Азиз Абдуҳакимов Япониянинг Нагоя шаҳри мери билан учрашди

786

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов 27 июль куни Токио шаҳрида Япониянинг Нагоя шаҳри мерини қабул қилди.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистоннинг ушбу шаҳар билан ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда, бунда 2019 йилда Тошкент — Нагоя шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган шериклик алоқаларининг аҳамияти катта.

Такаси Кавамура Ўзбекистон Президентининг Нагояга ташрифи шаҳар тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса бўлганлиги ва бу ташриф икки халқ ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берганини фахр билан таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Нагоя шаҳридаги И «Тошкент куни» форуми иштирокчиларига онлайн мурожаат қилиб, уларга табрик йўллаган ҳамда мазкур расмий ташрифи сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалар ҳамда туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим замин яратганини таъкидлаган эди. Очилиш маросимида Нагоя шаҳри мери жаноб Такаси Кавамура қатнашган.

«Ўзбекистон қадим замонлардан буён жаҳон цивилизацияларининг чорраҳаси ва Буюк Ипак йўлининг маркази саналган. Япония халқи эса Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро ва Хоразм каби тарихий марказларини жуда севади. Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган чекловлар туфайли жорий йил япон сайёҳлари Ўзбекистонга ташриф буюра олмади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Uzbekistan Safe travel GUARANTEED» санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими жорий этилганлиги боис бугунги кунда япон сайёҳлари учун Ўзбекистонга саёҳат хавфсиз ҳисобланади».

Учрашув давомида томонлар иқтисодиёт, маданият, туризм ва таълим соҳаларида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати ва келгусидаги истиқболларини муҳокама қилишди. Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик, туристик салоҳиятни биргаликда тарғиб қилиш, мутахассислар алмашинуви, авиақатновлар ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунига кўра, Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ҳайвонот боғлари фаолиятини ривожлантириш, ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, жумладан Тошкентда Япония ижодий ва спорт жамоалари иштирокида «Нагоя кунлари»ни ташкил қилиш, шунингдек маҳаллий органлар, институтлар ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга доир келишувга эришилди.