Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди

885

2021 йил 28 июлда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси учун кучга кирди, деб хабар бердиТИВ.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрдаги 61/106-сонли Резолюция билан қабул қилинган ва 2008 йил 3 май куни кучга кирган.

Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 2009 йил 27 февраль куни имзоланган ва 2021 йил 7 июнда ЎРҚ-695-сонли Қонун билан ратификация қилинган эди.

Ушбу халқаро шартномада бугунги кунда 184 та давлат иштирок этади.

Конвенция 50 моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Конвенцияда қоидаларига риоя этилиши ва иштирок этувчи давлатларнинг мажбуриятларининг бажарилишини мувофиқлаштириш ва бунинг мониторингини амалга ошириш мақсадида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ташкил этилган.

Ўзбекистонда 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ф-5006-сон Фармойиши билан Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5270-сонли Фармони, шунингдек, 2020 йил Ўзбекистон Республикасининг «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги ЎРҚ-641-сонли Қонуни қабул қилинган.

Конвенцияда иштирок этиш миллий қонунчиликни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.