29 июль куни Ўзбекистонга АҚШдан коронавирусга қарши 3 миллион доза вакцина келтирилади

894

Вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «COVAX» дастури доирасида ажратилади ва 29 июль куни махсус ҳаво қатнови воситасида АҚШнинг Алабама штатидан Ўзбекистонга етказиб берилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ беғараз кўмак тариқасида «Moderna» компаниясининг коронавирусга қарши қўлланиладиган 3 миллион доза вакцинасини ажратди.

АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази (CDC) маълумотномаларида қайд этилишича, «Moderna» компаниясининг вакцинаси 94 фоиздан зиёд самарадорликка эга бўлгани ҳолда COVID-19 вируси юқишини бартараф этади. АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сифатини назорат қилиш бўйича бошқармаси (FDA) COVID-19 профилактикаси учун Moderna вакцинасини 18 ва ундан катта ёшдагиларда қўлланилишига рухсат берган. Мазкур вакцина тери остига юборилади, эмлаш бир ойлик интервал билан икки дозадан иборат.

Pfizer ва BionTECH фармацевтика компаниялари препаратларидан фарқли ўлароқ, Moderna таклиф этаётган вакцинани ўртача совуқликдаги ҳароратда сақлаш мумкин, бу эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб тарқатилишини енгиллаштиради.

АҚШ Касалликлар назорати ва уларнинг олдини олиш бўйича маркази тадқиқотларидан маълум бўлишича, Америкада 93 фоиз касаллик юқиш ҳоллари эмлаш даражаси 40 фоиздан кам бўлган округларга тўғри келмоқда. Қайд этилишича, коронавирус юқиши боис касалхонага жойлаштирилган ва ҳаётдан кўз юмганларнинг 99 фоизи эмланмаган аҳоли ҳиссасига тўғри келмоқда. Оқ уй раҳбари ўз чиқишида қайд этганидек, «миллионлаб АҚШ фуқаролари ҳамон эмланмаган, шу боис улар касаллик хавфи остида турибди».

Эслатиб ўтамиз: Президент Шавкат Мирзиёев 23 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Биз катта қийинчиликлар билан вакцина олиб келяпмиз» деб таъкидлагани ҳолда аҳолини фаоллик билан эмланишга даъват этди