Янги Ўзбекистон ёшлари учун муҳим маърифатнома

1430

Янги Ўзбекистон номи ила дунё саҳнида балқиётган жонажон Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида улкан қадамлар қўйилмоқда. Бунда қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётган шижоатли ёшларимизнинг ўрни катта аҳамият касб этади.

Башариятнинг кўп асрлик таж­рибаси шуни яққол кўрсатмоқдаки, ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодни айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда. Шу маънода, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда Ўзбекис­тонда ёшларни жисмоний ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масаласи энг муҳим вазифа этиб белгиланган.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев шу йил Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида кўплаб долзарб масалалар, жумладан, ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси, мухтасар айтганда, тарбияси ҳақида атрофлича тўхталди. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бу ўринда сўз, авваламбор, ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривож­лантириш доимий эътибор марказида бўлиши зарурлиги ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабекнинг «Ёшларга дил сўзларим» номли рисоласини мутолаа қилиш асносида шу фикрлар хаёлимдан кечди.
Ушбу китоб яқинда «Адабиёт» нашриётида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» фонди ҳомийлигида чоп этилди. Муаллиф шахс ва ижод, субут ва виждон, қалб ва иймон-эътиқод тамойиллари билан боғлиқ фикрларини содда ва равон услубда баён этар экан, ёш ижодкорларга ўгитлар ва самимий тавсиялар бергани диққатни тортади.
Даставвал, муаллиф ҳақида мухтасар маълумот: шоир ва таржимон, журналист ва публицист, исломий асарлар мусаннифи Мирзо Кенжабек 1956 йилда Сурхондарё вилояти, Узун туманининг Меҳнат қишлоғида туғилган. Ўрта мактаб таҳсилидан сўнг 1974-1979 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида, 1999-2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида таълим олган.
Мирзо ака «Ёш гвардия» нашриёти, «Муштум» журнали, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, Абдулла Қаҳҳор уй-музейи, Президент девони идораларида хизмат қилган. Айни вақтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ислом меросини сақлаш бўлими бош­лиғи бўлиб ишламоқда.
У 1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси ҳисобланади. «Мактубларим» (1982), «Қуёшга қараган уй» (1983), «Муножот» (1986), «Шарқ тили» (1988), «Баҳорим еллари» (1999), «Хушхабар» (2018) номли шеърий тўпламлар муаллифидир.
Мирзо Кенжабек бир қанча тарихий-маърифий, тасаввуфий ва тазкира китоблар ҳам ёзган. Хусусан, «Термиз тазкираси» (2001), «Муршиди комил ҳикматлари» (2004), «Буюк термизийлар» (2017), «Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда» (2017), «Бобур Мирзо асарларида арабий матнлар» (2018) асарлари шулар жумласидандир.
Мирзо ака моҳир таржимон сифатида жаҳон адабиёти дурдоналари – Александр Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи ва Жеймс Олдрижнинг «Ғаройиб мўғул оти» қиссасини рус тилидан, Фаридуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» асари ва Зай­ниддин Восифийнинг «Тошкент таърифида маснавий» достонини форс тилидан, Юнус Эмронинг «Ўлмас кўнгул» шеърий китобини усмоний турк тилидан, Махтумқулининг «Сайланма» ва «Ошиқлар Ҳақ ишқинда» шеърий китобларини туркман тилидан таржима қилган. Шунингдек, у Сирожиддин Усмон Ўшийнинг «Омолий» манзумасини ва кўплаб илмий-маърифий ва ҳадис китоб­ларини араб тилидан ўзбекчага ўгирган.
Мирзо аканинг адабий-ирфоний йўналишда битилган китоблари ҳам кўп­лаб мухлисларига эга. Биз сўз юритишга жазм этган «Ёшларга дил сўзларим» асари худди шу туркумга мансубдир.
Ушбу китобни мутолаа қилиш асносида миллий адабиётимизнинг атоқли намояндалари Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёшлар билан суҳбат», Асқад Мухторнинг «Ёш дўстларимга», шунингдек, профессор Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг «Толибнома» номли рисолалари эсимга тушди. Энг муҳими, Мирзо Кенжабекнинг «Ёшларга дил сўзларим» асари «Бугун Янги Ўзбекистон ёшлари севиб ўқийдиган, уларни таъсирлантирадиган, улуғ мақсадлар сари ­бошлайдиган асарлар керак!» деган давримиз чақириғига жавобан битилгани таҳсинга сазовор.
Китобдан Муқаддима ва Хотима қисмидан ташқари 141 та фасл жой олган. Бу фаслларнинг мавзу кўламлари жуда кенг ва ниҳоятда ранг-баранг.
Фаслларнинг бир қисмида инсоний фазилату иллатлар, хусусан, ҳаётий интизом ва тартиб-қоидалар, номус ва иффат, иғвогарлик ва туҳматчиликнинг ёмонлиги, ҳасад-хусумат, гуруҳбозлик ва маҳаллийчиликдан узоқ бўлиш, шон-шуҳрат ва тамага берилмаслик ҳақида сўз боради.
Бошқа бир туркум фаслларда эса Ватан тарихини ўрганиш, инсоният тарихини билиш, дунё сиёсатидан хабардор бўлиш, мумтоз адабиёт ва жаҳон адабиётини кўп ўқиш ҳамда англаш зарурати хусусида фикр юритиладики, буларнинг барчаси фарзандларимиз юксак маънавиятли инсонлар бўлиб камол топишлари йўлидаги ҳар биримизнинг орзу-истакларимиз билан бевосита ­ҳамоҳангдир.
Китобда адабиёт, муҳитнинг ижодга таъсири, ижод аҳлининг ахлоқий мезонлари тўғрисида кенг мушоҳадаларга ўрин берилган. Муаллифнинг фикрича, «адабиёт – миллат руҳий ҳаётининг бир қисми, халқнинг маънавий ҳаётини акс эттирувчи, айни вақтда, халқнинг руҳий-маънавий ҳаётига таъсир ўтказувчи сўз санъатидир. Адабиётнинг моҳияти адабдан иборатдир».
Муаллиф ҳар бир ижодкорнинг ўз ахлоқий мезонлари ва қатъий ижодий интизоми бўлиши зарур, деб ҳисоб­лайди. Кўп ўқиш керак, ўқиганда ҳам танлаб ўқишни билиш керак. Бошқа бир муҳим тамойил: ижодкор сўз бойлигига жуда диққат қилиши лозим. Бинобарин, адабиёт – сўзга жон бағишламоқдир.
Китобнинг муҳим хусусиятларидан яна бири шуки, муаллиф ёшларимизга бирон-бир амалий таклиф ё тавсия берар экан, айни йўналишда намуна бўлишга муносиб муайян буюк ижодкор фаолиятига эътибор қаратади. Масалан, бой сўз хазинасига эга бўлиш борасида – Алишер Навоий, ижодкорнинг ахлоқий мезонлари бобида – Заҳириддин Муҳаммад Бобур, муҳитнинг ижодга таъсири соҳасида – Александр Пушкин, ҳаётий тартиб-қоидаларни белгилаб олишда – Лев Толстой, номус мавзусини тараннум этишда – Габриэль Гарсиа Маркес, ҳасад-хусуматдан пок бўлишда – Абдулла Орипов ижоди ибрат сифатида кўрсатилади.
Таржима санъати соҳаси талқинида ҳам худди шундай ёндашувни кузатиш мумкин. Китобда ёшларга миллий адабиётимизнинг уч нафар ёрқин намояндаси – Муҳаммад Ризо Огаҳий, Усмон Носир ва Эркин Воҳидов таржима мактаблари ҳақида муҳим маълумотлар берилган.
Муаллиф таъкидлаганидек, таржима – ҳар бир мутаржим учун мус­тақил ижод туридир. Ҳадисшунослик илмида бир қоида бор: жаҳон олимлари томонидан ҳадиснинг маъносини сақлаш муҳимлиги қабул қилинган. Яъни олимлар «Сўзни сақлаш муҳимми ёки маъноними?», деган саволга жавобан «Баёнда маънони сақлаш муҳим», деган тўхтамга келганлар. Ана шу қоида адабий таржимага ҳам тегишлидир.
Тасаввуф адабиётини, Нақшбандия таълимотини ўрганиш зарур, деб таъкидлайди Мирзо Кенжабек. Сўнгра ана шу хос адабиётнинг гўзал манбалари хусусида сўз юритади. Мажоз ва ҳақиқат, ишқи ҳақиқий, мажоз адабиётининг ҳикматлари, шунингдек, ижодда нур бўлмоғи лозимлиги, ижодкор яхши ният қилиши кераклиги, хусусан, ўлимни орзу қилмаслиги, ижод – тақлид эмас, поклик маҳсули экани каби хилма-хил мавзуларни теран мушоҳада қилади.
Китобнинг жаҳон адабиётида исломий маърифат баҳраларига оид фаслларида Йоҳан Вольфганг Гёте, Александр Пушкин, Лев Толстой, Иван Бунин асарларининг маърифат ва одоб йўғрилган беназир намуналари шавқу завқ билан талқин этилган. Шу аснода муаллиф китобхонни – навқирон ижодкор дўстларимизни маънавий-эътиқодий тамойилларга ҳурмат сақлаш зарурлигидан огоҳ этади.
Китобнинг миллий адабиётимиздаги анъанавий арбаъийн («Қирқ ҳадис ­назми») туркумларига бағишланган фасллари ҳам ўқувчини асло бефарқ қолдирмайди. Муаллиф қайд этганидек, «адабиётимизда «Арбаъийн» туркумлари билан бирга, гўзал ислом фиқҳини шеърга солиш анъаналари ҳам мавжуд. Ҳазрат Навоийнинг «Арбаъийн», «Сирож ул-муслимийн», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубайян», ҳазрати Сўфи Аллоҳёрнинг «Маслак ул-муттақийн» ва «Сабот ул-ожизийн», Хатмий Тошкандийнинг «Назму ул-Мухтасар» каби асарлари бунинг далилидир».
Мирзо Кенжабекнинг тахминига кўра, «Арбаъийн» ёзиш анъанаси ҳазрат Абдураҳмон Жомийдан бошланган. Жомий форсий тилда назм қилган қирқ ҳадисни ҳазрат Алишер Навоий туркий назмга солиб, янги «Арбаъийн» тузганлар.
Чиндан ҳам, авваламбор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Имом Яҳё бин шараф ан-Нававий каби Шарқ мумтоз шеърияти намояндалари, ­кейинчалик Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Шукур Қурбон, Ғайрат Мажид, ёш шоир Мансур Жумаев қирқта ҳадис асосида яратилган «Арбаин ҳадис» йўналишидаги асарларига мурожаат қилганлари бежиз эмас.
Чунки бу йўналишдаги назмий ­мажмуалар пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг «Кимки умматларимга дин хусусидаги қирқ ҳадисни етказса, Танг­­ри таоло уни қиёмат куни фиқҳ (ҳуқуқ) билимдонлари, олимлар тўдасига қўшади», деган ҳадиси асосида ёзилгандир.
Атоқли шоир Абдулла Орипов ўзининг «Ҳикмат садолари» туркумида қирқта эмас, балки элликта ҳадисга шеърий шарҳлар битгани эътирофга лойиқдир. «Арбаин» туркумидаги бошқа асарларда аввал ҳадиснинг арабчаси, сўнг форсча ёки туркий таржимаси келтирилиб, шундан кейин назмий ё ­насрий шарҳ берилса, Абдулла Орипов асарида ҳадиснинг асл шакли келтирилмай, бевосита шеърнинг ўзи берилаверади. Бу ҳам шоирнинг илоҳий илҳом билан мазкур туркумни яратганидан далолат.
«Ёшларга дил сўзларим» рисоласи муаллифининг хотира ёзиш одоби ҳақидаги ўгитлари ҳам ниҳоятда муҳим. Шарқ адабиётидаги хотиранавислик нобоп мавзуларни кўтармаслигини таъкидлар экан: «Инсонга ёмонликни эслатадиган, нопок ишлардан ор қилмасликни ўргатадиган, беномусликни тарғиб қиладиган, фаҳш ва бузуқликка ундайдиган хотиралар бизнинг адабиётимизга хос эмас», деб уқтиради Мирзо Кенжабек.
Китобда навқирон йигитлар ва бўйи етган қизлар мутолааси учун мўлжалланган алоҳида фасллар ҳам мавжуд. Хусусан, «Никоҳ ва талоқнинг ҳазили ҳам, чини ҳам ҳақиқатдир», «Ошиқлик бўй-баст танламайди», «Ичкилик балосининг адабиётга етказган талафотлари» деган фаслларни асосан йигитлар ўқиши кўзда тутилган бўлса, «Дунёнинг шарафли аёллари», «Янги давр ўзбек шоиралари», «Ҳаё пардаси» сингари фаслларни муаллиф «ёш қалам аҳллари бўлган она қизларимга бағишланади», деб қайд этади.
Албатта, китоб танқидий-таҳлилий руҳда ёзилганига ҳам эътибор қаратмаслик мумкин эмас. Муаллифнинг аксарият танқидий фикрларини эътироф этган ҳолда, назаримизда, бирёқлама ёндашувдек туюлган айрим мулоҳазаларига қўшилмаслигимизни ҳам очиқ қайд этишга бурч­лимиз. Айнан қайси мулоҳазалар ҳақида сўз бормоқда? Бу ўринда, Мирзо аканинг ўз таъбири билан айтганда, «буни гапириш бизнинг ҳаддимиз эмас».
Шундай қилиб, Мирзо Кенжабек рисоласининг «Дил сўзларимни айтишга сабаб нима?» деган фаслида «Бу сўзлар жаҳон адабиётини кузатган бир камтарин дўстингизнинг Шахс ва Ижод, субут ва виждон, қалб ва иймон-эътиқод тамойиллари билан боғлиқ дил сўзларидир», деб таъкидлагани бежиз эмас.
Китобда ёшларга бой ҳаётий ва ижодий тажриба ҳосиласи бўлган кўплаб қимматли тавсиялар берилган. Бу тавсиялар оддий, содда, лекин зарурий сўзлар билан таъсирчан тарзда баён этилгани алоҳида таҳсинга муносибдир.
Шу маънода, муаллифни янги ва гўзал асари билан табриклаймиз. Рисолани нафақат ёш қаламкашлар ва ижод мактаблари талабалари, айни чоғда, барча умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўқишлари учун тавсия этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Акмал САИДОВ,
академик