Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди

784

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Маълумки, 2021 йил 12 мартда Ички ишлар вазирининг 2020 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Қарори қабул қилинган эди.

Мазкур Қарордаги барча топшириқлар муддатида бажарилиши таъминланган ва бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан ахборот киритилди.

Таъкидланганидек, 2021 йил 6 ойи мобайнида республикада жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида Ички ишлар вазирлиги томонидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда бир қатор самарали ишлар амалга оширилган.

Хусусан, 2021 йил 6 ойда содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1 833 нафар шахс ушланган. Бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан мазкур даврда 15 434 та жиноят аниқланган.

Қайд этиш лозимки, ички ишлар органлари ходимлари ташаббуси билан аниқланган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 71,4 фоизга яхшиланган.

Шу билан бирга, муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Бироқ ўтказилган ўрганишлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаганлиги ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, 2021 йил 6 ойида республика миқёсида содир этилган умумий жиноятлар сони 45 630 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 132 тадан тўғри келган. Ўтган йилга нисбатан 111,9 фоизга ортган.

Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрига 383,3 тадан, Фарғона вилоятига 223,4 тадан, Тошкент вилоятига 168,4 тадан, Сирдарё вилоятига 151,4 тадан тўғри келиб, республика миқёсида салбий кўрсаткич қайд этилган.

Олди олиниши мумкин бўлган 217 та қотиллик, 4 137 та тан жароҳати етказиш, 135 та босқинчилик, 1 100 та безорилик, 7 618 та ўғрилик, 9 439 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, 6 мингга яқин (5 837 нафар), айниқса, Андижон (1130), Тошкент (709), Фарғона (602) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (595) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилиб, жойларда аҳолининг бандлигини таъминлаш ишлари самарасиз ташкил этилганлигидан далолат беради.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 6 ойида оилавий муносабатлар доирасида содир этилган жиноятларнинг 77 таси қотиллик, 798 таси тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлардир.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 9 575 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 70 фоизи Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 236 нафар хотин-қиз томонидан 1 163 та жиноят содир этилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2021 йилнинг 6 ойида содир этилган жами жиноятларнинг 7 849 таси айнан ёшлар томонидан содир этилган. Жиноятга қўл урган ёшларнинг 3180 нафарининг бандлиги таъминланмаган, таълим билан қамраб олинмаган ёшлар ташкил этган.

Бундан ташқари, республика ҳудудида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари ҳам тўғри ташкил этилмаган. Мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини ҳам такомиллаштириш тақозо этилади. Мазкур қоидалардаги баъзи бандларнинг ўрни алмаштириб юборилгани оқибатида тегишли бандлардаги ҳаволалар мутлақо бошқа бандларга тааллуқли бўлиб қолмоқда. Йўл ҳаракати қоидалари 2015 йилда тасдиқланган бўлса-да, ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон олиш Давлат тест марказининг 2011 йил 29 июлдаги қарорига асосан ишлаб чиқилган ва Ички ишлар вазирининг 2011 йил 23 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган тартибга мувофиқ қабул қилинмоқда. Тест саволлари имтиҳон билетларидаги йўл ҳаракати қоидаларига зид ёки маънавий, техник эскирган.

Ҳайдовчилар ва ҳайдовчиликка номзодлардан амалий имтиҳон олиш учун яратилган шароитлар ҳам талабга жавоб бермайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 990-сонли қарорида белгиланган Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда замонавий ўқув автодромларини қуриш вазифаси шу кунга қадар биронта ҳудудда бажарилмаган. Бунинг натижасида эса сифатсиз таълим олган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли Республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган. Натижада 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, ушбу ЙТХҲларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.

Ушбу рақамларни 2020 йилнинг олти ойи билан солиштирадиган бўлсак, жами йўл-транспорт ходисалар сони 57,2 фоизга, улардан ҳалок бўлганлар 30,5 фоизга, жароҳатланганлар эса 38,1 фоизга ортиб кетган.

Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 40,8 фоиз, жароҳатланганлар 44,9 фоиз, ҳалок бўлганлар эса 33,3 фоизга ортиб кетган.

Бундан ташқари, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳам талаб даражасида эмас. Айрим ходимларнинг эса билим савияси ва ҳуқуқий маданияти бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Оқибатда, фуқароларнинг жиддий эътирозлари кун сайин ортиб бормоқда.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Мазкур масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.