«Тарбия» муаллимга муҳтож(ми?)

1021

Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Миллий тикланиш» партия­­си фракцияси ташаббуси билан таълим тизимида «Тарбия» дарслигини жорий этиш ва ушбу фан бўйича малакали, етук мутахассислар тайёрлаш масаласи кўтарилган эди. Ташаббус маъқуллангач, тез орада дарслик яратилди ва янги фан умумтаълим мактабларида ўқитила бош­ланди…

Бу яхши, албатта. Аммо кўпчиликни қийнаётган бошқа бир савол бор: ўзи «Тарбия» дарсини мактабларда кимлар ўтяпти? Мутахассисларми ёки «малака» оширган ўқитувчилар?
Албатта, «малака» оширган ўқитувчилар. Сабаби янги фан бўйича ихтисослашган педагоглар ҳали тайёрланмаган.
Соҳага масъул шахсларнинг ваъдаси ва режасига кўра, 2021 йилдан бошлаб олий таълимда «Тарбия» фани бўйича мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган эди.
Амалда-чи, нима бўлди? Ҳеч нарса! Чунки бу йил қабул бўлмади. Демак, мутахассислар тайёрлаш камида бир йилга кечикди…
Назаримизда, Халқ таълими ҳамда Олий таълим вазирликлари мутасаддилари бу масалага «етти ўлчаб…» тамойили асосида ёндашган кўринади…
Айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда соҳа мутасаддилари «тизимда ундоқ бўляпти, соҳада бундоқ бўлди…», деявермасдан жамият учун «Ё ҳаёт, ё мамот…» масаласига бир эътиборларини қаратиб қўйсалар…
Зеро, таълим ва тарбия, инчунин, «Тарбия» масаласида йўқотилган вақт жуда қимматга тушиши мумкин.

Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»