Савил кетган новвос нидоси

3603

Қўшработлик Омонбойнинг ҳўкизиман. Бироз чапани, аммо соддагина эгам бор. Ҳўкиз боқиб, сўқим тайёрлашга ишқибоз. Бузоқлигимдан уч йил етаклади. Топган тутганини едирди. Етилганимда, бозорга етаклади. Талашиб тортишишнинг «каттаси» мол бозорида бўлар экан. Даллоллар эгам иккимизни ўртага олди…

– Ҳали тайёр бўлмабди-ку, боқолмабсиз-да, – деди бошига танкчилар қалпоғини кийиб олган илк харидор белимга шапатилаб. Сўнгра думимни чунонам бурадики, бўкириб юборай дедим. – Қўлни беринг, бу бузоқчанинг баҳоси 5 миллион сўм. Биламан, дидингиз баландроқ. Аммо биз ҳам еталаймиз. Машинага ортамиз, харажат қиламиз.
Аввал думимни, сўнгра дилимни оғритган найновни «зўр пул бўлди, беринг», дея чувлашиб атроф­даги даллоллар қўллаб-қувватлашди. Ҳақорату пастга уришларга эгам ҳурмати тишимни тишимга қўйиб чидадим. Бозордаги икки уч-соатлик тортишувлар, қўл силташлардан шалвираб қолган эгам бечоранинг тарвузи қўлтиғидан тушди.
Томоғидан қисиб, менга едирган, туну кун ухламай қилган меҳнатларининг баҳоси шу бўлдими? Бу ҳақсизликни кўргандан бўғзимга пичоқ қадалгани минг маротаба афзал эди. «Отанг бозор, онанг бозор» деганларидек, бозордаги нарх дўкондаги гўшт нархининг тенг ярми бўлар экан. Хуллас, уйга қайтадиган бўлдик. Эгамнинг юзига қарашга, қани энди, бет бўлса…
Кейин уйга маҳалланинг қассоби келди.
– Килосини 55 минг сўмдан сўйиб оламан, – деди қассоб аъзойи баданимни эзғилаб. – Териси, ёғи, жигарини ташлаб берасиз. Пулини ўн кундан сўнг оласиз…
– Бозорда бир кило гўштни 65 минг сўмдан оляпмиз, – деди эгам сал қизишиб, – сал келиштиринг. Пул керак…
Савдо яна келишмади.
Бир неча кундан сўнг эгам аёлига дардини ёраётгани қулоғимга чалиниб қолди. «Биронта қассоб 55 минг сўмдан оширмади, эртага Иштихонга бораман. Балки инсофли қассоб топилиб қолар».
Эгам кетди. Қани энди нархи фалон пул бўлган қум аралаш кунжара томоғимдан ўтса. Боғи 20 минг сўм бўлган сомонни-ку шу хонадон ҳурмати учун кавшаётгандим. У ҳам бўғзимга тиқилди…
Кечки пайт эгамнинг «оғзи қулоғида» уйга кириб келди.
– Дунёда инсофли одамлар ҳам бор, – деди бекамга мамнун. – Иштихон бозорининг шундоқ биқинида жойлашган дўкон соҳиби бўлган қассоб килосига 60 минг сўмдан пул бераман деяпти. Пулини бир ҳафтада тўғрилаб берармиш. Ўзи машина жўнатиб, кушхонага олиб кетар экан…
Хушхабардан ўйноқлаб юбордим. Бир бўкирай дедим-у, семирганимдан овозим ҳам хириллаб қолган-да… Хайрият. Эгамнинг мушкули осон бўладиган бўлди.
Ихчамгина юк машинасида кушхонага кетдик. Бўғзимга қадалган тиғдан руҳим кўкка учди…
Энди «арши аъло»да ҳаловат кўраман, деб хато ўйлаган эканман. Ҳаммаси хомхаёл бўлиб чиқди. Бир ҳафтадан сўнг менга меҳрини берган инсон чеҳрасига бир разм солгим келиб қолди…
Аммо қуёш тафти ва ўйдан юзлари қорайган эгам қассобхона эшиги тагида мунғайиб ўтирган экан. Қассоб эса уни алдамоқда: «Фалонда, писмадон бўлди, ака, икки-уч кун сабр қиласиз энди».
Салкам 100 километрдан келган эгам шалвираб уйи­­га қайтди. Ваъдалашилган кун яна Иштихонга келди. Қассоб йўқ. Шогирди елка қисди. Қассоб қўнғироқни зўрға кўтариб, яқини ўсал бўлиб ётганини айтди, бошида ўтирганмиш…
Яна бир ҳафтадан сўнг… Бу гал қассобнинг писмадони шу тунда инфаркт олиб, мен қатори у дун­ёга кетай-кетай деб турганмиш.
Яна бир ҳафтадан кейин… Бу гал қассобнинг хотини гўшакни кўтариб, эри касал бўлиб, текширтиришга кетганини маълум қилди…
Аммо мен билардимки, буларнинг ҳаммаси ёлғон. Қассоб иймонини сотиб, пулни беришни пайсалга соларди.
Кейин билдимки, руҳи безов­та бўлиб юрган битта мен эмас эканман. Нуробод яйловларида парваришланган юз бошга яқин қўй ҳам бутун аршу аълони бошига кўтаришди: тулкилик қилаётган қассоб дастидан дод деб…
Энди бир гап айтай. Мол бўлсам-да, раҳмим келди: эгам бечорага қийин бўлди. Бу қассоб деганларининг айримлари жуда ҳаддидан ошиб кетибди. Уларни тартибга оладиган тизим борми? Чорвадор етиштирган гўштни қаерга сотади? Уни ким қонуний ҳужжат билан харид қилади?
Бу саволларга жавоб йўқ…
Ўзим кўрдимки, ҳаммаси оғзаки келишув. Лафз ҳисобига ҳал этилмоқда. Беш қўл баробар бўлмаганидек, баъзи каззоб (узр, қассоб)лар бундан фойдаланиб қолиш пайида…
Гарчи насияга сўқимга кетган бўлсам-да, мени парваришлаган, меҳр билан боққан эгам ҳурмати руҳимни безовта қилаётган саволлар бор…
Чорвадор сўқимнинг гўштини топшириб, ўша куни ғазнадан пулини олиб кетадиган кунлар келармикан?
Агар шундай ишончли тизим яратилса, мол боқишга иштиёқ ҳам, рағбат ҳам кучаярмиди. Нарх-наво эпақага келармиди. Менга ўхшаб савил кетган новвосларнинг оҳу ноласи ҳам барҳам топарди…
Сўнгги нолам шуки, мутасаддилар бу ҳақда бош қотиришса, ҳам чорвадорга, ҳам элга яхши бўларди…

Масал фельетонни новвос эгаси билан
мулоқот асосида «Ishonch» мухбири

Нурилла ШАМСИЕВ
тайёрлади.