Муомала ва муолажа кўнгилдагидек… бироқ хасталикни тўлиқ бартараф этиш учун шароит ҳам етарли бўлиши зарур

Шифохонада эса, ҳақиқатан ҳам шифокорларнинг беморлар учун ўзларининг оила­ ­аъзоларидек яқин, жонкуяр, қадрли эканига гувоҳ бўлдик.
…Дарди зўрлиги салқиган юзи, киртайиб қолган кўзларидан кўриниб турган ёши улуғ аёлни кўрикдан ўтказаётган Ҳулкар Турсунова беморнинг ҳолати, унга қилинаётган дори-дармонларни яна бир карра аниқлаштириб олди. Сўнг ҳамшираларга юзланди-да чўнтагидан пул олиб, дорихонага юборди. Бундан мен ҳайратга тушдим. Ахир оддий қон топшириш учун ҳам бир марталик шприц ва тиббий қўлқоплар билан поликлинакага чиқамиз-да… Балки… Бошқа беморлардан сўраб-суриштирдим. Ҳа, улар ҳам касалхонада бўлмаган баъзи дориларни ўзлари олиб келар, шифохонада алоҳида таърифли маош тўланмас экан. Шунда англадимки, бу ерда инсоний бурч устун қўйиларкан. Ҳар бир беморни ўз опаси, синглиси, акаси, укаси, отаси, онаси ўрнига қўйиб даволашар, аввало, дилини, кўнг­лини эгаллаб, тузатиб, сўнггина тан шифосига киришилар экан.
— Беморнинг соғлиғи ҳар нарсадан устун, — дейди жилмайиб Ҳулкарой.
Ҳайратга, таҳсинга лойиқ ибрат.
Танишув жараёнида 3-шаҳар клиник шифохонасида ишлаш ҳар бир ходимдан машаққатли меҳнат, сабр-тоқат, матонат ва инсоний туйғулар билан йўғрилган муҳим касбий фазилатларни ҳам талаб этишига амин бўлдик. Бу ерда шифокорлар рутбасидан қатъи назар, беморга ёрдам бериш, дардига малҳам бўлишни ўз бурчи деб билади.
…Геморрагик воскулит деган, катта одамни ҳам эсанкиратадиган ташхис билан ётган икки ярим яшар қизалоқ танасидаги оғриқлардан чирқиллаб йиғлайди. Жонингни бер деса, беришга тайёр ота-она жигарбанди дардини енгиллата олмаётганидан эзгин. Боласини қучиб-эркалашга, суйиб, овутишга уринади. Қизалоқ эса даволовчи врачга талпинди. Ҳулкар Турсунова қизалоқни овутди, бола тилида сўзлашди…
Шифохонада ҳар бир бўлимнинг шуғулланадиган хасталиклардан келиб чиққан тематикаси бор. Яъни бўлимдаги беморлар билан улар оғриган касаллик сабаби, унинг олдини олиш, асоратлари билан курашиш ва тўлиқ тузалиб кетиш ҳақида суҳбатлашилади. Ҳар ҳафтада бош шифокор беморлар билан мулоқот қилади, қандай шикоятлари, овқат, муолажа, муомалада камчилик бор-йўқлигини сўраб, муаммони жойида ҳал этади. Беморлар ўзини тўла ҳимоя­ланган ҳис қилади.
Аммо шифохонанинг ўзи ҳақида тўлқинланиб гапириш мушкул. 2 та алоҳида блоклардан иборат шифохона таъмирталаб. А блок «ASIA ALLIANCE BANK» томонидан тўла таъмирдан чиқариб берилган, ҳар бир палата қулай жиҳозланган, ёнида санузел мавжуд. Болалар реанимация бўлими каби ­эътиборталаб бўлимлар, аҳволи оғир беморлар шу блокда. Шифохона 1983 йилда қурилган бўлса-да, то 2015 йилгача жиддий таъмирланмаган. Асосан пардозлаш ишлари бажариб келинган. 30 йилдан ошиқ вақт давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги эътиборидан четда қолиб келаверган. Умуман, инсон, хусусан, ёш болалар соғлиғига мас­ъул бўлган шифокорларнинг қандай шароитда ишлаётгани тегишли ташкилотларни нега безовта қилмагани қизиқ. Ёки ходимларининг инсонийлиги, вазият, шароит танланмай, ҳеч қандай шарт қўймай, ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмай фидойи­лик билан ишлаётганликларига жавобмикан бу?
– 2015 йилда «ASIA ALLIANCE BANK» пудратчилар билан биргаликда А блокни таъмирлаш ишларини бошлади, – дейди 3-шаҳар болалар клиник шифохонаси бош шифокори Гулчеҳра Исҳоқова. Биз бинога 2017 йил октябрь ойида кирдик. Ҳомийларимиздан жуда ҳам миннатдормиз. Хавф гуруҳига кирадиган бўлимлар шу янги бинога жойлаштирилди. Б блокда 5 та бўлим ишлайди, улар ҳам жиддий, хавф гуруҳига киради. Айниқса, гематология бўлими. Чунки анемияга учраган беморлар келади. Эски бинода бўлишига қарамасдан, ходимларимизнинг яхши бўлгани учун барча беморлар мамнун. Бу биномиз туман ҳокимлигининг «йўл харитаси»га киритилди. Сметалар тузилиб, харажатлар ҳисобланмоқда. Таъмирлаш ишлари 2019 йилда бошланса керак.
Ҳақиқатан ҳам, бино эски ­бўлса-да, йўлаклар, палаталар саришта, ёғ томса, ялагудек озода. Бу блокда гематология, гастроэнтерология каби бўлимлар жойлашган. Барча бўлимлар, хусусан, тўғридан-тўғри қонга боғлиқ бўлган гематологияда вазият жиддий. У ерга геморрагик воскулит, камқонлик, тромбоцитопатия, идиопатик тромбоцитопеник пурпура каби оғир ташхисли беморлар ётқизилади.
Ғичирлаган каравотлар, эски тумбалар, тирқишларидан елвизак ураётган деразалар шифохона ходимлари томонидан имкон қадар бўяб, тузатиб эпақага келтирилган. Шифокорларнинг ширин муомаласи, тўғри муолажаси, асосийси, юрак ҳарорати қўшилган муносабати туфайли бу ноқулайликлар ғашга тегмайди. Фақат ­эъзозланиши, бошга кўтарилиши, рағбатлантирилиши керак бўлган фидойиларга ачинасан киши. Аридай заҳматкаш, тиними йўқ ходимлар «прописка», «нариги туман», «қўшни вилоят» каби ­анъанага айланган баҳоналарни келтирмай, барча беморларни тенг қабул қилади. Биринчи ёрдамни кўрсатиб, аҳволи барқарорлашгач, ўз бўлимига юборади. Жойлар тўлиб кетганида муаммо қилмай, ўзлари тик оёқда қолса ҳам, шароит яратиб беришади. Чунки 3-шаҳар болалар клиник шифохонаси учун бемор бу ердан мамнун бўлиб кетиши шарт!

Албатта, ёмон шароитнинг касал тузалишига алоқаси йўқ. Бунга ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлдик. Шифохона ходимларининг барчаси беморларни астойдил тинг­лайди, ҳамсуҳбат бўлади. Аммо тоза бўлса ҳам, санитария талаб­ларига риоя қилинса ҳам, бино жуда эски. Беморларнинг эса нафақат кўнгли, балки танига ҳам шинам, қулай шароит бўлиши зарур. Бу давлатимизда олиб борилаётган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлардан кўзланган бош мақсаддир.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Фикр билдириш

Your email address will not be published.