Мактаб ярмаркаси: Қулайликдан ҳамма мамнун

800

Янги ўқув йили эшик қоқиб турибди. Болажонларни зарур ўқув қуроллар, кийим-кечак билан
таъминлаш ота-оналар учун муҳим аҳамиятга эга.

«Ёшлар ижод саройи»да халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб ярмаркалари фаолиятига бағиш­ланган анжуманда бу йил мазкур тадбирларда ўқувчилар учун сифатли ва арзон нархда ўқув қуроллари, кийим-кечак харид қилишда ота-­оналарга яратилаётган қулайликлар ҳақида сўз борди.

Таъкидланганидек, ҳозирда мамлакатимиз миқёсида 1325 та мактаб ярмаркаси ташкил қилинган бўлиб, улар 10 августдан 10 сентябргача харидорларга хизмат кўрсатади. Ярмаркада умумтаълим мактаблари ўқувчиларига асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар сотиб олиш мумкин. Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумтаълим мактабларида, 293 таси аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида, қолгани эса йирик савдо комплекслари ҳамда дўконларда жойлашган.
– Уч нафар фарзандим мактабда ўқийди, – дейди чинозлик Анора Мардашева. – Улар учун барча зарур ўқув қуроллари ва кийим-­кечакларни мактаб ярмаркасидан харид қилдик. Олган буюмларимизнинг сифати ҳам, нархи ҳам бизга маъқул. Энг муҳими, бозор айланиб маҳсулот излаб юрмадик. Ҳаммаси шу ерда муҳайё экан.
Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.
Мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарур ўқув қуроллари ва жиҳозларини топиш имкони мавжуд.
Эътиборлиси шундаки, мактаб бозорларида таклиф этилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, сифати, дизайни, нархи харидорларга маъқул келмоқда.
– Жамият ривожланишининг туб илдизи болаларимиз таълим-тарбия­сига бориб тақалади. Шу боис, таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. – Фарзандларимизнинг сифатли таълим олиши учун давлат томонидан катта сармоя ажратилгани ҳам бунинг исботидир.
Тадбирда халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда замонавий талабларга жавоб берувчи дарслик ва ишланмалар, электрон дарсликлар намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар