Хоразм — сайёҳлар харитасидаги жозибадор маскан

1,154

Хоразм — Ўзбекистон туристик маршрутининг энг серқатнов манзилларидан бири. Хорижий сайёҳларнинг вилоятда қолиш давомийлиги 2012 йилда ўртача 1,1 суткани ташкил қилган бўлса, жорий йилда 2 суткага етди. Сайёҳлик мавсуми ҳам 6-7 ойни эмас, куз-қиш фаслларини ҳам ўз ичига олмоқда. Ушбу кўрсаткичларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта.

Президентимизнинг 2017 йил 4 майдаги «2017 – 2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури тўғрисида»ги қарори ушбу йўналишда бутунлай янги даврни бош­лаб берди. Ушбу дастур асосида туристик йўналишдаги йўллар ҳолатини яхшилаш, ҳудуддаги маданий мерос объектларида таъмирлаш ва реконструкция ишларини олиб бориш, экотуризм йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
– Шиддат билан ривожланаётган давр, ахборот технологияларининг ҳаётимиздан кенг жой эгаллаши, халқимизнинг дунёқараши ўзгараётгани биз мутасаддилардан ҳам янгича ёндашувларни талаб қилмоқда, – дейди Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директори вазифасини бажарувчи Азизбек Полвонов. – Дунё сайёҳларининг нигоҳини Хоразмга жалб қилиш мақсадида кейинги бир йил ичида вилоятнинг бир гуруҳ соҳа мутахассислари Туркия­нинг Измир, Испаниянинг Мад­рид шаҳарларида, Германиядаги «ITB-Berlin 2018» ва Россияда бўлиб ўтган «MITT-2018» туристик ярмаркаларда иштирок этишди.
Келаётган сайёҳларимиз нафақат қадимий обидаларимизга, шу билан бирга гўзал урф-одатларимиз, анъаналаримиз, миллий таомларимиз, шириндан-­шакар меваларимиз ва ўзига хос табиатимизга ҳам мафтун бўлмоқда. Шу аснода ҳудудда меҳмонхона туризми жадаллик билан ривож­ланаётир. Бундан ташқари, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида кейинги йилларда «Рақс сеҳри» халқаро фестивали ҳамда «Гурвак – Хоразм қовунчилиги рамзи» деб номлаган қовун сайлини ўтказиш анъанага айланди. Ов туризмини ривожлантириш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда.
Тарихи 3 минг йилларга бориб тақалувчи Ҳазорасп туманидаги «Сулаймон қалъа», Боғот туманидаги «Қалъажик қалъа», Шовот туманидаги «Кат қалъа» каби бир нечта зиёратгоҳлар туристик маршрутга киритилаётгани сайёҳлик хизмати кўрсатиш кўламини оширади.
Вилоятда сайёҳлар учун қизиқарли бўлган экзотик масканлар ҳам кўп. Масалан, Хива туманидаги Эшон Ровот кўли бўйида сайёҳлик мажмуаси яратилиб, балиқчилик йўлга қўйилган. Бу ерда юрта лагерлари, сузиш воситалари ижараси хизматлари ҳамда дам олиш пляжлари инфратузилмаси ташкил этилган. «Хива Қоракўл» фермер хўжалиги негизида сайёҳларни карвонда олиб юрувчи бирламчи пункт ва бош­­қа зарур инфратузилмалар ишга туширилган. Бу ерда ҳам балиқчилик фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтда Хива туманидаги Ғовуккўл бўйида ҳам сайёҳлик маж­муаси яратилиб, бу ерда экологик дам олиш зонаси ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Вилоятнинг Амударё соҳилларига туташ ҳудудларида (Ҳазорасп, Урганч, Янгибозор туманлари) ҳам туристик маршрутлар ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.
Хоразм – дунё цивилизацияси бешиги. Хоразм маъмун академияси олимларининг ўтмишдаги ва бугунги кундаги илмий изланишлари, «Авесто»нинг дунё тамаддунида тутган ўрни мавзуларида халқаро илмий анжуманлар ташкил қилиш, «Шайх Мухтор Валий», «Паҳлавон Маҳмуд», «Саййид Мохи Рўйи Жаҳон» мажмуаларини сайёҳлик маршрутларига киритиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳам кўрилаётган чоралар сирасидан. Маълумотларга қараганда, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг мақбарасини зиёрат қилиш учун бир кунда 400 нафардан ортиқ зиёратчи ташриф буюради. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан ушбу мақбара қайта таъмирланди. Бу йил кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган биринчи халқаро турнир ташкил қилинди.
Дастурнинг асосий йўналиш­ларидан яна бири сайёҳларга транспорт хизмати кўрсатишни яхшилашни назарда тутади. Хива шаҳрини халқаро туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан бошланган Урганчдан Хивагача 31,7 километр узунликдаги темир йўл қурилиши ва миллий услубдаги замонавий вокзал барпо этиш ишлари якуний босқичга кирди. Вокзал олдида улкан фаввора бунёд этилган, ҳунармандлар растаси, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган бир қатор маж­муалар, марказий аллея барпо этилмоқда. Жорий йилдан «Тошкент — Хива» йўналиши бўйича «Афросиёб» тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган. Қолаверса, авиақатновлар сони ҳам ортмоқда. Ҳозирда «Париж – Урганч», «Милан – Урганч», «Рим – Урганч – Тошкент», «Урганч – Москва – Урганч» ва «Урганч – Санкт-Петербург – Урганч» йўналишлари бўйича ҳам авиақатновлар йўлга қўйилган.
Сайёҳлар оқимининг кўпайи­­ши муносабати билан вилоятда замонавий меҳмонхоналарга бўлган талаб ҳам ошди. Ўтган асрнинг 80-йилларида вилоятда бор-йўғи 2 та меҳмонхона хизмат кўрсатарди. Бугунги кунда улар сони 62 та. ­Эътиборли жиҳати, меҳмонхоналар барпо этишда хориж инвес­тициялари ҳам жалб қилинмоқда. Вилоятда хорижий сармоядорлар иштирокидаги 5 та меҳмонхона фаолият кўрсатяпти. 2018 йил охиригача яна 13 та замонавий меҳмонхона барпо этилиши белгиланган.
Туризмнинг ривожланиши воҳада миллий ҳунармандчиликнинг ҳам равнақ топишига сабаб бўлди. Урганч ва Хивада миллий либослар, ўйинчоқлар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган. Хиванинг ўзида юздан ортиқ ҳунарманд усталар фаолият кўрсатмоқда. Юқорида тилга олинган дастур асосида ҳунармандлар шаҳарчаси ташкил қилинмоқда. Бу ҳунарманд­лар сони янада ошишига хизмат қилади.
– Сайёҳларнинг кўпчилиги катта ёшдаги ва зиёли инсонлар, – дей­ди Хоразм вилояти бизнес ва туризм­ни ривожлантириш маркази раҳбари Одилбек Раҳимов. – Уларнинг қизиқишларини ўрганиш ва шу асосда йўналишларни ишлаб чиқиш борасида кейинги 5 йил давомида хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда қатор ўрганиш­лар олиб борилди. Бунинг самараси сифатида «Қадимий қалъаларга саёҳат», «Велосаёҳат», «Орнетологик (қушларни ўрганамиз) саёҳат», «Зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат», «Табиат қўйнига саёҳат» ва «Ҳунармандчилик устахоналарига саёҳат» каби янги йўналишлар белгиланди. Изланиш­лар натижасида яратилган сайёҳлик йўналишлари ва ўрганишлар умумлаштирилиб, «Flora and Fauna of Khorezm and Karakalpakstan» (Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг флора ва фаунаси), «Khorezm a bit out of the ordinary» (Хоразмнинг ўзига хос ноёб томонлари) номли рангли журналлар чоп этилди.
О.Раҳимовнинг билдиришича, кўплаб сайёҳлар маҳаллий аҳолининг анъанавий ҳаёт тарзини кўриш ва унда иштирок этишга қизиқади. Масалан, уйларнинг қурилишида нафақат кузатиб туриш, балки унда иштирок қилиш, ўчоқда овқат пишириш, тандирда нон ёпиш, ип йигириш, тўқиш, пахта ва бошқа маҳсулотларни йиғиб олишда иштирок этишни хоҳлайдилар. Кейинги йилларда Ичан қалъада меҳмон уйлари ташкил қилинаётгани меҳмонларга ушбу имкониятни туҳфа қилмоқда.
– Аёллардан иборат гуруҳларни жалб қилиш имкониятлари жуда катта бўлиб, уларга махсус турлар таклиф қилинмоқда, – дейди Одилбек Раҳимов. – Жумладан, ўзбек аёллари билан учрашув, хонадонларда аёллар билан уй юмушларини бажариш, овқат тайёрлаш, миллий урф-одат ва удумларда иштирок этиш, чақалоқни бешикка солиш ва бошқа шу каби одатларимиз уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистонга оиласи ва болалари билан келадиган сайёҳлар учун йўналишлар аллақачон баъзи германиялик ва нидерландиялик тур операторларнинг сайёҳлик таклифларидан кенг ўрин олган.
Сайёҳларга яратилаётган қулайликлар кўлами янада кенгаймоқда.
– Урганч халқаро аэропорти ҳамда темир йўл вокзалида воҳага ташриф буюрувчи сайёҳлар зарур бўлган маълумотларга эга бўлиши учун маълумот марказлари ташкил қилинди, – дейди Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот котиби Азиза Ражабова. – Бу ерда меҳмонлар авиа­чипталар, темир йўл чипталари нархлари ва уларни банд қилиш, меҳмонхоналар ҳақида тўлиқ маълумот олиш ва банд қилиш, ресторан, кафе, барлар ва уларда ташкиллаштирилган хизмат турлари, Хива ва Урганч шаҳарларининг туристик хариталари, такси чақириш хизматлари, ижарага машина олиш, гид хизматларидан фойдаланиш ва вилоятда ўтказиладиган маданий-­кўнгилочар тадбирлар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлади.
Вилоятда «Хавфсиз туризм» концепцияси тўлақонли амалга оширилмоқда. Туризм инфратузилмаси объектларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш, соҳада хизмат кўрсатувчи ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминловчи давлат ва нодавлат объектларини ягона ахборот-коммуникация тизимига улаш, маълумотлар базасини шакллантириш чоралари кўрилди. Вилоят туризм­ни ривожлантириш департаменти томонидан «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими М.Абдурасулов билан ҳамкорликда смартфон ва планшетлар учун «Khiva Audio Tour» мобиль иловаси яратилди. Бундан ташқари, вилоятдаги барча маданий мерос объектлари ва музейларда «смарт технологиялари»ни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» шиори остида юртимиз бўйлаб ички туризмни ривожлантириш борасида туристик ташкилотларнинг фаоллиги ортмоқда. Турли байрамлар муносабати билан қўшимча таътиллар берилаётгани, ушбу даврда саёҳатга чиқувчилар учун авиа ҳамда поезд чипталари, меҳмонхона ва бошқа хизматлар нархининг арзонлаштирилиши юртдошларимизнинг қадимий шаҳарларимизни томоша қилиш иштиёқини оширмоқда. Бу борада касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳам эътиборга сазовор.
– Биргина вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида 6363 нафар касаба уюшма аъзосининг Хива ҳамда вилоятдаги зиёратгоҳларга саёҳати ташкил қилинди, – дейди Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Қаҳрамон Машарипов. – «Касаба сайр» шўъба корхонаси орқали мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оила аъзоларига Хивани томоша қилиш имкони яратиляпти.
Ҳа, Хива сайёҳлар диққат марказида. Яратилаётган қулайликлар улар сафининг янада ошишига хизмат қилиши аниқ.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар