Чирой очаётган «Сангардак»

1638

Бундан бир йил аввал Денов ва Сариосиё туманлари чегарасидаги «Наврўздара» ҳудудида «Сангардак» сиҳатгоҳи қурилиши бош­ланган эди. Қисқа вақт ичида Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси маблағи эвазига «Касаба таъмир шўъба» корхонаси бунёдкорлари томонидан 50 ўринли янги замонавий бино қуриб битказилди.

– Тоғ қиёфасига янада чирой бахш этган сиҳатгоҳнинг 3 қаватли муҳташам биноси 29 хонадан иборат бўлиб, ҳар бир хонада барча шароит муҳайё, – дейди Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Абдукарим Аҳмедов. – Айни пайтда «Сангардак» сиҳатгоҳида қурилиш ишлари давом этмоқда. Қурувчилар 8 қаватли 200 ўринли сиҳатгоҳнинг бош биноси қурилишини аллақачон бошлаб юборишган. Айни вақтда бинонинг 1-қавати пойдевори ва темир-бетон ишлари тугалланиб, чиқиш зинапоялари қўйиляпти. Мазкур бинонинг орқа томонида 200 ўринли ошхона, даволаш биноси ҳамда усти ёпиқ бассейнлар ҳам бунёд этилмоқда. Уларнинг темир-бетон ишлари тугалланмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қад ростлаган «Сангардак» сиҳатгоҳи биз сурхондарёликлар учун Мустақиллигимизнинг 30 йиллик ­тўйига муносиб совға бўлди, – дейди сариосиёлик педагог Аҳмаджон Бобоев. – Насиб этса, «Нав­рўз» умумхалқ байрамида сиҳатгоҳнинг қолган қисми ҳам тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»