келмаган эди. Даҳшатли қирғинбарот етти ой давом этади. Сон жиҳатдан устун бўлган душман ҳисобсиз қурбонлар эвазига ғалабага эришади. Жароҳатланган Шайх туғ тутган мўғул сарбозига ташланиб, яловни маҳкам ушлаб олади. Охири душманлар унинг қўлини кесиб, байроқни олишга мажбур бўлади.
Шундай қилиб, Хоразмнинг буюк фарзанди ўз она ватанини душманлардан ҳимоя қилишда шарафли ўлим топди. Нажмиддин Кубро 1221 йилда ўзи муаллимлик қилган хонақоҳга дафн этилади. Ҳозирги вақтда шайхнинг қабри Туркманис­тон Республикасининг Тошҳовуз вилояти Кўҳна Урганч шаҳридадир.
Шайх Нажмиддин Кубронинг ватанпарварлиги асрлар оша тилларда достон бўлиб, бизгача етиб келган. 1995 йилда буюк алломанинг 850 йиллиги республикамизда кенг нишонланди, бир қанча рисолалари чоп этилди.
Турон замини азал-азалдан ватанпарвар, миллатпарвар буюк сиймолар макони бўлган. Бу юртда яшаб ўтган кўплаб алломалар, валий зотлар дунё тарихида ўчмас из қолдиришган. Шайх Нажмиддин Кубро – инсоният тарихидаги энг эътиборли сиймолардан бири. Унинг номи асрлар оша ватанпарварлик тимсоли бўлиб қолаверади.

Дилмурод БОБОЖОНОВ,
«Ичан Қалъа» давлат
музей-қўриқхонаси бош
мутахассиси